Click to listen highlighted text!

ЎЗБЕК РАҚСЛАРИ ЖОЗИБАСИ БЕТАКРОР

            “Сирдарё наволари” академик ансамбли яқинда яна бир ижодий сафардан қайтди. Шуни таъкидлаш жоизки, Таиланднинг Бангкок шаҳрида бўлиб ўтган ушбу мусиқа ва санъат фестивалига бориш Ўзбекистондан ягона жамоа “Сирдарё наволари” академик ансамблига насиб этди. Суҳбатдошимиз Ўзбекистон халқ таълими аълочиси, балетмейстер Барно Холиқова:
– Фестивалда 14 та давлатдан 14 та ансамбль иштирок этди. Ўзбекистон, Исроил, Ҳиндистон, Мўғулистондан борган бадиий жамоалар энг яхши тайёрланган мазмунли ва гўзал дастурлари билан фахрли тўртликдан жой олди. Фестиваль президенти жаноб Тодд Лавелли бизнинг ансамблимизнинг чиқишлари ҳақида алоҳида тўхталди.
Фестиваль талаби ва шартига кўра бу галги чиқишларда ҳам асосан миллийликка алоҳида эътибор қаратилди. “Муножот”, ”Тановар”, “Дилхирож” ва бошқа мумтоз ашулалар билан бирга, фольклор ва халқ куй-қўшиқлари, хоразмча ҳамда сурхонча йўналишдаги шўх оҳангларга қизларимиз хиром этишди. Бу гал ўзига хос янги “Гилам тўқувчи қизлар” рақсини илк марта ушбу фестиваль саҳнасида Муштарий Дўсматова, Анна Марченко, Машҳура Юсупова, Наргиза Назаровлар маҳорат билан ижро этишди. Мезбон ва меҳмонларни ҳар бир қўшиқ ва рақсга мос миллий либосларимиз, бетакрор гўзал безакларимиз, шу жумладан, момоларимиздан қолган турли дўппилар, зебигардону, тиллақошлар, айниқса, камалакдек товлангувчи адрасу атлас, беқасамдан тикилган ва зардўзи камзулу тўнлар ҳайратга солди.
Концертлардаги яхши чиқишларимиз туфайли бизни Таиланднинг денгиз бўйида жойлашган энг чиройли шаҳарларидан бири Патайяга дам олишга таклиф этишди. Денгиз қирғоғидаги сўлим гўшалар, боғларда дам олдик, катерда, қайиқларда сайр қилиб, мириқиб ҳордиқ чиқардик. Бу ерда сайёҳлар учун ташкил этилган савдо растларидан эсдалик сифатида турли совға-саломлар харид қилдик. Бундан ташқари, Бангкокнинг маданият масканларида, сайлгоҳларида концертлар қўйдик, маҳаллий аҳоли ва фестивалнинг бошқа қатнашчилари билан ўз юртларимиз, халқларимиз ҳаёти, санъат тўғрисида суҳбатлашдик.
Энг эсда қоларлиси шуки, фестиваль охирида куйлаш учун дўстлик ҳақида биргаликда янги қўшиқ яратишга имкон яратилди. Созандаларимиз овоз ёзиш студиясида мезбонлар билан бирга ижод этишди. Қўшиқ бошқа жамоалар билан бирга куйланди, энг қувончлиси, “Буюк ипак йўли” деган нақарот ўзбек тилида янгради. Ҳаяжонли воқеалардан бири шуки, ёпилиш тантанасида саҳнага фақат Ўзбекистон байроғини олиб чиқишга рухсат берилди. Ўзим ғурур ва ифтихор билан байроғимизни кўтариб чиққанимда, жамоамизнинг ҳар бир аъзоси кўзида севинч ва фахрдан ёш қалқди. Фестивалнинг барча иштирокчилари узоқ вақт бизни олқишлашди.

Холида Эшонқулова суҳбатлашди.

Print Friendly, PDF & Email
Click to listen highlighted text!