Click to listen highlighted text!

ФИДОЙИ АЁЛЛАР ЕТАКЧИСИ

         – Аёл киши  ўқиб-ўрганишдан ҳечам тўхтаб қолмаслиги лозим. Аёл маънавияти  – нозик масала, уни китобдан, театр ва концерт, байрамлардан  айро қилиш – аёллигидан жудо қилишдир, – дейди Сирдарё тумани хотин-қизлар қўмитаси раиси Мавлуда Хусаинова. – Бугуннинг аёли – универсал, бугун аёл кириб бормаган соҳа деярли қолмади. Тадбиркор аёллар, фермер аёллар, шифокору ўқитувчи, ҳунарманд аёллар, барчаси элу юрт тараққиёти йўлида фидойиларча хизмат қилишмоқда. Мен туманимиздаги ҳар бир меҳнаткаш аёлни, у қайси соҳада бўлмасин, қўшаётган ҳиссасини қадрлайман, фаол аёлларни туман қўмитаси қошига бирлаштириб, уларнинг сафини кенгайтириб боришга доим интиламан. Чунки, аёл фаол ва фидойи бўлса, унинг хонадони ҳам фаровон, фарзандлари меҳнат ва бахт қадрини билиб, вояга етишади.

      Мавлуда опани нафақат Сирдарё тумани хотин-қизлари, балки вилоят хотин-қизлари яхши танишади. Опа асли Сирдарё туманида туғилиб ўсган, кўп йиллар Калинин қишлоқ советида (ҳозирги Ҳақиқат МФЙ) котиба бўлиб ишладилар, бошланғич хотин-қизлар ташкилотини бошқардилар. Мавлуданинг куюнчаклиги, ўз вазифасига масъулият билан ёндошиши ўша пайтдаги Сирдарё туман хотин-қизлар қўмитаси раиси Насиба опа Ашурматованинг эътиборига тушди. Мавлудани туман хотин-қизлар қўмитасига бош мутахассис сифатида ишга таклиф этди. Мен Мавлуда опа билан илк бор танишганимда, опа Сирдарё шаҳар хотин-қизлар қўмитаси раиси лавозимида ишлар эдилар. Ўзларига ярашган либослари, майин гапиришлари билан киши эътиборини тортар эди опа. Аммо, иш масаласида опа қатъий эди, атрофидагилардан ўз вазифасига масъулият билан ёндошишни талаб этар эдилар. Кейинчалик, вилоят ҳокимлиги хотин-қизлар масалалари бўйича котибият мудири бўлиб ишлаганларида кўп бора учрашиб, суҳбат қурганмиз опа билан.

