Click to listen highlighted text!

ҲАРБИЙ ҚИСМДА ИЖОДКОРЛАР

      Нуронийларимиз ҳамиша дастурхон бошида элу юртга тинчлик-омонлик тилаб дуо қиладилар. Ҳақиқатан ҳам тинчлик- омонлик ҳар қандай бойликдан афзал. Сизу бизнинг тинч-хотиржам ҳаётимизни қўриқлаб, таъминлаб бераётган Ўзбекистон Қуролли Кучлари ташкил топганлигига яқина 25 йил тўлади. 14 январь – Ўзбекистон Қуролли Кучлари ва Ватан ҳимоячилари куни мамлакатимизда кенг нишонланиб келинмоқда. Бу йил ҳам 14 декабрдан 14 январгача “ҳарбий ватанпарварлик ойлиги” деб эълон қилиниб, давлат ва нодавлат ташкилотлари томонидан турли тадбирлар ўтказилиши белгиланган.

      Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси ҳамда Сирдарё вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси Кенгашларининг қарорлари ва қарорларга илова қилинган чора-тадбирлар режаси ижроси юзасидан вилоятимизнинг меҳнат жамоаларида турли маърифий тадбирлар, учрашув ва давра суҳбатлари, маънавият соатлари ўтказилмоқда.

    Яқинда Сирдарё вилояти Янгиер шаҳрида жойлашган  ҳарбий қисмлардан бирида юқоридаги байрамга бағишланган учрашув  бўлиб ўтди. Учрашувга Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси органи “Ишонч”ва “Ишонч-Доверие” газеталари бош муҳаррири Жаҳонгир Шарофбоев, бўлим мудири Акмал Тошев, мухбир Икром Хасанов, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Раъно Ярашева ва Гулистон Давлат университети доценти, олим Равшанбек Маҳмудов ташриф буюрдилар.

     Тадбирни вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси Кенгаши раиси ўринбосари Қаршибой Эшназаров очди ва олиб борди. Тадбирда иштирок этган чегара қўшинларига қарашли ҳарбий қисмларда фаолият кўрсатаётган касаба уюшмаси аъзолари меҳмонларнинг ҳар бир чиқишларини гулдурос қарсаклар билан кутиб олдилар. Хусусан, шоирлар Жаҳонгир Шарофбоев ва Акмал Тошев ўқиб берган шеърлар кўнгилларга сурур бағишлаган бўлса, олим ва сиёсатшунос Равшанбек Маҳмудовнинг ватанпарварлик уфуриб турган маърузасидан  қалблари фахр ва ғурурга тўлди. Ўзбек Давлат Миллий театри актрисаси Раъно Ярашеванинг чиқишини мухлислар олқишларга кўмиб юбордилар. Актриса мухлислари таклифига кўра спектакллардан парчалар ижро этди, шеърий тўпламидан намуналар ўқиб берди, иштирокчиларни кулдирди, йиғлатди, Ватанга бўлган меҳр-муҳаббатини бор бўйи билан кўрсата олди.

         Тадбир сўнгида сўз олган  маънавий-маърифий ишлар бўйича Н-ҳарбий қисм офицери  Дилшодбек  Мамадинов  ва бошланғич касаба уюшма қўмитаси раиси Наргиза Поздяевалар ҳарбий қисм командири ва касаба уюшмаси фаоллари номидан меҳмонларга миннатдорчилик билдирдилар.

 

Зебо Ҳайдарова.

Print Friendly, PDF & Email
Click to listen highlighted text!