Click to listen highlighted text!

ҚАЛБИМИЗДА МАНГУ ЯШАЙДИ

         “Шундай шарафли  касб бор – у ҳам бўлса  Ватанга хизмат қилиш” деган ибора халқимизда нақлга айланиб кетган. Бугунги кунда юртимиз йигитлари учун мустақил армиямиз сафларида хизмат ўташ – фахр ва ғурурга айланиб қолди. Ҳарбийлик касбини эгаллаб, ҳарбий билим юртларига кираётган, муддатли ҳарбий хизматдан сўнг шартнома асосида хизматни давом эттираётган ўғлонларимиз сони ортиб бормоқда. Бунга сабаб, Биринчи Президентимиз ташаббуслари билан армиямизнинг ҳудуддаги энг замонавий армияга айлантирилганлиги ҳамда  давлатимиз томонидан ҳарбий хизматчилар оилаларини ҳар томонлама қўллаб-қувватланаётганлигидир. Бундай эътибор, айниқса, ҳар йили 14 декабрдан 14 январгача ўтказиладиган “Ҳарбий ватанпарварлик ойлиги” давомида жуда кучаяди. Ойлик давомида ҳарбий қисмларда байрам тадбирлари, аскарларнинг ота-оналарини қамраб олган маданий-маърифий тадбирлар, барча босқичдаги ўқув юртларида  ёшлар билан учрашувлар ўтказилади. Хизмат чоғида ҳалок бўлган ҳарбийларнинг оилаларига ташриф буюрилиб, эҳтиром кўрсатилади. Бу борада, айниқса, касаба уюшмалари томонидан олиб борилаётган ишлар катта аҳамиятга эга.

           Яқинда Ўзбекистон Республикаси Қуролли кучлари 25 йиллиги ва   Ватан ҳимоячилари куни арафасида Боёвут туман ҳокимлиги ва туман ҳокимияти бошланғич касаба уюшма қўмитаси, хотин-қизлар қўмитаси,  туман Мудофаа ишлари бўлими, “Камолот” ЁИҲ туман Кенгаши билан биргаликда Боёвут туманидаги Зиёкор маҳалласида истиқомат қилувчи,  марҳум ҳарбий хизматчи Фозил Аллақуловнинг ота-онаси хонадонига ташриф буюрдилар.

          – Ўғлим ҳаёт бўлганида эндигина 25 ёшни қаршилаган бўлар эди. Унинг болаликданоқ орзуси – Ватанига хизмат қилиш, унинг тинчлиги ва хавфсизлигини таъминлаш эди, – дейди марҳумнинг дадаси Фарход Қутбиддинов. – Биз унинг орзусига қарши бормаганмиз, балки мақсади йўлида интилишини,   ҳар тарафлама қўллаб-қувватлаган эдик. Ўғлим 2010-2014 йилларда Тошкент Олий умумқўшин Қўмондонлик билим юртида таҳсил олди. 2014 йилда Андижон вилояти ҳарбий бўлимда меҳнат фаолиятини бошлаган эди. 2016 йилнинг 16 июн куни хизмат чоғида бевақт  вафот этди. Дунёда фарзанд доғидан оғирроқ дард йўқ экан, фақат ўғлимнинг  она Ватани тинчлигини қўриқлашдек муқаддас иш учун жонини қурбон қилгани   юрагимизга юпанч беради.

         Фозилнинг онаси –Раъно Қутбиддинованинг  эрта оқ оралаган сочлари фарзанд доғи қанчалар оғир эканини кўрсатиб турибди, аммо, онанинг кўзларида фарзанди билан фахрланиш ифодаси балқийди. У ўғли ҳақида ғурурланиб сўзлаб берди, ҳарбий форма ярашиб турган ўғлонининг суратларини кўрсатди.

          Дилдан суҳбатдан сўнг марҳумнинг ота-онасига ҳомийлар совғалари топширилди.

 

Замира Сатторқулова, Боёвут тумани ҳокимияти бошланғич касаба уюшма қўмитаси раиси

Print Friendly, PDF & Email
Click to listen highlighted text!