Click to listen highlighted text!

БАРҚАРОРЛИК ГАРОВИ

            Яқинда Сирдарё шаҳар 12-сонли болалар мусиқа ва санъат мактабида вилоят ҳокимлиги ҳамда Ўзбекистон хорижий мамлакатлар билан дўстлик ва маданий-маърифий алоқалар жамиятлари Кенгаши ҳамкорлигида “Миллатлараро ҳамжиҳатлик ва тотувлик–барқарорлик гаровидир” мавзусида семинар ўтказилди. Шу куни ушбу масканда миллатлараро муносабатларни акс эттирувчи кўргазма ташкил этилди.
Ушбу тадбирда Сирдарё тумани ҳокими ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси М.Хусаинова, тумандаги таълим муассаса директорларининг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосарлари, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди туман бўлинмаси раиси Б.Товбоев, “Камолот” ЁИҲ туман Кенгаши раиси Ғ.Хусаинов, Республика маънавият тарғибот маркази Сирдарё туман бўлими раҳбари А.Мирзааҳмедов, туман бош имом хатиби А.Исмоилов, миллий маданий марказ раҳбарлари ва фаоллар фуқаролар йиғини раислари, ҳудуддаги турли миллат вакиллари, кўча бошилари, нуронийлар, уй бекалари, уюшмаган ёшлар иштирок этди. Тадбирда иштирок этган Ўзбекистон хорижий мамлакатлар билан дўстлик ва маданий-маърифий алоқалар жамиятлари Кенгаши раиси ўринбосари Камолиддин Эшонходжаев, шу ташкилотнинг Сирдарё вилоят бўлими ижрочи директори Тошпўлат Ҳайитбоев, Республика Уйғур миллий маданий маркази раҳбари Х.Баратовалар “Ўзбекистон-кўп миллатли давлат” мавзусида сўзга чиқдилар. Маърузаларда 100 дан ошиқ миллат ва элат истиқомат қилувчи серқуёш юртимизда одамийлик, ўзаро ҳурмат биринчи ўринда туриши таъкидланди. Маърузалар бўйича музокараларда иштирок этган Озарбайжон миллий маркази раҳбари Панох Азизов, Корейс миллий маданий маркази оқсоқоллар кенгаши раиси Климентий Когай, Қозоқ миллий маданий марказ раҳбари Абдуманноп Абдусатторов ва бошқалар ўз миллий маданий марказлари фаолиятлари ҳақида сўзлаб, Ўзбекистон – улар ва уларнинг миллатдошларининг асл ватани экани, ушбу юртнинг тупроғини кўзларига тўтиё қилишларини, муқаддас билишларини айтдилар.
Семинардан сўнг “Шу азиз Ватан барчамизники” мавзусида концерт дастури намойиш этилди. Концерт дастурида турли миллатлар тилида қўшиқлар янгради. Айниқса, Республика Уйғур миллий маданий марказ қошида ташкил этилган “Гулдаста” ансамбли бадиий раҳбари Раъно Ҳошимова томонидан саҳналаштирилган концерт дастури йиғилганларда катта таассурот қолдирди.

У.Мирзарапиева,
Сирдарё туман хотин-қизлар қўмитаси котибаси.

Print Friendly, PDF & Email
Click to listen highlighted text!