Click to listen highlighted text!

МУҲИМ ТАВСИЯЛАР БЕРИЛДИ

     Яқинда  “Sirdaryo IES”  акциядорлик жамиятида  Меҳнат кодекси ва  “Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги, “Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонунларнинг аҳамияти ва афзаллиги мавзусида ўқув семинари ўтказилди.

   Семинар жойи бежизга танланмади, сабаби, акциядорлик жамияти вилоятдаги энг йирик ташкилотлардан бўлиб, уюшма қарийб икки ярим минг нафар аъзоларни жамлаган.

      Мазкур тадбирда  вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси Меҳнатни муҳофаза қилиш бўлими мудири Бозорбой Исматов ҳамда бирлашма юридик бўлими мудири Шириной Умаралиевалар иштирок этишди. Семинар ишини  “Sirdaryo IES”  акциядорлик жамияти касаба уюшма қўмитаси раиси Саид Ярбеков очиб берди ва олиб борди.

      – Меҳнат муҳофазаси инсон тақдири, унинг келажаги билан боғлиқ ўта нозик, аҳамиятли жараён ҳисобланади,- деди Б.Исматов ўз маърузасида.- Ушбу жараёнда меҳнатни тўғри ташкил этиш, унинг  хавфсизлигини таъминлаш масаласида  касаба уюшмаси давлат органлари ва ҳуқуқ тарғибот идоралари билан ҳамкорликда иш берувчиларга услубий қўлланмалар етказиб бериб, уни амалга оширишда хатоларга йўл қўймаслик борасида тавсиялар бериб келмоқда. Бу албатта ижобий натижалар  беради.

    Маърузачи  қонунда иш ўринларини меҳнат шароитлари бўйича аттестациядан ўтказиш, меҳнатнинг муҳофаза қилинишини бошқариш тизими аудити, ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодисалар ва касб касаллигига чалинишни текшириш ҳамда ҳисобга олиш масалаларига оид янги тушунчалар киритилганлигини алоҳида таъкидлади  ва бу борада тўлиқ тушунчалар берди.

    Ўқув-семинар якунида ҳар бир иштирокчи ҳаётнинг муҳим қисми бўлмиш меҳнат жараёнини тўғри ва қонуний ташкил этиш, ишловчилар учун адолатли, хавфсиз ҳамда кафолатланган иш ўринларини яратиш бўйича керакли тавсиялар билан ўз билимларини бойитишди.

 

Озода МАМАДАЛИЕВА,“Ishonch” мухбири

Print Friendly, PDF & Email
Click to listen highlighted text!