Click to listen highlighted text!

САОДАТ СОҲИЛИ САРИ ЙЎЛ

     Дилфуза  кўп фарзандли, катта оилада  ўсди. Оиланинг ўзига хос томони бу уйда бувижонларининг мавқеи жуда баланд эди.

    Бувижон – Марям Маматқулова  Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси Бойқул Маматқуловнинг беваси бўлиб, уч фарзанд билан  20 ёшида ёрини урушга жўнатиб, умрининг охиригача уни пинҳон кутган, умрини фарзандлар, набиралар  ва ҳатто чеваралар тарбиясига бағишлаган  садоқатга тимсол бўла олган  ўктам, меҳнаткаш аёл эди. Нафақат оиласидагилар, балки бутун қишлоқдошлари у кишини қаттиқ ҳурмат қилишар, насиҳатларига , маслаҳатларига қулоқ тутишар эди.

   Бувижоннинг ҳаётдаги шиори: меҳнат, сабр ва тоқат ила яшаш, янгиликка интилиш эди.  Дилфуза ақлини танибдики, чевар сифатида элга танилган бувижони уларга энг сўнгги урфдаги кийимларни тикиб берарди, дарсларини назорат қиларди, яхши ўқишга, олий маълумотли бўлишга ундарди.  Тўққиз  нафар набиранинг тарбияси тўлиқ бувижоннинг зиммасида эди. Болаларнинг ота-онаси ҳам бувижондан чўчиб туришар, оилада онахоннинг гапи-гап , сўзи- сўз эди.

  Мактабни олий баҳоларга тугатган Дилфуза 1984 йили Тошкент фармацефтика институтининг фармацевт –провизаторлик факультетига ўқишга кирди. 1989 йили олийгоҳни муаффақиятли тугаллаб, туғилган маскани Сирдарё шаҳрига қайтиб, шаҳардаги  4-сонли  Марказий дорихонада Провизор-технолог бўлиб иш бошлади.

     -Устозларим- Елена Стафорова ва Марина Чечулиналардан касбга доир жуда кўп  ўгитлар олдим, унинг нозик  сир синоатларини ўргандим, -дейди Дилфуза Қаҳҳарова.- Худди шифокор сингари доришуноснинг ҳам янглишишга ҳаққи  йўқ, -дейишарди  устозларим. Ҳар бир дорининг давоси, акс таъсири хакида  келган харидорга тўлиқ маълумот беришинг керак. Беэътиборлик, шошма-шошарлик  инсон ҳаёти учун қимматга тушиши мумкин.  Янги ишлаб чикарилаётган дориларнинг хусусиятларини  тинмай ўрганиб боришинг керак.

    Уларнинг иш тажрибаларини пухта ўрганган шогирд кам бўлмади. Қатор йиллар мустақил  хусусий дорихоналарни бошқариб, аҳоли орасида билимдонлиги , ширинсуханлиги билан обрў топди.

   Фармацевтика соҳаси ҳам юртимизда мустақиллик даврида ривожлана бошлади. Унгача республикамизда биттагина дори ишлаб чиқарувчи корхона мавжуд бўлган. 2006 йили Сирдарё шаҳрида  масъулияти чекланган «Река-Мед- Фарм» (Ўзбекистон- Россия –Буюк Британия ) қўшма  корхонаси иш бошлади. Албатта унга Дилфуза сингари тажрибали мутахассислар жалб қилинди.  Эндиликда бу ерда 27 хил номдаги дори-дармон ишлаб чиқаришдан сотишгача бўлган жараёнда  200 нафарга яқин ишчи ва ходимлар хизмат қилишмоқда.

  – Ишлаб чикарилаётган дориларимизга талаб кенгайиб бормокда,-дейди етакчи мутахассис, сифат назорати бўлими  бошлиғи  Дилфуза Қаҳҳарова.- Дориларимиз республикамиздан ташқари қўшни Қозоғистон республикасига ҳам етказиб берилмоқда. Таннархи бирмунча арзон ва сифатли дори -дармонга бошқа давлатларда ҳам қизиқиш кучайиб бораяпти. Ниятимиз ушбу дори-дармон маҳсулотларига халқимиз эҳтиёжини тўлиқ қондириш, харидор мамлакатларга экспорт даражасини ошириш.

     Ҳа, корхона ишлаб чиқариш  тармоқлари кенгайиб, иш кўрсаткичи йил сайин ошиб бормоқда, яқинда бу ерда полиэтилен идишларни тайёрлаш цехи ишга туширилади.

     Бувижонидан  меҳнат ва сабр-тоқат билан, интилиб яшашни,   ўзига шиор қилиб олган Дилфуза меҳнатидан бахт топди, жамоада эътибор қозонди. Бунинг натижаси ўлароқ унинг меҳнатлари муносиб баҳоланиб, Мустақиллигимизнинг 25 йиллиги   арафасида   Президентимиз Фармони билан «Шуҳрат» медали билан  мукофотланди.

     Уни  юксак  мукофот билан ёру-дустлари, қариндош- уруғлар, маҳалладошлар  қутлади.

   Айниқса, ўғли,   ҳозирда Тошкент Ирригация институтида 2 курс талабаси бўлган Бобиржоннинг телефон орқали юборган тезкор  табриги уни ҳаяжонга солди.

   «Онажон,  мен сиз билан фахрланаман. Меҳнатларингизнинг роҳатини кўринг, Сизга албатта  муносиб фарзанд бўламан.»

    Дилфузанинг осмон қадар чексиз ва беғубор орзулари бор. Улардан бири набираларининг кўп бўлишини ният қилади.

   Шунда у болажонларга жамиятда эъзоз топган меҳнати, матонатли ҳаёти ҳакқида ҳикоя қилиб берса арзийди…

                            Дилором Исмадиёрова                                                                                   

Print Friendly, PDF & Email
Click to listen highlighted text!