ДОЛЗАРБ МАСАЛАЛАР МУҲОКАМА ҚИЛИНДИ
Ўзбекистон Республикасининг биринчи президенти Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг “Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш Концепцияси” очиқ демократик давлат қурилиши, адолатли фуқаролик жамиятини шакллантириш йўлидан оғишмай ҳаракат қилишнинг кафолати бўлиб хизмат қилмоқда.
Концепцияда фуқаролик жамияти институтларини ривожлантириш демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштиришнинг муҳим омили сифатида белгилаб берилган.
Маълумки, касаба уюшмалари меҳнаткашлар ижтимоий-иқтисодий манфаатларини қўллаб-қувватлаш борасида давлатнинг энг яқин ҳамкори ҳисобланади.
Сирдарё вилояти ҳокимлиги, вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси Кенгаши ва Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси вилоят бошқармаси ўртасида ижтимоий-иқтисодий масалаларга оид 2014-2016 йиллар учун имзоланган келишув меҳнат жамоаларида мамнуният билан кутиб олинди.
Чунки, бу ҳужжат ўз навбатида жойлардаги ҳудудий келишувлар ҳамда энг қуйи бўғинда амалда қўлланилаётган жамоа шартномалари мазмун-моҳиятини ўзгартириш, бойитиш ҳамда меҳнаткашларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатлари ҳимоясини кучайтириш имконини берди.
Натижада ижтимоий йўналтирилган Давлат дастурларини ҳаётга татбиқ этиш, жамоа шартномалари орқали кам таъминланган ва кўп болали оилаларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш, корхона, ташкилот ва муассасаларда меҳнат қонунчилигига риоя этилиши устидан жамоат назоратини кучайтириш каби йўналишларда тизимли ишлар йўлга қўйилди.
Бундан ташқари, ёшлар масаласи, жумладан, уларни иш билан таъминлаш, касб-ҳунар коллежларининг амалиёт ўтаётган ўқувчилари учун яратилган иш ўринлари барқарорлигини мониторинг қилиш ҳамда иш берувчиларга тегишли тавсияларни тақдим этиш ва ижросини таъминлаш тизими жорий этилди.
Шунингдек, жамоа шартномаларига хотин-қизлар манфаатларини таъминлаш бўйича алоҳида йўналишлар киритилди. Бу улар манфаатлари ҳимоясини кучайтириш, иш жойларида етарли шарт-шароитлар яратиш, маънавий дунёқарашини бойитиш бўйича олиб борилаётган ишларни янада такомиллаштиришда қўл келмоқда.
Таъкидлаш жоизки, мазкур йўналишлардаги ишларни янада мазмунли ташкил этиш мақсадида кўплаб ташкилотлар билан ҳамкорлик режалари ҳам ишлаб чиқилди.
Хусусан, вилоят Меҳнат бош бошқармаси, Соғлиқни сақлаш бошқармаси, Маданият ва спорт ишлари бошқармаси, Хотин-қизлар қўмитаси, “Камолот” ЁИҲ, Савдо-саноат палатаси, «Нуроний» жамғармаси, Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари Федерацияси бирлашмаси, Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси, Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) билан қўшма тадбирлар имзоланиб, амалга оширилмоқда.
Йил давомида жамоа шартномалари бажарилишини таҳлил этиш жараёнида меҳнаткашлар томонидан билдирилган таклифлар тегишли корхона ва ташкилотларга тақдим этилиб, ушбу таклифлар хусусида бевосита фикр алмашиш мақсадида Сирдарё вилояти Касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмасида “Меҳнат соҳасидаги муҳим аҳамиятга молик масалалар” мавзусида давра-суҳбати ўтказилди.
Жонли мулоқот тарзида ўтказиладиган давра суҳбатида меҳнат соҳасидаги муаммоли масалаларнинг катта қисмини шу жойнинг ўзида ҳал этиш, қолганлари эса тегишли корхона ва ташкилотлар билан ҳамкорликда босқичма-босқич кўриб чиқилди.
