Click to listen highlighted text!

ГУЛЧАМБАРЛАР ҚЎЙИЛДИ

Гулистон шаҳридаги Хотира  мажмуасида 14 январь – Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларининг 24 йиллиги ва Ватан ҳимоячилари кунига бағишлаб тантанали тадбир ўтди.  Майдондаги Мотамсаро она ҳайкали пойига гуллар қўйиш маросимида  вилоят ҳокимлиги, вилоят ташкилот ва корхоналари, муассасалари раҳбарлари, ҳарбий қисмлар командирлари  ва  кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этдилар.

Гулчамбарлар қўйиш маросимидан сўнг Гулистон гарнизонига қарашли ҳарбий қисмлар таркиби байрам парадида шахдам қадамлар ташладилар.

Тантананинг иккинчи қисми Олим Хўжаев номли мусиқали драма театр биносида бўлиб ўтди. Байрам дастурида вилоят хонанда ва созандалари билан бирга пойтахтдан келган машҳур санъаткорлар ҳам ҳарбийларга ўз қўшиқларини туҳфа этдилар.

– Бизнинг Мустақил диёримизда байрамлар кўп, аммо энг қутлуғ байрамлардан бири бу – Ватан ҳимоячилари куни, бу байрам мана 24 йилдирки қатор тадбирлар-тантаналар билан ўтказилади, – дейди Н-ҳарбий қисм командири, подполковник Умид Искандаров. – Мана бу йил ҳам Қуролли Кучларимизнинг 24 йиллиги байрами олдидан 14 декабрдан 14 январгача «ҳарбий ватанпарварлик ойлиги» эълон қилинди. Ушбу ойлик давомида қисмимиз командирлари, Давлат мукофоти –орден, медаллар соҳиблари, Жанговар ҳарбий хизмат аълочилари коллеж ва лицейларда, олий ўқув юртида йигит-қизлар билан учрашиб, ҳарбий ватанпарварлик машғулотларини ўтдилар. Бу ишларни ташкиллаштиришда биз вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси, «Камолот» ЁИҲ вилоят бўлими ва ОАВ лар билан ҳамкорликда иш олиб бордик.  Тўғриси, ҳарбийлик касбини танлаганимдан кўксим фахру ифтихорга тўлди.

Концерт дастуридан сўнг байрам тадбири ҳарбий хизматчилар ва йигитлик бурчини аъло даражада ўтаётган аскарлар  учун Гулистон шаҳридаги «Наврўз» тўйхонасида ташкиллаштирилган бир пиёла чой устида давом этди.

 

Зебо Ҳайдарова.

Print Friendly, PDF & Email
Click to listen highlighted text!