Click to listen highlighted text!

ГУЛИСТОН-ТЕРМИЗ ТЕЛЕМУЛОҚОТИ

     Гулистонда Сирдарё ва  Сурхондарё вилоятларида ўз йигитлик бурчини ўтаётган аскарлар ва уларнинг ота-оналари иштирокида «Менинг ўғлим – Ватан ҳимоячиси» деб номланган видеомулоқот бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги, Сирдарё  ва Сурхондарё вилоятлари ҳокимликлари ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда Гулистон ҳарбий гарнизонига қарашли ҳарбий қисмларда хизмат қилаётган 25 нафар сурхондарёлик аскарлар ва  фарзандлари Сурхондарё вилоятидаги ҳарбий қисмларда йигитлик бурчини ўтаётган  ота-оналар иштирок этдилар.

          Тадбирда сўзга чиққан Сурхондарё ҳамда Сирдарё вилояти хотин-қизлар қўмиталари раислари Мавлуда  Қобулова  ва Дилшода Ҳайдаровалар иштирокчиларни Қуролли Кучларимизнинг 25 йиллиги ва  Ватан ҳимоячилари куни билан чин дилдан қутладилар. Сўзга чиққанлар юрт тинчлигини қўриқлаш – ҳар бир йигитнинг муқаддас бурчи экани ҳақида сўзлар эканлар, Ўзбекистон мустақилликка эришгач, ўтган 25 йил давомида  Ўзбекистон мудофаа қудрати бениҳоя юксалганлигини,  ҳарбий хизматчиларимизнинг хизмат қилишлари ва уларнинг оилалари  учун барча шароит яратилгани таъкидладилар. Видеомулоқот чоғида фарзанди билан телеэкран орқали мулоқот қилган ота-оналар фарзандларининг ҳарбий кийимда, ўктам сўзлашларини кўриб, қалблари фахр ва ифтихорга  тўлди.

       –  Фарзанд она учун ҳамиша гўдак. Ўғлим Рустамжоннинг  ҳарбий либосда, дадил гапиришини кўриб ғурурланиб кетдим, – дейди Ховос туманидаги  Тинчлик маҳалласида истиқомат қилувчи Маҳмуда Дусаева.  – Ўғлим Ховос транспорт касб-ҳунар коллежини тамомлаган, эсон-омон тугатиб қайтса, олийгоҳга киришни, олий маълумотли мутахассис бўлиб, Ватанига хизмат қилишни ният қилган. Ўзим ўқитувчиман. Шеърият ихлосмандиман. Бугун мулоқот чоғида ўғлим учун ёзган шеъримни ўқиб бердим.

          –  Телекўприк орқали фарзандларимиз билан дийдорлашиш имконини яратиб берган ташкилотчиларга барча сирдарёлик аскарлар ота-оналари номидан миннатдорлик билдирамиз, – дейди  Сурхондарёда йигитлик бурчини ўтаётган Илёсбек Йўлчиевнинг ота-онаси Ҳамза ва Дилфуза Ярашевлар. – Ўғлимизнинг кучга тўлиб, ақлан етишиб,  эр етганини кўриш биз ота-оналар учун энг катта бахт.

    Мулоқот чоғида сурхондарёлик аскарларга  Сирдарё вилояти ҳокимлигининг ташаккурномалари ва ҳарбий қисм командирининг фахрий ёрлиқлари, шунингдек,  ҳомийларнинг совғалари топширилди.

     Тадбирда аскарлар ва уларнинг оналари эътиборига Олим Хўжаев номидаги вилоят мусиқали драма театри бадиий жамоасининг концерт дастури намойиш этилди.   Улар ижросида янграган  куй-қўшиқлар садоси остида Гулистон ҳамда олис Термиз шаҳрида туриб, дийдорлашув бахтига муяссар бўлган  аскарлар ва уларнинг ота-оналари  шўх-шан  рақсга тушдилар.

 

Зебо Ҳайдарова.

Print Friendly, PDF & Email
Click to listen highlighted text!