ҲОКИМ КИТОБ УЛАШМОҚДА? КИМЛАРГА?
Бугун китоб ҳақида суҳбатлашамиз. Китоб ахборотни, ғоя, образ ва билимларни сақлаш ҳамда тарқатиш воситаси ҳисобланади. ЮНЕСКОнинг тавсиясига кўра, ҳажми уч босма қоғоздан ортиқ, яъни 48 саҳифадан кам бўлмаган босма асарни шартли равишда китоб дейиш қабул қилинган.
Қоғознинг кашф қилиниши китоб тарихида янги давр очди. Айрим маълумотларга қараганда 650 йиллардаёқ Самарқандда қоғозли китоблар бўлган.
Севимли ёзувчимиз Ойбек ўзининг битикларида “Китоб инсонлар тафаккури жавоҳирларини йиғиб, авлодларга мерос қолдиради” деган.
Китоб – арабча сўз бўлиб, бирор матн ёзилган варақлардан иборат, муқоваланган босма асар. Одатда, қадимги қўлёзма асарларни ҳам китоб деб атаймиз.
Китоб пайдо бўлибдики, у ўсишда, ривожланишда. У ўзининг хизматлари билан жамият тараққиётига ҳам муносиб улуш қўшиб келмоқда. Масалан, агар китоб бўлмаганда эди, биз тарихимиз, аждодларимиз ҳақида ҳеч нарса билмас эдик.
Китобхон – китобни ўқувчи ҳисобланади. Шуниси этирофга лойиқки, ҳар қандай замонда ҳам китоб ўқувчи қадрланган. Чунки у бошқаларга қараганда кўп нарсани билган, онги, дунёқараши, ҳаётга муносабати бошқаларга нисбатан пешқадам бўлган.
Ҳозир-чи? Ҳозир ҳам шундай. Ҳар қандай даврада ҳам китоб ўқиган, китоб ўқимаганни осонгина ажратиш мумкин. Китоб билан ошно бўлган киши ҳар жиҳатдан бошқалардан устун.
Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 12 январдаги «Китоб маҳсулотларини чоп этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғибот қилиш бўйича комиссия тузиш тўғрисида»ги Фармойиши китоб мавқеини ошириш, китобхонлик маданиятини янада юксалтиришда муҳим дастуриламал бўлиб хизмат қилаётгани таъкидланди.
Китобхонлик ҳам ҳар хил бўларкан. Китоб сотувчисининг гапига қараганда бир киши китоб дўконига қачон китоб олиб келинса, у ҳозир-у нозир бўлиб, нодир китобларни харид қиларкан. Харид қилганда ҳам бўйини, энини ўлчаб кўриб, кейин оларкан.
– Нега? – дедим қизиқиб.
– Биласизми, у кутубхонаси учун китоб танларкан. Ўзи ўқимаса ҳам, бир хил бўйли, муқоваси қалин, бир рангдаги китобларни пули қандай бўлишидан қатъи назар, у китоб бадиийми, илмийми, илмий-оммабопми, харид қилаверар экан, – дейди китоб сотувчи.
Биз талабалигимизда стипендия чиқиши билан камида ўнта китоб олар эдик. Улар шунчаки олинмас, қўлма-қўл бўлиб ўқиларди. Айниқса, пахта теримига чиққан вақти, ёмғир ёққан куни китоб ўқимаган одам кам топиларди.
Мен вилоятимиз ҳокими Ғофуржон Мирзаевни қанчалик китобсевар эканлигини ўз кўзим билан кўриб, унга бўлган меҳрим ошди. Жамоамизда туғилган кунда у киши, туғилган кун соҳибига албатта, китоб совға қилади. Менга ҳам шундай бўлган. Отлар ҳақидаги китобни ҳижжалаб ўқишдан толмайман, қайта-қайта мутолаа қиламан. Қаранг-а, отларни биламиз, минамиз экан-у, дунё отларидан бехабар эканмиз. Оти билан дунёга машҳур бўлган давлатлар, чавандозлар, отбоқарлар тўғрисида саёз билимга эга эканмиз.
Вилоят ҳокими хизмат машинасининг багажида ҳамиша китоб олиб юради. Чигит экиш даврида қайси далага бормасин, қайси механизаторни кўрмасин, “Бўш бўлганда ўқийсиз” дея қўлига китоб тутқазади. Ғўзани культивация қилаётган, ёши улуғроқ акахонимизга “Ишингиздан хурсандман. Мана бу китобни олиб бориб, фарзандларингизга беринг, биргаликда ўқинглар. Вақтингиз бекор ўтмаганидан ўзингиз ҳам, болаларингиз ҳам хурсанд бўлишига аминман” деган гапини эшитганим бор.
Айтишларига қараганда (Ахир, бу хилдаги гаплар эл орасида тез тарқалади-да) ҳоким пиллакорлар хонадонига кирганда ҳам, далага ўғит сочаётган ғаллакорга ҳам китоб бераркан.
Яқинда вилоятимизда бешта роман ёзган ёш ёзувчи иккита китобининг тақдимот маросими бўлиб ўтди. Ҳоким шу маросимда иштирок этиб, сўзга чиқиб, шахсий кутубхонасида 3,5 мингдан зиёд китоб бор эканлиги ҳақида гапирган эди. Китоб ўқилгандан кейин китоб жавонидан ўрин олишини, ҳатто қишлоқдаги кутубхонада йўқ китоблар бу китоб жавонидан топилишини айтиб берганди.
Боёвут туманига қишлоқ оралаб бораётган вилоят ҳокими ариқдаги сувга оёғини ботириб, дарахт остида, қуюқ сояда китоб ўқиб ўтирган қизчани кўриб, машинасини тўхтатиб, у билан суҳбатлашгани, қизчанинг қўлидаги увадаси чиқиб, йиртилиб кетган китобни кўриб, унга иккита саргузашт китоб совға қилгани ҳақидаги хабар ҳали қоронғу тушмай қишлоққа овоза бўлиб кетди.
Қизгина китобни қўлларига олиб, кўзидаги ёши билан раҳмат деди. Аммо “Сиз кимсиз? Нега менга китоб совға қиляпсиз?” дея сўролмади.
Ҳамқишлоқлари шу ердан вилоят ҳокими ўтиб кетганлиги ва қизгина ўтирган жойга тўхтаб, у билан суҳбатлашганини билдилар.
Хизмат тақозоси билан ишхонадан чиқаётсам, ҳокимнинг хизмат машинаси багажига китоблар тахланаётганини кўрдим ва бу ҳам кимларгадир совға эканлигига ҳеч шубҳа қилмадим.
– Китоб тарқатиш менинг одатимга айланиб қолган. Ўзим китобни севаман, бошқаларни ҳам китобга меҳрини оширишга ҳаракат қиламан. Ҳаётда менинг шиорим – китоби бор хонадон тунда ҳам чароғон бўлади, – дейди Ғофуржон Ғаниевич.
Ортиқ СУЛТОНОВ.