Click to listen highlighted text!

НАВРУЗ – ХАЙРЛИ ВА САВОБ ИШЛАР ДЕБОЧАСИ

Жамиятимизда меҳр-оқибат ва ҳамжиҳатлик, инсонийлик, бағрикенглик ва бунёдкорлик, хайр-саховат муҳитини янада мустаҳкамлаш, ёш авлодни миллий анъаналаримизга садоқат ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида камол топтириш, Наврўз байрамини муносиб кутиб олиш ва уни ўтказишда касаба уюшмаларининг фаол иштирокини ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 28 февралдаги  “2017 йилги Наврўз умумхалқ байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги ПҚ-2801-сонли, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгашининг Раёсатининг  2017 йил 9 март 6-22 “с” –сонли қарорлари ижросини таъминлаш мақсадида вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси тасарруфидаги ташкилот, корхона ва муассасалар бошланғич касаба уюшма қўмиталари томонидан  қатор ижобий ишлар амалга оширилмоқда.

Наврўз байрами арафасида иш жойларида, кўчаларда умумхалқ ҳашарларини уюштириш, ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишларини олиб бориш тадбирларида фаол қатнашилди. 11-12 март кунлари ўтказилган умумхалқ ҳашарида 80 минг нафар касаба уюшма фаоллари иштирок этдилар. Уларнинг кучи билан 13,2 гектар майдон ободонлаштирилди, 2,5 км ариқ ва лотоклар тозаланди, дарахтлар оқланиб, шакл берилди. 3 минг донадан кўпроқ дарахт ва гул кўчатлари ўтқазилди.

    Касаба уюшмалари фаоллари байрамни мартнинг иккинчи ҳафтасидан бошлаб, корхона, муассаса ва ташкилотларнинг “Маънавият ва маърифат” хоналарида “Наврўз – янгиланиш ва ёшариш фасли” мавзусида кўргазмалар ташкил этиш билан бошладилар.

 Корхона, ташкилот ва муассасаларда “Наврўз – қадр-қиммат, меҳр-мурувват ва анъаналар тимсоли”, “Миллий қадриятларимиз – беқиёс бойлигимиз”, “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” Давлат дастурининг мазмун-моҳияти ва аҳамияти” мавзуларида “Маънавият соатлари” ўтказилмоқда. Бу тадбирларда 130 минг нафардан ошиқ касаба уюшма аъзолари  қамраб олинди.

Наврўз арафасида меҳнат жамоаларида    ўзбек халқ ўйинлари ва спортнинг миллий турлари бўйича ўтказилмоқда. Ҳаваскор спортчилар касаба уюшмаларининг эсдалик совғалари билан тақдирланишмоқда. Айтиш керакки, касаба уюшмалари ишчи-ходимлар ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиботини мунтазам олиб боришмоқда.

Бошланғич касаба уюшмалари ташкилотлари  томонидан жойларда ўтадиган Наврўз байрами тадбирларида, халқ сайилларида касаба уюшмалари фаоллари иштирокини таъминланмоқда. Вилоят маркази Гулистон шаҳрида 16-21 март куни бўлиб ўтадиган халқ сайилларида ташкил этилаётган миллий таомлар ва миллий анжомлар кўргазмалари, Ватанни мадҳ этувчи расмлар кўргазмалари ўтказилишида касаба уюшма фаоллари бош-қош бўлишяпти.

– Наврўз байрами тадбирларида “Қушлар байрами”, “Гуллар байрами”, “Варрак учириш мусобақалари” ҳамда “Сумалак сайли” тадбирларини ташкил этилиши байрамнинг ўзига хос халқона ўтказилишини таъминлайди, – дейди Таълим, фан ва маданият ходимлари касаба уюшмаси Гулистон шаҳар Кенгаши раиси Фарҳод Таштанов.

 – Меҳнат жамоаларида Наврўз байрамининг тарихи, анъана ва қадриятларимизнинг моҳиятини ва аҳамиятини кенг ёритувчи, она заминни ардоқлаб, унинг неъматларини, бугунги тинч ҳаётни қадрлаб, шукроналик туйғуси билан яшашга даъват қилувчи “Наврўз – қадриятларимиз тимсоли” номли маънавий-маърифий тадбирларни амалга оширилмоқда, – дейди вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси маданий-маърифий ва спорт ишлари бўлими мудири Хайрулла Аминов. – Ушбу тадбирларга вилоят  Маънавият-тарғибот маркази, Ўзбекистон Республикаси Ёзувчилар уюшмаси ҳамда Журналистлар уюшмаси вилоят бўлимлари, Гулистон Давлат Университети ўқитувчи ва доцентлари, Олим Хўжаев номли вилоят мусиқали драма театри актер ва актрисалари таклиф этиляпти.

 Наврўз шукуҳи юртимизни кезиб юрган ушбу кунларда вилоятда истиқомат қилувчи 20 нафар нуронийларнинг республиканинг тарихий шаҳарларига ҳамда зиёратгоҳларига саёҳатларини ташкил этилади. Уларнинг 23 март куни Самарқанд шаҳрига олиб боришни режалаштирганмиз. Шу ўринда айтиб ўтишим жоизки, касаба уюшмалари томонидан ҳар йили нуроний отахонларнинг Тошкент ва Самарқанд шаҳарларига саёҳатлари ташкил этилиб келинмоқда.

– Касаба уюшмалари фаоллари  байрам нафаси уфуриб турган ушбу кунларда кам таъминланган, эҳтиёжманд оилалар ҳолидан хабар олиш, уларга байрам совғалари улашиш каби хайрли ишларни амалга оширмоқда. Бу ишда вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси бош-қош. Бирлашма томонидан 20 март куни Янгиер шаҳридаги “Мурувват” аёллар интернат-уйи маъмуриятига бир дона компьютер жамламаси тақдим этилиши режалаштирилган, – дейди бирлашма Кенгаши раиси ўринбосари Қаршибой Эшназаров. – Шу билан биргаликда биз ҳар йили Наврўз байрами муносабати билан фарзанд кўрмаган, кам таъминланган оилалар аёлларига “Умид гулшани” санаторийсига бепул йўлланмалар берамиз. Бу йил ҳам        2 нафар фарзанд кўрмаган ёш оилаларнинг ишлайдиган аъзоларига “Умид гулшани” санаторийсига бепул йўлланма ажратилди.  Бошланғич касаба уюшма ташкилотларимиз, шунингдек,  ҳудудда истиқомат қилувчи 25 нафар ёлғиз кексаларга ва ногиронларга коммунал хизматлар учун тўловларни қоплашга қаратилган манзилли моддий ёрдам кўрсатишди.

Касаба уюшма тизимида бундай хайрли ва савобли ишлар нафақат Наврўз байрами арафасида, балки  йил бўйи давом этади.

 

 

Зебо Ҳайдарова

Print Friendly, PDF & Email
Click to listen highlighted text!