Click to listen highlighted text!

НАВРЎЗ БАЙРАМИДА 17 ТА СУННАТ ТЎЙЛАРИ

      Наврўз- меҳр-оқибат, хайру саховат байрами ҳамдир. Минг йилликлар қаъридан ўтиб, ҳар йили юртимизда меҳмон бўлиб, нафасида барака олиб келадиган ушбу қадимий ва навқирон байрами арафасида Мустақиллик йилларида турли саховат тадбирлари ўтказиш урф-анъанага айланиб қолган. Бу йил ҳам ушбу анъаналар маромига қўйиб ўтказилмоқда.
“Гулистон нефтбазаси” унитар корхонаси меҳнат жамоаси Гулистон маданият ва истироҳат боғида ёзган дастурхон атрофига нафақат ишчи-ходимлар, балки, Болалар шаҳарчасидан жажжи меҳмонлар ҳам ташриф буюришди. Корхона маъмурияти ва касаба уюшмаси маблағлари ҳисобидан 17 нафар ўғил боланинг суннат тўйи ўтказилди.
– Ҳар йили халқимизнинг севимли байрами Наврўзни жамоамиз билан кўтаринки руҳда нишонлаймиз. Бизнинг жамоамиз кўп миллатли жамоа, 10 га яқин миллатга мансуб ҳамюртларимиз меҳнат қилишади, – дейди корхона бошланғич касаба уюшма қўмитаси раиси Ҳамид ака Мирзаев. – Бу йил Президентимиз ташаббусларига “лаббай” деб жавоб бериб, истироҳат боғида халқ сайлига чиқдик, шу ернинг ўзида байрам дастурхони ташкил қилиб, суннат тўйларини ҳам ўтказиб юборяпмиз. Шунингдек, касаба уюшма маблағидан 15 та фахрийга ташаккурнома ва совғалар ташкил қилдик.
Вилоят “Пахтасаноат” ҳудудий филиали ишчи-ходимлари ҳам байрам сайлида иштирок этишиб, турли баҳорий таомлардан дастурхон тузашиб, меҳмон кутдилар.
– Байрам дастурхонимиз барча учун очиқ, дарвозадан келганга сумалак улашиб, кутяпмиз, – дейди корхона бошланғич касаба уюшма қўмитаси раиси Матлуба Абдумавлянова. – Кўриб турганингиздек, келин-куёвларимиз ҳам бор, “келинсалом”лар даврамизга файз қўшмоқда.
Шу куни Сирдарё вилоят ер-мулк кадастри, ОқолтинДон ва ХовосДон акциядорлик жамиятлари меҳнат жамоалари ҳам байрам дастурхонлари ясатишиб, халқ сайлига келганларни меҳмонга чорладилар. Ҳамма шод-хуррам, шўх куй-қўшиқлар остида рақс хиром этишди. Гул ва шарлардан ясалган дарвозалар олдида миллий кийимлар кийган қиз-йигитлар қўллари кўксида, ташкилот ва корхоналар томонидан ташкиллаштирилган миллий буюмлар кўргазмалари кўзни олгудек.
Гулистонда халқ сайли давом этмоқда.

Зебо Ҳайдарова

Print Friendly, PDF & Email
Click to listen highlighted text!