Click to listen highlighted text!

АСКАР ОНАЛАРИ ШАРАФЛАНДИ

    Гулистон шаҳрида Сирдарё вилоят ҳокимлиги, хотин-қизлар қўмитаси, маданият ва спорт ишлари, мудофаа ишлари бошқармалари,  касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси, тадбиркор аёллар уюшмаси, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати вилоят кенгаши ҳамкорлигида “Аскар оналарини шарафлаймиз” деб номланган маданий-маърифий тадбир бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Қуролли Кучларининг 25 йиллиги ва Ватан ҳимоячилари кунига бағишлаб ташкил этилган тадбирда  Наманган вилоятида йигитлик бурчини ўтаётган сирдарёлик аскарларнинг оналари,   Гулистон ҳарбий горнизони аскар ва офицерлари, хизматчилари, ҳамкор ташкилотлар вакиллари, ёшлар ва  ОАВ ходимлари иштирок этдилар.

    Тадбир аввалида  мамлакатимизда ҳарбий соҳада амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, ҳарбий хизматчилар ва муддатли ҳарбий хизматни ўтаётган аскарларга яратилаётган шароит ва имкониятлар ҳақида ҳикоя қилувчи телелавҳа кўрсатилди.

  Шундан сўнг вилоят ҳокими Ғофиржон Мирзаев  сўзга чиқди ва юрт ҳимоясида шахдам турган  шундай мард ва жасур ўғлонларни тарбиялаб, вояга етказиб берган ҳарбий хизматчиларнинг ота-оналарига ўз эҳтиромини билдирди.  Байрам тадбирида иштирок этаётган аскар ота-оналарига вилоят ҳокимининг ташаккурномалари ва эсдалик совғалари топширилди.

   –  Мана беш йилдирки, Ватан ҳимоячилари куни олдидан  аскарлар ва уларнинг оналари учун байрам арафасида дийдорлашув ташкил этилмоқда, – дейди  вилоят хотин-қизлар қўмитаси раиси Дилшода Ҳайдарова. – Бундай эътибор  аскарлар ва уларнинг оналари учун ажойиб совға бўлиб, ушбу кунни орзиқиб кутишади. Биз ҳам улар учун  байрам тадбирларини юксак савияда ташкил этишга ҳаракат қиламиз.
– Ўғлим Темурбек  Наманган вилоятида йигитлик бурчини ўтамоқда, -дейди тадбир иштирокчиси, Гулистон шаҳридаги “Обод юрт” маҳалласида яшовчи Матлуба Чолбаева. – Оиладаги ёлғиз фарзандим, кўзимнинг нури  эр етиб, Ватанимнинг корига яраётганидан, элу-юрт тинчлигини қўриқлашдек муқаддас бурчини ўтаётганидан жуда хурсандман. Шу билан бирга биз каби  аскар оналарига кўрсатилаётган эҳтиромдан бошимиз кўкка етди.  Мустақил юртимизда тинчлик барқарор, ҳар куни байрамлар билан тўлиқ  бўлсин.
Байрам арафасида дийдорлашган ота-оналар ва ўғлонлар

   “Сирдарё наволари” халқ ансамблининг таниқли хонандалари ижросидаги куй-қўшиқларга шўх-шўх рақсга тушдилар, Олим Хўжанв номли вилоят мусиқали драма театри актўрлари ижросидаги саҳна кўринишини хушнудлик билан  томоша қилдилар.

Зебо Ҳайдарова

Print Friendly, PDF & Email
Click to listen highlighted text!