Click to listen highlighted text!

ГУЛИСТОНДА НАВРЎЗ ТАНТАНАЛАРИ БОШЛАНИБ КЕТДИ

Эрта тонгданоқ Гулистон маданият ва истироҳат боғи байрамона кийинган аҳоли билан тўлиб тошди. Дошқозонлар тагига ўт ёқилиб, бир қозонда сумалак, бир қозонда ҳалим, яна бирида ўзбегимнинг шоҳ таоми – палов пиширилди. Байрамона безатилган майдонларда вилоят корхона ва ташкилотларидан 10 га яқини дастурхон ёзишди, миллий таомларимизнинг 30 дан ошиқ турини безатиб, меҳмон кутдилар. Иккита  туман ва шаҳар – Сайхунобод тумани ва Ширин шаҳри вакиллари ясатган  байрам майдончалари ўзига хослиги билан байрам кўркига кўрк қўшди. Ширинликлар ўзларига ажратилган жойда атрофни сўзанаю палаклар билан ўраб, шолчалару патгиламлар тўшаганлар, майдончанинг ўртасида қизил бахмалдан тикилган улкан от устида шаҳзодалардек ясанган болакайни ўтқазиб қўйишган. Унинг ёнида бошларига желак ташлаб, қадимий матолардан кўйлак кийган гўзал қиз-жувонлар салом солиб туришибди. Шу ернинг четроғига қўйилган каравотларда ҳожи оналар дуога қўл очган, нарироқда миллий кийимдаги бир аёл ўрмак тўқиб ўтирибди. Ёш қизлар ҳам ўз оналаридан ортда қолишмаган, уларнинг қўли билан бино бўлган, турли ипак ва кимхобдан тикилган, жун калава ипдан тўқилган миллий буюмлар, ҳар биридан миллий колорит уфуриб турган  суратлар киши кўзини қамаштиради.  Шу аснода келиб қолган  Сайхунобод тумани хотин-қизлар қўмитаси раиси Мавлуда Маматқулова бизни ўз даврасига чорлайди. Сайхунобод тумани вилоятимизда кўп миллатли туман, уларнинг бештаси бугун байрам дастурхони безашган. Қозоқ, тожик, рус, корейс ва ўзбек миллатига мансуб аҳоли вакиллари ўз миллий таомларини татиб кўришга чорламоқда барчани.

– Мен Сайхунобод туманида туғилиб ўсганман, ўзбекчани ҳам, тожикчани ҳам яхши биламан, – дейди миллий корейсча кийим  кийиб олган байрам иштирокчиси  Людмила Ли. – Ўзим уйда паловниям, димламаниям кифтига келтириб қиламан. Ахир Ўзбекистонда  яшаб, бу таомларни севмаслик мумкинми?

Вилоят Давлат  архив бошқармаси, табиатни муҳофаза қилиш қўмитаси, Меҳнат бошқармаси, Пенсия жамғармаси вилоят бўлими ва бошқа ташкилотлар ҳам бугун ўз меҳмондўстликларини билдириб, келган-кетганга қўл қовуштириб турибдилар. Ҳамма ёқда куй-қўшиқлар, шўх рақслар. Одамлар лабида кулгу, табассум.

Боғ ўртасидаги айлана майдонда касб-ҳунар коллежлари ва “Баркамол авлод” марказлари ўқувчиларининг  тасвирий ва амалий санъат намуналари кўргазмаси бўлиб ўтди. Рости, Оқолтин ва Сардоба тумани ўқувчилари ясаган ўйинчоқларни қўриб, ҳайратландик.  Уларнинг барчасига вилоят ҳокими  томонидан  китоблар совға қилинди.

– Бу – байрамнинг биринчи куни, – дейди вилоят халқ таълими бошқармаси  хотин-қизлар бошланғич ташкилоти раиси, маънавий –маърифий ишлар бўйича бош мутахассис  Зулфия Неъматова. – Кейинги кунларда бундан-да ажойиб кўргазмалар ташкил қиламиз. Фарзандларимизнинг иқтидорини, истеъдодини намойиш қилиб, фахрланишдан чарчамаймиз. Қувонарлиси, улар ясаган, тиккан буюмлар, чизган суратларда ўзбек халқининг миллий маданияти акс этиб турибди.

            Тинч юртга байрамлар ярашади. Гулистон шаҳрини чулғаган куй-қўшиқлар, кўчаларни тўлдирган, байрамона кийинган юртдошларимиз, айниқса, қошларига ўсма қўйиб, миллий кийимларини кўз-кўз қилган қизларимиз кўнгилларимиз хотиржамлигидан, эртамизга ишонч борлигидан даракдир.  Илоҳим, тинч ва фаровон юртимизга кўз тегмасин.

Зебо Ҳайдарова

Print Friendly, PDF & Email
Click to listen highlighted text!