МУАММОЛАР ЎРГАНИЛИБ, ЕЧИМИ ТОПИЛМОҚДА
Бугунги кунда юртимизда барча соҳаларда юз бераётган янгиликлар, мамлакатимизда мустақиллик йилларида амалга оширилган ишларнинг мантиқий давоми сифатида катта аҳамиятга эга бўлмоқда. Айниқса, давлат ва жамият ўртасидаги ўзаро алоқаларнинг юксалаётгани эътирофга лойиқ.
«Виртуал қабулхона» ҳамда «Халқ қабулхоналари»нинг фаолияти, уларга халқимиз томонидан бўлаётган мурожаатлар юртимиз ҳудудларидаги мавжуд муаммоларни аниқлаш ҳамда ушбу масалаларни оқилона ҳал этилишини таъминлаётир. Миллий давлатчилигимизда бундай тизимнинг йўлга қўйилаётганлиги бошқарув органлари раҳбарларининг масъулиятини яна бир карра оширди, десак, хато бўлмайди.
Шунингдек, юртимизда ишлаб чиқилаётган қонунчилик ҳужжатлари лойиҳаси билан халқни таништириб бориш, бевосита ушбу қонунга таклифлар бериш тизими кенг йўлга қўйилаётгани фуқароларимизда дахлдорлик, масъуллик ҳиссини оширмоқда. Бугунги кунда www.gov.uz порталида Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича ҳаракатлар стратегияси тўғрисида»ги Фармони лойиҳаси, Ҳаракатлар стратегияси, 2017 йил Давлат дастури лойиҳалари омма муҳокамасига тақдим этилгани давлат ва жамият ўртасида самарали мулоқот йўлга қўйилганлигининг яна бир ёрқин далилидир. Порталдаги ушбу қонунчилик лойиҳалари билан танишиб чиққан ҳар бир киши уларнинг юртимиз тараққиётида нечоғли аҳамиятга эга эканлигини бевосита англаб етади. Муҳокамадаги ҳужжатларга билдирилаётган изоҳлар кўлами халқимизнинг сиёсий саводхонлиги юксак даражада эканлигини ҳам кўрсатиб турибди. Шунингдек, таклифлар турли корхона ёки ташкилот ҳамда идоралар номидан берилаётгани ушбу лойиҳалар турли меҳнат жамоаларида кенг муҳокама этилаётганидан дарак. Энг долзарб таклифлар, албатта, қонунчилик нормаларида акс этади. Жамоатчилик муҳокамасига қўйилган ушбу лойиҳалар шуниси билан ҳам катта аҳамиятга эга.
Фуқароларимиз хоҳиш-истакларининг рўёбга чиқишида олиб борилаётган бундай ислоҳотлар қабул қилинадиган янги қонунларнинг нафақат халқчиллигини, балки уларнинг амалий ижроси тизимли равишда олиб борилишини ҳам таъминлайди.
Бугунги куннинг долзарб масалаларини ўрганиш, муаммоларини бошқа давлат ва жамоат ташкилотлари билан биргаликда ҳал этиш – касаба уюшмаларининг ҳам ўз олдиларига қўйган муҳим вазифасидир. Ушбу вазифанинг ижроси ўлароқ Сирдарё вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси масъул ходимлари, фаоллари бугунги кунда вилоят ҳокимлигининг ишчи гуруҳи таркибиди вилоятнинг туман ва шаҳарлари аҳоли пунктларида бўлишиб, хонадонларга киришиб, халқ билан мулоқот қилмоқдалар ва жойларда мавжуд муаммоларни ўрганмоқдалар. Ушбу муаммоларни бартараф этишга доир таклифлар ишлаб чиқилмоқда. Бундай мулоқотлар февраль ойи давомида олиб борилади.
Зебо Ҳайдарова