ИСТЕЪДОДЛАР ОРАМИЗДА
-Ёшларимиз кучли, ютуқлари катта. Биз уларнинг ёшида бу муваффақиятларни фақат орзу қилардик, – деб хоналарида қарши олди таълим, фан ва маданият ходимлари касаба уюшмаси вилоят бўйича масъул ташкилотчиси Алижон Мамарасулов. – Буни қаранг, 11 ёшли туман мактабининг ўқувчиси Халқаро танлов сертификатини қўлга киритибди.
– Бўладиган бола ўн ёшидан маълум, дейдиларку, аждодларига муносиб ворис шунақа бўладида,- дейман. Буюк боболаримиз ҳам айни шу ёшларда болалик кезларда ўз иқтидорларини намойиш қила олишган. Албатта, буларнинг барчаси истиқлол туфайли, унинг берган имкониятларидан.
Боёвут туманидаги 6 – ўрта умумтаълим мактабининг 4-синф ўқувчиси Лочинбек Зокиров аъло баҳоларга ўқиш билан бирга тасиврий санъат йўналишида қатор ютуқларга эришган.
2014 йилдан “Ёш рассомлар” танловларида қатнашиб, дастлаб 2-, сўнгра 1- ўринлар соҳибига айланди. У чизган суратларни вилоят санъат мухлислари таниб улгуришган. 2016 йил “Ёш рассомлар кўргазмаси” иштирок этиб 2-ўринга муносиб топилди. Шу йилнинг август ойида ўтказилган “Бу яшил замин кимники?” мавзусидаги Халқаро болалар расмлар танловидаги иштироки Лочинбек ва унинг устози Карим ака Мирзаевни жуда хурсанд қилди. Дунёнинг 94 та мамлакатларининг 17891 нафар болажонлари беллашган Халқаро танловда ғолибликни қўлга киритди. ЮНИСЕФнинг Япония бўлими ва халқаро танловнинг совғалари ва сертификатини билан тақдирланди.
Шогирдимдан умидларим катта, – дейди ёш рассомнинг устози Карим ака.-У рангларни яхши ҳис қилади, чизганларида самимийлик, болаликнинг таассуротлари акс этади. Шу сабаб ҳам бир томоша қилгандаёқ эсда қолади.
Бутун мактаб жамоаси Лочинбек ва устози Карим акадан хурсанд. Улар билан фахрланишади. Шу ўринда тасвирий санъат ўқитувчисининг жамоадаги кўп йиллик ўрни ва мавқеи борлигини айтишимиз мумкин. Карим ака 60 нафар ходими бор жамоада бошланғич касаба уюшмаси раиси вазифасини фидойилик билан бажариб келмоқда. Ходимларнинг меҳнат ва турмуш шароитларини ўрганиш, иш берувчи ва ходим муносабатларига кўмаклашиш, умуман, бир сўз билан айтганда, ишхона осойишталигига беминнат хизматни амалга ошириб келмоқда. Ўтган йили 8 Март, Мустақиллик байрамларида, Ўқитувчи ва мураббийлар кунида ходимларга эсдалик совғалари берилди. Кам таъминланган 3 нафар ходимга моддий кўмак кўрсатилди. “Турон” санаториясида 2 нафар ходимларнинг саломатликлари тикланишига кўмаклашилди. Бу йил ҳам хайрли ишлар давом эттирилиб, эҳтиёжманд оилалар сирасига мансуб ходимларнинг 10 нафар фарзандлари учун концерт чипталари олиб берилди. 8 Март байрами муносабати билан 4 нафар аёлларга Тошкент шаҳридаги концерт дастурига бепул йўлланма берилди. Шунингдек, мактабда маънавият соатлари, спорт тадбирлари доимий равишда ўтказиб келинмоқда.
Озода МАМАДАЛИЕВА,“Ishonch” мухбири