     – Менга кишилардаги ягона хислат – ёлғончилик ёқмайди, – дейди Мавлуда опа. – Ёлғон гапириб, ўзини яхши кўрсатган, қўлидан келмайдиган ишга чиранган кишиларни ҳурмат қилмайман, тўғриси. Лавозимга ўтирдимми, унинг юкини елкамда ҳис қилиб келдим. Туман хотин-қизларининг деярли барчасини номма-ном танийман. Ҳар бир хотин-қизлар бошланғич ташкилоти, МФЙлар бошланғич хотин-қизлар ташкилотлари билан индивидуал иш олиб бораман. Уларга давлатимиз томонидан яратилган имкониятлар билан бирга лавозим йўриқномаларидан келиб чиққан ҳолда аёллар билан ишлаш сирларини ўргатаман. Аёл-нозик хилқат. Аммо, ўжарлиги тутса, шайтон ҳам “ҳай ” беради. Бундай пайтда бирини опам, бирини  синглим деб, йўлга соламиз-да. Кейинги йилларда оила ажрими, аёлларимизнинг маънавий қиёфаси, қизларимизнинг юриш-туриши кўп бора муҳокама қилинмоқда. Фарзанд баркамол ўсиши учун, авваломбор, ота-она маънавиятли бўлишлари керак. Биз ота-она, айниқса, оналар маънавияти ҳақида кўпроқ қайғуришимиз керак. Уларни жамоат ишларига жалб қилишимиз, жамиятимиз ҳаётида фаол иштирок этишга тинимсиз чорлашимиз керак ва чорлаяпмиз ҳам. Юқорида айтганимдек, хотин-қизлар бандлиги – жамиятимиз олдида турган долзарб масаладир. Хотин-қизларимизни тадбиркорлик ва ҳунармандчиликка жалб этиш йўлида кенг кўламли ишларни амалга оширяпмиз. Шу биргина Сирдарё туманида минг нафардан ошиб кетди. Уларнинг орасидан  245 нафари ишлаб чиқариш ва ҳунармандчилик билан шуғулланади. Тикувчилик, қандолатчилик, касаначилик, иссиқхоналарда сабзавотлар етиштириш – бу каби ишларни аёлларимиз банклардан олган имтиёзли кредитлар ҳисобидан йўлга қўйиб олганлар. Уларнинг орасидан Сирдарё шаҳрида “Гўзаллик  ва тўй либослари”  салони очган  Шарофат Ҳайдарова, қандолатчилик цехини ишга туширган Жамила Агзамова, паррандачиликни ривожлантириб, шаҳримиз бозорини парҳезбоп гўшт маҳсулоти билан таъминлаб бераётган Меҳрихон Ҳайдароваларни алоҳида айтиб ўтишим жоиздир. Чунки бу аёллар нафақат ўзларини, балки оила аъзоларини, қизу келинларини, қўшниларини иш билан таъминлашган. Шу кунда 150 нафар аёлга бизнес лойиҳалар тайёрлаб бердик, бу  борада тумандаги иккита “Эҳтиёжманд оила аёлларини тадбиркорликка йўналтириш ”ахборот марказимиз тренерлари жуда катта кўмак берди. 120 нафар аёлга тикув машинкалари олишда яқиндан ёрдам кўрсатилиб, ушбу кунда улар элу юртга ўз хизматларини кўрсатмоқдалар.

    – Мавлуда опа ўзлари ҳам тиниб-тинчимайдилар, бизни ҳам бекор ўтиришимизга йўл қўймайдилар, – дейди  Истиқбол МФЙда фаолият юритаётган “Эҳтиёжманд оила аёлларини тадбиркорликка йўналтириш ”ахборот маркази раҳбари Шоҳида  Мирзабекова. – Қишлоқ аёлларининг пул ишлагани чет элларга кетишининг олдини олиш мақсадида очилган ахборот марказимиз қошида икки йилда 150 дан ошиқ  аёл-қизлар тадбиркорлик сирларидан воқиф бўлдилар, ҳунар ўрганиб, ҳунарманд бўлдилар. Бизга кун сайин мурожаатлар кўпаяётгани хотин-қизларимизнинг бизга бўлган ишончи кучайганидан даракдир.

       – Мавлуда опа менинг хотин-қизлар билан ишлаш  соҳасидаги ҳақиқий  устозим, – дейди Боёвут тумани хотин-қизлар қўмитаси раиси Замира Исроилова. – Туман хотин-қизлар қўмитасига раис бўлган дастлабки кунларим у кишига ҳар куни, кўп бора телефон орқали мурожаат қилардим. Билмаганларимни эринмай ўргатганлар, маслаҳатлар берганлар.

    Ҳа, бугун вилоят хотин-қизларининг Мавлуда опа сингари фидойи етакчилари анчагина, уларнинг барчаси жамият ривожи учун ҳисса қўшишни ўз бурчи деб билади. Фурсатдан фойдаланиб, Мавлуда опа ва Сирдарёнинг  барча фидойи аёлларини кириб келаётган 8 март – Халқаро хотин-қизлар байрами билан чин қалбдан қутлаймиз.

 

 

Зебо Ҳайдарова

Print Friendly, PDF & Email
Click to listen highlighted text!