БОЛАЖОНЛАР УЧУН ЁЗГИ ҲОРДИҚ БОШЛАНИБ КЕТДИ
Сирдарё вилоятида бу йил ҳам учта стационар оромгоҳ ҳамда 29 та мактаб ва коллежлар қошида кундузги оромгоҳлар ташкил этилди. Ёзнинг жазирама иссиқ, илк кунлариданоқ ушбу оромгоҳларда 4214 нафар ўғил-қизлар яйраб ҳордиқ чиқаришяпти.
– “Болаларни соғломлаштириш ва дам олдириш оромгоҳлари тўғрисида” ги Низом талаблари асосида Сирдарё туманидаги “Сирдарё” болаларни соғломлаштириш оромгоҳининг 3-сменада 810 нафар бола дам олдирилади. Бугунги кунда бу ерда болаларни кутиб олиш учун барча тайёргарлик ишлари кўрилган.
– Жорий йилнинг 10 июнидан ишга тушадиган «Сирдарё» оромгоҳи жами 400 кишига мўлжалланган бўлиб, ётоқ бинолари, спорт майдончалари, болалар ювиниш хоналари ва оромгоҳ ҳудудида мавсум олдидан жорий таъмир, ободончилик ишлари амалга бажарилди, – дейди оромгоҳ раҳбари Мурод Аллаёров. – Мавсум олдидан «Ёзги оромгоҳларда болаларни соғломлаштириш ва кўнгилли ҳордиқ чиқаришларини таъминлаш» мавзусида оромгоҳ раҳбарлари, тарбиячилар, етакчилар, тиббиёт ва ички ишлар ходимлари билан ўқув-семинари ўтказилди. Шуни ҳам айтишим жоизки, ҳудуддаги илгари фаолият юритган тўртта оромгоҳ бирлашиб, вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси тасарруфига ўтказилганлиги ўтган уч йил давомида ўзини тўла оқлади. Ўтган мавсумни муваффақиятли ўтказдик. Бу йил ҳам мавсумга катта тайёргарликлар билан кириб келмоқдамиз, ўйлайманки, аҳил жамоамиз билан эл фарзандларини соғлом, кўнгилли ҳордиқ чиқаришларини самарали таъминлаймиз.
– Ўтган йилда қизалоқларим Малика ва Наималар “Сирдарё” оромгоҳида мазза қилиб дам олдилар, у ерда гимнастика, рақс, расм, шахмат-шашка тўгаракларига қатнашиб, ўзлари учун керакли кўникмалар ҳосил қилиб қайтдилар, – дейди Гулистон шаҳридаги 11-мактаб ўқитувчиси Гавҳар Султонова. – Бу йил ҳам қизларим ёзги ҳордиқни “Сирдарё” оромгоҳида мўлжаллаб туришибди.
Шунингдек, 10 июнь куни Жиззах вилояти Зомин туманидаги жойлашган «Гулистон» ҳамда Боёвут туманидаги «Тараққиёт» СИУ ҳудудида жойлашган «Шодлик» оромгоҳлари ҳам ишга тушадилар.
– Баҳаво Зомин тоғлари бағрида жойлашган “Гулистон” оромгоҳи вилоятимиз аҳолиси фарзадлари ўртасида жуда оммалашган, ҳар йили мавсумда болаларни дам олдириш режасини ортиғи билан бажармоқдамиз. Ўтган мавсумда 5 сменада 1043 нафар бола оромгоҳимизда яйраб ҳордиқ чиқарди. Бу йил ҳам 5 сменада 1000 нафар қоракўзни дам олдиришни режалаштирганмиз, – дейди “Гулистон” оромгоҳи раҳбари Нурмуҳаммад Қурбонов биз билан суҳбатда.
Боёвут туманидаги “Шодлик” стационар оромгоҳи ҳам бу йил икки сменада 180 нафар ўғил-қизлар учун ўз қучоғини очади. Оромгоҳ ишчи-ходимлари болажонларнинг ёзги таътили мароқли ўтиши учун барча шароитни ҳозирлаб қўйишган. Яқин кунларда оромгоҳни болаларнинг шўх-шодон овозлари тўлдиради.
Зебо Ҳайдарова