ТЕЛЕИЖОДКОРЛАР НАВРЎЗ БАЙРАМИНИ НИШОНЛАДИЛАР
Байрамлар, тадбирларда бўлганмисиз? Ҳамма шоду хуррам, сйар қилиб юрган, ёки дастурхон атрофида дийдорлашаётган вақтида елкасига камера қўйиб олган тасвирчи ва микрофон тутиб олган мухбирлар тинимсиз хизматда бўлишади. Табиийки, улар учун байрам ва тадбирлар ўтадиган кун – ниҳоятда масъулиятли иш куни. Шу боис ҳам теле-радиоижодкорлар ҳамиша байрамни кейин нишонлашади. Сирдарё вилоят телерадиокомпанияси ходимлари ҳам Наврўз байрамини бугун нишонладилар.
-Наврўз байрамини халқимизда то март ойининг сўнгги кунига қадар нишонлашади, демак, биз кеч қолмадик, – дея кулади сумалак қайнаётган дошқозон атрофида куймаланаётган аёлларга ёрдамлашаётган Сирдарё телерадиокомпанияси бошланғич касаба уюшма қўмитаси раиси Асилбек Шодмонқулов. – Биз айнан ушбу кунда байрам тадбири ташкил қилаётганимизнинг сабаби, устозларимиз, бугунги кунда пенсияда, кексалик гаштини сураётган, ёки бўлмасам, тақдир тақозоси билан бошқа жамоаларда меҳнат қилаётган собиқ ҳамкасбларимизнинг ҳам вақтини ҳисобга олдик.
Телерадиокомпаниянинг ижодкор аёллари ва қизлари миллий таомлар тайёрлашда ҳам уста эканлар. Кўк сомсалар ва чучваралар, исмалоқли салатлар билан безатилган байрам дастурхони таклиф этилган 10 дан ошиқ фахрий меҳмонларнинг ҳам эътирофига сазовор бўлди.
-Мана икки йилдирки, телерадиокомпания жамоаси Наврўз байрамини нишонлашга таклиф этишади, – дейди журналист Дилором Исмадиёрова. – Мен ушбу телерадиокомпания ишга тушган дастлабки кунлардан шу ерда фаолият олиб бордим. Оддий муҳаррирликдан директор ўринбосари лавозимигача бўлган йўлни босиб ўтдим. Ҳозирда пенсиядаман. Қадрдон жамоамнинг байрам тадбирида иштирок этиш менга қувонч бағишлайди. Мана ҳозир ҳам қадрдонларим – телевидениенинг биринчи раиси Турғун Норқулов, собиқ бош режиссёр Гулчеҳра Пардаева, пенсияга чиқса-да фаолиятдан тўхтамаган радио бош муҳаррири Анорбой Қаҳҳоров ва бошқалар билан дийдорлашиб, кўнглим фахрга тўлди. Ўзим меҳнат қилган ушбу даргоҳнинг капитал таъмирланаётганлиги, айниқса, радио ва телевидение монтаж хоналари, студияларининг тўлиқ таъмирланиб, замонавий ҳолатга келтирилгани ҳавасимни келтирди. Ёш ижодкорларга биз орзу қилган шароитда ишлаб, ижод қилаётганларини, эндиликда шунга муносиб кўрсатув ва эшиттиришлар тайёрлашлари лозимлигини айтдим.
Тўғриси, кейинги икки йил ичида Сирдарё телерадиокомпанияси ижодий фаолиятида олдинга силжишлар бўлди. Жамоада янги қиёфалар, эфирда янги кўрсатувлар ва янги эшитттиришлар пайдо бўлди.
– Бунинг барчаси раҳбаримиз Зафар Дархоновнинг ҳаракатчанлигидан. У киши кўп йиллар “Ўзбекистон” телеканалининг “Ахборот” теледастурида ижод қилганлар, катта даргоҳларда тажриба орттирганлар, шу боис ҳам бизнинг меҳнат жамоамизга келган кунидан бошлаб, аввало ижод учун қулай шароит яратишни ўзига мақсад қилиб қўйган, – дейди телебошловчи Дилноза Умрзоқова.
– Ҳангомани кейин қиламиз, энди ҳамма рақсга, – дея эълон қилади тележурналист Тоҳир Самиев. Тоҳир ака асли хоразмлик бўлгани учун дарҳол телеижодкорлар байрамида хизмат қилгани келган Ҳалимахонга “Лазги” қўшиғини буюртма қилади. Шогирдлар олқишлари остида устозлар чиройли хиром айлайдилар. Ҳа, ижодкор халқи нафақат кўрсатув ва эшиттиришлар билан элнинг кўнглини олишни, балки байрам қилишни ҳам ўрнига қўяди. Дилрабо куй-қўшиқлар остида меҳнат жамоаси қадимий ва навқирон байрам – Наврўз тадбирини кўнгилли ўтказдилар.
Зебо Ҳайдарова