Click to listen highlighted text!

ИСТМАСИ ОШКОР БЎЛДИ

“Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги, “Иш берувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш тўғрисида”ги Қонунда белгилаб қўйилган моддалар Сирдарё туманида яшовчи Камолиддин Дўсматовнинг жонига ора кирди, ҳақ-ҳуқуқининг тикланишига ёрдам берди.
Гап шундаки, Камолиддин Сирдарё вилояти касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси кенгашига мурожаат этиб, иш жараёнида оқибати оғир бахтсиз ходиса юз бергани, бу ҳақида далолатнома тузилмаганлигини маълум қилди.
Унинг шикояти ЎзКУФК Сирдарё вилояти бўйича Меҳнат техник инспектори ҳамда Агросаноат мажмуи касаба уюшмаси республика кенгашининг вилоят бўйича масъул ташкилотчиси иштирокида ўрганиб чиқилди.
Ҳақиқатда, аризада баён этилганидек, К.Дўсматов Сирдарё туманида фаолият юритаётган “SOF PLAST” МЧЖ ишлаб чиқариш цехи Полипропилен ип ишлаб чиқариш дастгохи оператори вазифасида бўлган ва 2019 – йил 29 – август цехида ўрнатилган ишлаб чиқариш дастгохида иш олиб бораётиб ўнг қўлининг панжа соҳаси дастгохнинг айланувчи қисмларига кириб кетиши натижасида оқибати оғир бахтсиз ходиса содир бўлганлиги ўз тасдиғини топди.
Қарангки, бу ҳақида вақтида хабар берилмаган ва ходимнинг меҳнат ҳуқуқлари бузилган. Ниҳоят, Вазирлар Маҳкамасининг “Ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодисаларни ва ҳодимлар саломатлигининг бошқа хил зарарланишини текшириш ва ҳисобга олиш тўғрисида”ги Низоми ҳамда вилояти Бандлик бош бошқармасининг буйруғига асосан комиссия тузилиб, кечиктирилган махсус текшириш ўтказилди. Касаба уюшмаси Меҳнат техник инспектори ҳамкорлигида ўтказилган ўрганишда мазкур бахтсиз ходиса ишлаб чиқариш билан боғлиқ деб топилди ва “SOF PLAST” МЧЖ ҳисобига қўйилиб, Н-1шаклдаги далолатнома билан расмийлаштирилди.
Эндиликда далолатнома асосида Камолиддин тиббий кўрикдан ўтказилиб, меҳнатда майибланганлиги бўйича тегишли ногиронлик гурухи ёки касбга оид меҳнат қобилиятини йўқотганлик даражаси белгиланади. Шунингдек, амалдаги меҳнат қонунларига кўра иш берувчи зиммасига бир йиллик ўртача ойлигидан кам бўлмаган миқдорда бир марта бериладиган нафақа ҳамда ойма-ой тўланадиган зарар пуллари ундирилади.
Афсуски, айрим корхона ва ташкилотлардаги бошланғич касаба уюшмаси қўмитаси раислари иш вақтида содир бўлаётган бахтсиз ходисалар ҳақида ўз вақтида хабар бермаслиги натижасида шу каби ҳолатлар юз бермоқда. Айтишганидек, “Касалликни яширсанг, иситмаси ошкор қилади”.

Абдукамол ХАКИМОВ,
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгашининг Сирдарё вилояти бўйича
Меҳнат техник инспектори

Print Friendly, PDF & Email
Click to listen highlighted text!