Click to listen highlighted text!

УСТОЗЛАР ЎГИТИ – ҒАЛАБАГА ЗАМИН

          Мамлакатимиз Президенти раҳнамолигида соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилиш, соҳага замонавий технологияларни татбиқ этиш, тиббий хизмат сифати ва самарадорлигини ошириш, жисмонан соғлом авлодни тарбиялаш, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, тиббиёт муассасалари моддий-техник базасини мустаҳкамлашда муҳим омил бўлиб хизмат қилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 16 мартдаги “Шошилинч тиббий ёрдамни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ижросини таъминлаш мақсадида мамлакат Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва бир қатор ташкилотлар ҳамкорлигида Гулистон шаҳрида ташкил этилган “Ҳамшира – 2017” кўрик-танловининг Сирдарё вилоят босқичининг очилиш маросимида бу алоҳида таъкидланди.
Фуқароларимиз саломатлигини муҳофаза қилиш, жамиятда соғлом турмуш тарзини қарор топтириш, бирламчи тиббий-санитария ёрдами кўрсатишда ҳамширалар муҳим ўрин тутади. Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилида бу йўналишда амалга оширилаётган ишлар кўлами янада кенгаймоқда.
– Айни кунда, вилоятимиздаги тиббиёт муассасаларида жами 11 минг 620 ўрта бўғин тиббиёт ходимлари – ҳамширалар фаолият кўрсатишаётир, – дейди вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бош ҳамшираси Марғуба Нодирова. – Дастлабки вилоят тасарруфидаги шифо масканлари, шаҳар ва туманлар босқичларида 150 нафарга яқин ҳамширалар иштирок этди. Бугун илк босқичда ғолибликни қўлга киритган 14 нафар ҳамшираларимиз ўз маҳоратларини намойиш этди. Кўрик-танлов иштирокчилари тиббиёт соҳасига доир амалий билимлар кўриги, назарий синовлар ҳамда тиббий, ижтимоий, сиёсий билмларини намойиш этишди.
Вилоят кўп тармоқли тиббиёт маркази маслаҳат поликниликаси ҳамшираси Азиза Аҳмедова биринчи ўринни қўлга киритиб, танловнинг республика босқичига йўлланма олди. Иккинчи ўрин Оқолтин туман тиббиёт бирлашмаси ҳамшираси Севара Эшиловага, учинчи ўрин эса вилоят перенатал маркази ҳамшираси Дилдора Бахромовага насиб этди.
– Соғлом турмуш тарзини қарор топтириш, халқ саломатлигини муҳофаза қилишда ҳамширалик тиббиёт тизимининг муҳим бўғинига айланди, – дейди танлов ғолибаси А.Аҳмедова. – Бемор ўз дардига шифо топиб, уйига хуш кайфият билан кетаётганини кўрганимда, ҳамширалик касбини танлаб адашмаганимдан кўнглим тоғдек кўтарилади.
Кўрик-танлов давомида, устозларим ўгит ва насиҳатларига амал қилиб, ўз меҳнат фаолиятим давомида улардан ўрганган энг муҳим жиҳатларни кўрсатишга ҳаракат қилдим. Бу мени ғолиблик сари етаклаганидан жуда ҳам хурсандман.
Ғолиб ва совриндорлар ташкилотчиларнинг диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.

А.ҚАЮМОВ.
ЎзА мухбири

Print Friendly, PDF & Email
Click to listen highlighted text!