Click to listen highlighted text!

БУ ЙИЛ ЗАВҚУ-ШАВҚИ ЎЗГАЧА

      Сардоба қурилиш ва касб-ҳунар коллежи меҳнат жамоаси ҳам Наврўз байрамини муносиб нишонладилар. Гулистон маданият ва истироҳат боғида ўтказилган халқ сайлида коллеж меҳнат жамоаси учун дастурхон безатилди.
Шуни ҳам айтиш керакки, жамоа аёллари байрам дастурхонини 17 хил миллий таомлар билан безатдилар ва шу куни ўтказилган “Миллий таомлар”кўрик- танловида иштирок этдилар.
– Аҳил жамоамизнинг эркаклари ҳам қараб туришгани йўқ, – дейди коллеж бошланғич касаба уюшма қўмитаси раиси Аҳмад Зулпонов. – Кеча қозонга солинган сумалакни кечаси билан навбатма навбат ковлаб чиқдик. Наврўзи оламнинг хусусиятларидан бири аҳиллик, оқибат байрами эканлигида. Битта дошқозон атрофида жам бўлиб, ҳазил-ҳузул, шеъру қўшиқларни янгратиб, сумалак пишириш ҳам жамоани жипслаштиришнинг ўзига хос усулидир.
Шу куни “Миллий таомлар” кўрик-танловида иштирок этган Мирзаобод ва Сардоба туманларидаги қатор коллежлар жамоалари ҳам 20-35 турдаги миллий таомлар, пишириқлар, баҳорий салатлар тайёрлаб, ҳакамлар ва томошабинларнинг эътирофига сазовор бўлдилар.


Аммо, энг пазанда деб Мирзаобод тумани тиббиётчилари топилдилар. Туман тиббиёт бирлашмаси қизлари пишириб келган рангдор мантилар ва чучвараларга табиий тоза маҳсулотлар – қизилча, сабзи ва карам сувлари қўшилган, мазаси ҳам оғизда қоларлик.
Шу куни ишчи гуруҳимиз вилоят Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш бошқармасининг дастурхонида ҳам 29 хил мазали миллий таомларни санадилар.

     – Манаву пичакдан тотиб кўринглар, баҳорий энг хушбўй майсаларни солиб пиширганман, – дейди бошқарма кадрлар бўйича инспектори Зулхумор Ниёзметова.
Қувонарлиси, меҳнат жамоаси аёл ходимлари бир хил адрасдан яраштириб, миллий кийим кийиб олишган, дурраларни кифтини келтириб боғлашган, қўллари кўксида. Жамоа хизматида Олим Хўжаев номли вилоят мусиқали драма театри актёр ва актрисалари, дилтортар миллий қўшиқларимизни ижро этишмоқда, раққосалар билан бирга ишчи-ходимлар ҳам шўх*шўх рақсни бошлаб юборишди.


Нарироқда вилоят қишлоқ ва сув хўжалиги бошқармаси ишчи-ходимлари байрам дастурхони ёзишган. Бошқарма бошланғич касаба уюшма ташкилоти ва кадрлар бўйича мутахассислари сайилга келганларни бир чуқум ошга чорлаб туришипти. Вилоят давлат солиқ бошқармаси ва вилоят газ таъминоти корхонаси гуллар ва шарлардан ясатган икки дарвоза байрам кўркига кўрк қўшиб турибди. Байрамона безатилган дастурхонлар атрофида ишчи-ходимлар, куй-қўшиқ авжида.
– Шундай сайилларни ташкил қилиш ташаббуси билан чиққан президентимизга мингдан минг раҳмат, – дейди Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими раиси Ҳаётхон Ортиқбоева. – Қаранг, қандай хурсандчилик, шодиёналар. Илгарилари ҳар бир жамоа ўз ишхонасида ёки бирор жойда байрамни нишонлаган бўлишса, ҳозир сайилда, очиқ осмон остида, байрам шукуҳи кўкка ўрлаб турган майдонда ўтириб, байрам дастурхонига барчани чорлаб, ҳамма ўйин-кулгу қилишаётгани қандай яхши. Шу ернинг ўзида ташкил этилган миллий буюмлар ва суратлар кўргазмасини айтмайсизми? Ҳақиқий халқ сайли бўлди бу йилги Наврўз!
Гулистонда Наврўз тантаналари бошланиб кетганлигининг учинчи куни таассуротлари шундай бўлди. Байрам давом этади.

Зебо Ҳайдарова

Print Friendly, PDF & Email
Click to listen highlighted text!