Click to listen highlighted text!

ФАОЛЛАР МАЛАКАСИ ОШИРИЛДИ

      “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили”нинг илк кунларида Сирдарё вилояти касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмасида “Касаба уюшмалари бошланғич ташкилотларида фаолиятни тўғри ва самарали ташкил этиш” мавзусида ўқув машғулотлари ўтказилди.

       Мазкур ўқув Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси Кенгашининг “Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси Кенгашининг Ўқув маркази фаолиятини ҳамда касаба уюшмалари кадрлари малакасини ошириш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги қарори ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёев томонларидан 2017 йилни “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” деб эълон қилинганлиги муносабати билан ҳозирда ишлаб чиқилаётган давлат дастуридаги вазифаларни таъминлаш мақсадида илк маротаба ўтказилди.

    Шуни ҳам айтиш лозимки, жорий йилда 400 нафар бошланғич касаба уюшма қўмитаси раисларининг малакасини ошириш режалаштирилган бўлиб, илк машғулотларда Таълим, фан ва маданият ходимлари касаба уюшмаси Гулистон шаҳар кенгаши хизматидаги 25 нафар бошланғич касаба уюшма қўмиталари раислари иштирок этдилар.

    Фаоллар малакасини ошириш учун бирлашма биносида алоҳида ўқув аудиторияси ташкил қилиниб, зарурий жиҳозлар билан таъминланди. Ўқув машғулотлари бирлашма бўлимларининг мудирлари – малакали нотиқлар томонидан замонавий интерфаол  услубда олиб борилди.

   Бошланғич ташкилотлар раислари “Ўзбекистон касаба уюшмалари мустақиллик йилларида”, “Касаба уюшмалари бошланғич ташкилотлари фаолиятини Устав талаблари ва меъёрий ҳужжатлар асосида ташкил этиш, ишни режалаштириш”, “Ўзбекистон Республикаси “Ижтимоий шериклик тўғрисида”ги Қонун”, “Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши, Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси ўртасида имзоланган Бош келишув”, “Жамоа шартномаларини тузишнинг ҳуқуқий асослари” ва “Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси ҳамда Халқаро Меҳнат Ташкилотининг ўзаро ҳамкорликдаги фаолиятининг асосий йўналишлари”, “Иш берувчи ва ходим ўртасидаги меҳнат муносабатларини тартибга солиш ҳамда низоларни ҳал этишнинг ҳуқуқий асослари”, “Меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасида Ўзбекистон касаба уюшмаларининг роли” мавзуларида маърузалар тингладилар,  бу борада ўз фикр-мулоҳазаларини билдирдилар, ўзларини қизиқтирган саволларга тўлақонли жавоблар олиб, малакаларини оширдилар.

    – Маълумки, Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси ва унга аъзо бўлган тармоқ ва ҳудудий касаба уюшмалари республикадаги энг йирик нодавлат нотижорат жамоат бирлашмаси ҳисобланади, -дейди  бирлашма Меҳнаткашларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатларини ҳимоя қилиш бўлими мудири   Дилмурод Пирманов. – Бевосита корхона, ташкилот ва муассасаларда меҳнат қилаётган ходимлар (халқ) манфаатларини ифода этади ва ҳимоя қилади. Ўйлаймизки, бирлашма томонидан ўтказилаётган ушбу малака ошириш курслари бевосита халқ билан мулоқотда бўладиган, уларни ҳимоя қиладиган бошланғич касаба уюшма қўмиталари раисларининг  меҳнат муносабатлари борасида иш берувчилар ва ходимлар ўртасида  юзага келадиган муаммоларни тезкор ва жойида ҳал этиш борасидаги малакаларини янада юқори даражага олиб чиқади.

    Бу каби малака ошириш ўқув-машғулотлари бундан кейин ҳам йил давомида вилоятнинг барча туман, шаҳар ва тармоқ касаба уюшмалари фаоллари иштирокида ойда икки маротаба амалга оширилиши режалаштирилган.

 

Озода МАМАДАЛИЕВА,

“Ishonch” мухбири

Print Friendly, PDF & Email
Click to listen highlighted text!