Click to listen highlighted text!

ЗУЛФИЯХОНИМ ҚИЗЛАРИ БЕЛЛАШДИЛАР

    Биринчи Президентимиз раҳнамолигида истиқлол йилларида ёшлар камолоти ва истиқболи йўлида ғамхўрлик кўрсатиш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш масаласига давлат сиёсатининг устувор йўналиши сифатида эътибор қаратилмоқда. Мамлакатимизда бу борада яратилган миллий қонунчилик ёшларнинг баркамол, соғлом, юксак маънавият соҳиблари бўлиб вояга етишида муҳим ҳуқуқий пойдевор бўлиб хизмат қилмоқда.

     Зулфия номидаги Давлат мукофоти иқтидорли қизларни кашф этиш, уларнинг эзгу орзуларига қанот бағишлашда, қобилиятли қизлар сафининг тобора кенгайишида муҳим омил бўлмоқда. Мазкур мукофотга муносиб топилган қизлар спорт, фан олимпиадалари, санъат фестиваллари, халқаро танловларда Ватанимиз шарафини муносиб ҳимоя қилмоқда.

        Гулистон шаҳрида Зулфия номидаги Давлат мукофоти танловининг вилоят босқичи бўлиб ўтди. Унда танловнинг туман ва шаҳар босқичларида ғолиб бўлган 67 нафар қиз иштирок этди.

     Тадбир иштирокчилари олдида сўзга чиққан вилоят ҳокими ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси Дилшода Ҳайдарова  Президентимиз ташаббуси билан таъсис этилган мазкур мукофот юксак истеъдоди, кенг дунёқараши ва бой тафаккури билан тенгдошларига намуна бўлаётган қизларни кашф этиш, ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва иқтидорини рўёбга чиқаришга хизмат қилаётганини таъкидлади.

      Гулистон Давлат университети олим ва ўқитувчилари, вилоятнинг кўзга кўринган шоир ва ёзувчилари, санъаткорлари, маданият ва спорт намояндаларидан ташкил топган малакали ҳакамлар ҳайъати иштирокчиларнинг  адабиёт, фан, таълим, санъат ва маданият йўналишларида ўз маҳоратини синовдан ўтказдилар.

      – Ҳар бир йўналиш бўйича уларнинг ижодий ишлари ва чиқишлари, танловга тақдим этган материалларига баҳо берилди. Шуни эътироф этишим мумкинки, бу йилги танловда иштирок этаётган қизларимиз орасида ҳақиқий истеъдод эгаларини кўрдим. Ўйлайманки, республика босқичига йўлланмани энг иқтидорли, ҳар томонлама баркамол қизларимиз қўлга киритишади, -дейди ҳакамлар ҳайъати аъзоси, Гулистон Давлат университети доценти, филология фанлари номзоди Қобилжон Кубаев.

     – Мен шашка бўйича икки  карра жаҳон чемпиони,  Осиё ўйинлари чемпиони унвонига эгаман, яқинда халқаро тоифадаги спорт устаси  унвонини қўлга киритдим, – дейди  Сайхунободлик коллеж ўқувчиси Шахзода Турсунмуродова. –  Бу ерда  турли туман ва шаҳарлардан ташриф буюрган қизлар орасида ўзимга ўхшаган спортсевар дугоналарим кўп экан, мен уларга ҳам омад тилайман.

     Шахзода айтганидек спортчи қизларимиз орасида, халқаро турнирлар ғолиби Севара Абдусаидова,  бадиий гимнастика бўйича Ўзбекистон чемпиони,  Осиё чемпионати иштирокчиси, яқинда Россия Федерациясининг Феодосия шаҳрида бўлиб ўтган халқаро мусобақаа 4-ўринни қўлга киритиб қайтган Бибихоним Хамзаева ва бошқаларни учратдик ва уларнинг    ютуқлари билан танишдик.

      Адабиёт йўналишида иштирок этаётган қизлар орасида “Ойдин йўл” газетаси газетхонларига яхши таниш бўлган  ёш шоира Иззатой Ўролова, Жаҳон тиллари университетининг Халқаро журналистика факультети 1-босқич талабаси Тўлғоной Исоқоваларни кўриб мамнун бўлдик. Шунингдек,  Санъат йўналишида Гулистон  санъат коллежининг 2-босқич талабаси Камола Абдуллаева чизган суратлари билан бизни маҳлиё этди.

    Уларнинг энг муносибларини аниқлаш ҳакамлар ҳайъатига ҳам осон бўлмайди, албатта. Биз лобар ва дилбар қизларимизнинг барчасига муваффақият ёр бўлишини тилаймиз.

 

Зебо Ҳайдарова

Print Friendly, PDF & Email
Click to listen highlighted text!