Click to listen highlighted text!

ХОВОСЛИК “ЁШ ЧЕГАРАЧИЛАР ” РЕСПУБЛИКА БОСҚИЧИГА ЙЎЛЛАНМА ОЛДИ

        Ховос туманида ўрта махсус, касб-ҳунар таълими бошқармаси тасарруфидаги академик лицей ва касб-ҳунар коллежлари ўқувчилари ўртасида “Ёш чегарачилар” республика ҳарбий ватанпарварлик мусобақасининг Сирдарё вилояти босқичи бўлиб ўтди.

        Ўзбекистон Республикаси Миллий хавфсизлик хизмати Давлат чегараларини ҳимоя қилувчи қўмитаси, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати Сирдарё вилояти кенгаши,  вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси ҳамда ўрта махсус, касб-ҳунар таълими бошқармаси ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда Президентимиз раҳнамолигида жисмонан соғлом, интеллектуал салоҳиятли авлодни вояга етказиш борасида амалга оширилаётган ишлар юксак самаралар бераётгани таъкидланди.

         Мусобақада чегара ҳудудида жойлашган шаҳар ва туманлардаги касб-ҳунар коллежларининг илк босқич ғолиблари 12 шарт бўйича назарий ва амалий билимларини синовдан ўтказишди.

     – Ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, Ватан ҳимоячиси бўлишдек шарафли касбга меҳр уйғотиш, юртимиз тинчлиги, сарҳадларимиз дахлсизлигини таъминлаш учун масъулиятни кучайтириш, ҳарбий билим юртларига ўқишга киришлари, мамлакатимиз Қуролли Кучлари сафида муддатли ҳарбий хизматга руҳан ва жисмонан тайёрлашда муҳим аҳамиятга эга, – дейди “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати вилоят кенгаши бўлим мудири Эркин Аҳмедов. – Тадбирга ташриф буюрган “Ёш чегарачилар” жамоалари ҳар томонлама пухта ҳозирлик билан келишганини беллашувлар давомидаги кескин ва муросасиз курашлар ҳал қилди.

    Ҳакамлар ҳайътининг қарорига кўра Ховос транспорт касб-ҳунар коллежининг “Хумо” жамоаси биринчи ўринни эгаллади ва танловнинг мамлакат босқичига йўлланмани қўлга киритди. Иккинчи ва учинчи ўринларга Мирзаобод хизмат кўрсатиш касб-ҳунар коллежининг “Бургутлар”, Сирдарё туманидаги Синдоробод қурилиш касб-ҳунар коллежининг “Қўрғон” жамоалари лойиқ топилди.

     Танлов ғолиб ва совриндорлари ташкилотчиларнинг диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.

 

А.ҚАЮМОВ, ЎзА мухбири

Print Friendly, PDF & Email
Click to listen highlighted text!