615 ТОННА СИРДАРЁ ПИЛЛАСИ УЧУН
Сирдарё вилоятида ҳар йили 600 тоннадан зиёд сифатли пилла етиштирилади.
-Бу йил ҳам вилоятимизнинг моҳир пиллачилари 11130 қути ипак қурти парваришлаяптилар, – дейди “Сирдарёпилла” ХБ раиси Ш.Султонов. – бу йилги мавсумни уюшқоқлик билан ташкил этиш ва белгиланган миқдорда сифатли пилла тайёрлаш мақсадида вилоят ҳокимининг 2017 йил 30 январдаги 39 –сонли қарори қабул қилинган бўлиб, ушбу қарорла барча ишларни тизимли ташкил этиш бўйича аниқ чора-тадбирлар белгилаб берилган. Жорий йилда пилла тайёрлаш юзасидан 4220 та фермер хўжаликлари билан 615 тонна сифатли кумуш тола етиштириш бўйича контрактация шартномалари тузилган. Шунга кўра фермер хўжаликлари ўз навбатида ипак қурти боқувчилари билан 11130 қути ипак қуртини парваришлаб бериш борасида ички меҳнат шартномалари тузиб олишган. Шуни айтиш жоизки, ипак қурти парваришлаш учун тутзорларимиз етарли, жами 1017,5 минг дона якка қатор тут дарахтлари ҳамда 1493,7 гектар тут плантацияларимиз мавжуд. Бугунги кунда ушбу тутзорлар оралиқларига ва тут қаторларига агротехник ишлов бериб бўлинган. Жорий йил баҳорида 380 минг дона тут кўчати экиш режалаштирган эдик, бугунги кунда 387,8 минг дона кўчат экдик, режа 102 фоизга бажарилди. Бундан ташқари, интенсив технологиялар асосида 27 гектар тутзорлар барпо этилди. Ҳозирда Боёвут туманилик якка тадбиркор А. Иноятуллаев 210 минг дона, Гулистон туманилик якка тадбиркор Х.Нурбоев 180 минг дона тут ниҳолларини экиб, парваришламоқдалар.
Айтиш керакки, ҳар йили ипак қурти парваришловчиларнинг звенолари тузиб олинади. Бу йил ҳам 7757 та звено пилла парвариши билан машғул. Ипак қурти боқувчиларга ҳар бир қути ипак қурти учун 1 қопдан ун ва 5 литрдан пахта ёғи тарқатиб бўлинди. Албатта, пилла топшириш режасини қойиллатиб бажарганлар вилоят, туман ҳокимликларининг қимматли совғалари билан тақдирланадилар.
– Ушбу соҳанинг ривожида вилоят хотин-қизларининг катта ҳиссаси бор. Машҳур пиллачилар – сардобалик Озода Раҳматова, боёвутлик Ойхол Мусаеваларни нафақат вилоятимизда, балки республикамизда ҳам яхши танишади. Пиллачи опалар давлатимиз томонидан доимо рағбатлантирилиб келинмоқда, – дейди вилоят ҳокими ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси Дилфуза Уралова. – Албатта, бу йил ҳам илк ҳосил – “кумуш тола” хирмони юксалишига ҳисса қўшган моҳир пиллачиларимизни муносиб тақдирлашни кўзда тутганмиз.
Вилоятимизнинг чўл зонаси – Оқолтин туманида ҳам ипак қурти парвариши қизғин паллага кирди. Бугунги кунда туманда минг қутидан ортиқ ипак қурти парваришланмоқда. Табиати жуда нозик ушбу қуртнинг кумуш толага айланиши учун опа-сингилларимиз, фермер хўжаликлари ишчилари тинимсиз меҳнат қилмоқдалар. Мақсадимиз – стратегик муҳим хомашё бўлган сифатли пиллани режадагидан-да ошириб, давлатимизга етказиб беришдан иборат.
Наргиза Тожибоева, Оқолтин тумани хотин-қизлар қўмитаси раиси