Click to listen highlighted text!

СИРДАРЁДА КООПЕРАЦИЯ АЛОҚАЛАРИ МУСТАҲКАМЛАНМОҚДА

        Сирдарё вилоятидаги йирик саноат корхоналари ҳамда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари иштирокида ўтган ҳудудий саноат ярмаркаси ва кооперация биржасида саноат маҳсулотлари хариди ва ҳамкорликка оид ташқи бозор учун 11,5 миллион долларлик, ичики бозорга эса 175,5 миллиард сўмлик шартномалар имзоланди. 

      Ярмаркада вилоятда фаолият юритаётган йирик ва кичик ишлаб чиқариш корхоналари, хусусий тадбиркорлар билан бирга,  Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва вилоятлардан жами 200 га яқин корхона мингдан ортиқ маҳсулотлари билан иштирок этди.

       Анжуманнинг очилиш маросимида сўзга чиққан вилоят ҳокими Ғофуржон Мирзаев, Халқаро саноат ярмарка ва Кооперация биржаси дирекцияси раисининг ўринбосари Суратилла Исматов ва бошқалар Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 1 февралдаги “Тадбиркорлик субъектларига давлат хизматларини кўрсатиш механизмларини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорининг ижросини таъминлаш доирасида тадбиркорлик субъектларига давлат хизматлари кўрсатишнинг сифати ва ошкоралигини, улардан фойдаланиш имкониятларини янада ошириш, тадбиркорларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтириш ҳамда жойларда халқ билан бевосита мулоқотнинг самарадорлигини таъминлаш хусусида тўхталиб, хусусий секторнинг эркин ва самарали фаолият юритиши учун қулай ишбилармонлик муҳити яратиш борасида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар ушбу тармоқнинг иқтисодиётимиз тараққиётидаги ўрнини янада юксалтиришда муҳим омил бўлаётганини таъкидлади.

     Мамлакатимизда амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар маҳаллий хомашё асосида рақобатбардош, экспортбоп ва импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар, бутловчи ва эҳтиёт қисмлар ишлаб чиқараётган йирик саноат корхоналарининг кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари билан ҳамкорлигини мустаҳкамлашда муҳим омил бўлиб хизмат қилаётир. Хусусан, маҳаллийлаштириш дастурининг самарали амалга оширилиши натижасида ишлаб чиқариш корхоналари ўртасидаги кооперация алоқалари ривожланиб, маҳсулот тури ва сифати ошмоқда. Буни жорий йилги ҳудудий ярмаркада ўз маҳсулоти билан қатнашган саноат корхоналари сони ўтган йилга нисбатан 111,5 фоиз кўпайиб, уларнинг 80,3 фоизини кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари ташкил этаётганида ҳам кўриш мумкин.

         Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, оилавий бизнес фаолиятига кўпроқ эътибор қаратилиши ҳамда ишлаб чиқариш ва янги иш ўринлари яратишда ривожланаётган корхона ва тадбиркорларнинг ҳукуматимиз томонидан рағбатлантириб борилиши ҳамда уларга кўрсатилаётган ғамхўрликлар туфайли маҳаллий хомашёдан тайёрланган харидоргир, импорт ўрнини босувчи сифатли маҳсулотлар тури мамлакатимизда йилдан-йилга ортиб бораётир. Бу ўз навбатида ишлаб чиқариш истеъмолига янги кириб келаётган тадбиркорлар фаолиятини қўллаб-қувватлаш, маҳаллий хомашё асосида ишлаб чиқариладиган маҳсулотлар турини кўпайтиришга замин бўлувчи материллар бозорини шакллантириш, товар ва хизматлар рекламасини ташкил этишда амалий ёрдам бўлиб хизмат қилмоқда.

        Кўргазмада мамлакатимизда ишлаб чиқарилаётган ҳар хил русмдаги автомобиллардан тортиб, сифати кафолатланган, чиройли, бежирим, ўқув даргоҳлари, шифохона, хонадон ва офисларга мўлжалланган қаттиқ ҳамда юмшоқ мебеллар, уй жиҳозлари, гилам ва трикотаж буюмлари, машинасозлик, халқ истеъмоли моллари, турли-туман қурилиш маҳсулотлари, полиэтилен қувурлар, парфюмерия товарлари, қандолат, озиқ-овқат маҳсулотлари кенг ассортиментда намойиш этилди. Савдо ва хизмат кўрсатиш корхоналари, фермер хўжаликлари, тадбиркорлар маҳсулот харид қилиш юзасидан шу ернинг ўзида келишувга эришиб, шартномалар имзолади. Вилоят иқтисодиёт бош бошқармаси, тижорат банклари ва бошқа мутасадди ташкилотлар бу борада уларга услубий ва амалий ёрдам кўрсатди. Ярмаркага чиқарилган товарларнинг ўндан ортиғи янги турдаги маҳсулотлар эканини ҳам алоҳида таъкидлаш лозим.

     – Мазкур ярмарка биз, тадбиркорлар учун ўз маҳсулотимизни намойиш этиш ва буюртмачилар сонини янада ошириш, ишлаб чиқарувчилар билан ҳамкорлик алоқаларини янада мустаҳкамлашда қулай имкониятлар яратиб бермоқда, – дейди “Сайхун бунёдкор қурилиш” хусусий корхонаси раҳбари Ойбек Ниёзов. –  “Микрокредит банк” вилоят филиалидан 39 миллион сўм кредит олиб, корхонамизга энг замонавий хориж технологиялари асосидаги дурадгорлик ускуналари ва дастгоҳларини ўрнатдик. Ишлаб чиқарган маҳсулотларимиздан олинган даромад ҳисобига кредит қарзларимизни аллақачон ёпганмиз. Асосий корхонамиз жойлашган Гулистон шаҳридаги ва Сайхунобод туманидаги филиалимизда тайёрланаётган МДФ шпон ҳамда алюмин пластик эшик ва ромларимиз сифати, мустаҳкамлик даражаси, яроқлилик муддатининг давомийлиги, бежиримлиги ва энг муҳими арзонлиги билан нафақат вилоятимизда, балки қўшни вилоятлардаги мижозлар ҳам қурилиш учун катта қизиқиш ва эътибор билан харид қилишмоқда.

       Айни чоғда доимий иш ўрини билан таъминланган 12 нафар ишчимизнинг 6 нафарини касб-ҳунар коллежи битирувчилари ташкил этади. Банкдан яна 150 миллион сўмлик кредит олиш учун ўз бизнес режамизни тақдим этганмиз. Мақсадимиз – фаолиятимизни янада кенгайтириб, маҳсулот тури ва миқдорини ошириш, яна қўшимча янги иш ўринлари яратишдир. Бугунги кўргазмада 10 дан ортиқ шартномалар имзолашга эришдик.

    Йирик саноат корхоналари ҳамда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари иштирокидаги Гулистон шаҳрида ўтган ҳудудий саноат ярмаркаси ва кооперация биржасида корхона ва ташкилотлар, муассасалар, хўжалик юритиш субъектлари ҳеч қандай тендер танловисиз ўзаро шартномалар имзолаш ва маҳсулот харид қилиш имкониятига эга бўлишди. Ҳудудий саноат ярмаркасида саноат маҳсулотлари хариди ва ҳамкорликка оид ташқи бозор учун 11,5 миллион долларлик, ичики бозорга эса 175,5 миллиард сўмлик шартномалар имзоланди.

       Ярмаркада вилоят ҳокими Ғофуржон Мирзаев сўзга чиқди.

 

                                                                              Зебо Ҳайдарова

Print Friendly, PDF & Email
Click to listen highlighted text!