Давра суҳбатида ҳамкор ташкилотлар, вилоят ҳокимлигининг тегишли котибият мудирлари, Марказий банк бош бошқармаси, Молия бошқармаси, Адлия бошқармаси, Меҳнат бош бошқармаси, Халқ таълими бошқармаси, Соғлиқни сақлаш бошқармаси, Савдо-саноат палатаси ҳудудий бошқармаси, Прокуратура, Омбудсманнинг минтақавий вакиллиги, хотин-қизлар қўмитаси, “Маҳалла” хайрия жамғармаси, “Камолот” ЁИҲ вилоят кенгаши масъул ходимлари ҳамда касаба уюшмалари фаоллари иштирок этдилар. Вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси Кенгаши раиси Камолиддин Акбутаев бошқариб борган ушбу давра суҳбатида Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш бош бошқармаси, Марказий банк бошқармаси, Молия бошқармаси ва уларнинг жойлардаги вакиллари долзарб мавзуда маърузалар қилдилар. Хусусан, вилоят ҳокимияти бўлим мудири Мурод Муҳаммадиев 2016 йилда кутилаётган вилоятнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиши якунлари ва 2017 йилнинг устувор вазифалари тўғрисида баафсил маълумот берди.
Шу ўринда, сайланган президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Сирдарёнинг саноат салоҳиятини янада кўтариш, жойларда инфраструктуралар яратиш орқали аҳоли бандлигини таъминлаш ва яшаш шароитини яхшилаш борасида берган таклифлари тўлиқ вилоят ҳокимлигининг 2017 йил иш режасидан ўрин олганлигини эътироф этиш жоиз.
Давра суҳбати иштирокчилари шу билан бирга иш билан таъминлаш, иш ҳақи ва меҳнат муҳофазаси масалаларида ижтимоий ҳимояни янада кучайтириш йўллари тўғрисидаги Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш бош бошқармаси вакили Тўлқин Абдураззоқовнинг маърузасини қизиқиш билан тингладилар ва ўзларини қизиқтирган саволларга жавоблар олдилар. “Ижтимоий соҳани ривожлантириш, иш ҳақи ва ижтимоий нафақаларнинг ўз вақтида тўланишини таъминлаш борасида банк тизими олдида турган вазифалар тўғрисида”ги Сирдарё вилояти Марказий банк бош бошқармаси масъул ходими Акбар Агламов ҳамда “Ижтимоий соҳани молиялаштириш масалалари тўғрисида”ги Сирдарё вилояти Молия бошқармаси масъул ходими Шерали Ҳакимов, “Ўзбекистон Республикаси қонунларидаги янгиликлар асосида 2017 йил учун жамоа шартномаларига киритиладиган ўзгартириш ва қўшимчалар ҳақида”ги вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси бўлим мудири Дилмурод Пирмановларнинг маърузалари ҳам иштирокчиларда катта тассуротлар қолдирди ва мунозараларга сабаб бўлди.
Тадбирда туман, шаҳар ва вилоят миқёсида жами 110 дан ортиқ муаммолар кўтарилган бўлиб, шулардан 21 та муаммо айнан такрорланганлиги, 21 та асосий долзарб муаммо кўтарилганлиги маълум бўлди.
Эътироф этиш лозимки, давра суҳбатида кўтарилган жами 21 та муаммоларнинг 17 таси маҳаллий миқёсда ҳал этилиши мумкин, 4 таси эса Республика Вазирлар Маҳкамаси, вазирлик ва идоралар орқали ҳал этиладиган муаммолардан иборат.
Маҳаллий миқёсда ҳал этиладиган долзарб муаммолар ечимини топиш мақсадида вилоят ҳокимлиги ва касаба уюшмалари бирлашмасининг қўшма чора-тадбирлари ишлаб чиқилиши белгилаб олинди.
Тадбирда Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши Меҳнаткашларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатларини ҳимоя қилиш бўлим мудири М.Исаев иштирок этди ва сўзга чиқди.
– Бундай давра суҳбатларининг ташкил этилиши касаба уюшмалари қуйи тизимлари фаоллари учун ҳам жуда муҳимдир, -дейди РШТЁИМ вилоят филиали бошланғич касаба уюшма қўмитаси раиси Бобур Тожибоев. – Биз соҳа мутахассисларидан ўзимизга керакли маълумотларни олдик ва уларни ўз фаолиятимиз давомида қўллаймиз.
Зебо Ҳайдарова