Click to listen highlighted text!

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ БИРИНЧИ ПРЕЗИДЕНТИ И. А. КАРИМОВ ХОТИРАСИГА ИФТОРЛИК МАРОСИМИ

 

Мамлакатимизда янгиланиш ва  модернизация қилишнинг янги босқичида илм-фан, маданият ва санъатнинг кенг ўрин  эгаллашига, ёш авлодни миллий  ва умуминсоний қадриятлар, она юртга меҳр ва  садоқат руҳида тарбиялашга катта эътибор  қаратилмоқда. Тинчлик ва барқарорликни сақлаш, инсон ҳақ -ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, унинг янада бахтли яшаши учун қулай шарт-шароитлар яратиб бериш бугунги кунда биринчи даражали вазифа этиб  қўйилмоқда. Аждодларимиздан қолган қадимги  обидаларни асраш, таъмирлаш, масжид ва  мадрасалар барпо этиш, улуғ қадамжоларни обод  этишдек хайрли  ва  савобли ишлар кенг кўламда  давом  эттирилмоқда.

Ҳамжиҳатлик  билан  чуқур ўйланган ишларнинг изчил  амалга оширилаётгани натижасида шаҳару қишлоқларимиз  янада обод, одамлар турмуши фаровон бўлаётир. Ўзбекистон  иқтисоди энг  барқарор  ривожланаётган мамлакатлар қаторидан жой олди. Эндиликда ривожланишнинг янги босқичида қишлоқларга саноатни  жадаллик  билан  олиб кириш,  туманлар, энг чекка  ҳудудларда янги завод ва  фабрикалар,  аҳоли дам  олиш масканлари бунёд этиш ишлари тезкорлик  билан  давом  эттирилмоқда.

Озод ва  обод Ватанни барпо этиш, Ўзбекистонни ривожланган давлатлар қаторига олиб чиқишда Биринчи Президентимиз Ислом  Каримов катта жасорат, фидойилик кўрсатган эди. Кечагина энг яқин  жигари, қариндошининг таъзияси, маъракасига боролмаган одамлар бугун дин  эркинлигига эга бўлдилар. Шаҳару қишлоқларда минглаб масжидлар қурилиб, инсонларнинг инон-ихтиёрига  топшириб қўйилди. Шундай хайрли ишларнинг бошида турган, ўтган 25 йил ичида Ўзбекистонни ҳар  жиҳатдан дунёга танитган, уни тез тараққий қилаётган  мамлакатлар қаторига қўшган, жаҳонда тинчликпарвар раҳбар   сифатида танилган буюк йўлбоши Ислом  Каримовнинг ҳаёт  йўли,  катта жасорати, узоқни кўра олиш салоҳияти барчамиз учун ибрат  мактабидир.

Ўзбекистон  деган  давлатни кўз олдимизга  келтирганда бу инсоннинг  номини, буюк хизматларини эсламаслик асло мумкин эмас. Шу боисдан ҳам  улуғ инсоннинг номини абадийлаштириш йўлида катта ишлар қилинди ва қилинаётир. Қатор илм  масканлари, кўчаларга бу инсоннинг  номи берилди.  Қўшни  Туркманистон давлатида  тинчликпарвар йўлбошчининг номидаги алоҳида кўча барпо этилиб, Ислом Каримовнинг ҳайкали  ўрнатилди. Ҳатто узоқ Америка қитъасидаги Куба давлати биринчилардан бўлиб Биринчи Президентимиз номини абадийлаштирди.

Кеча Ўзбекистон Республикасининг биринчи Президенти Ислом Каримов хотирасига бағишлаб Муқаддас Рамазон ойи муносабати билан вилоятимизда ифторлик маросимлари ташкил этилди. Тадбир давомида Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти ва Президентимиз Шавкат  Мирзиёев ҳақларига дуолар қилинди.

Боёвут  туманидаги   “Марварид” тўйхонасида вилоят  ҳокимлиги ва  Фахрийларни ижтимоий ҳимоя қилиш “Нуроний” жамғармаси вилоят  бўлими ҳамкорлигида Биринчи Президентимиз хотирасини ёд  этиш учун ташкиллаштирилган ифторлик маросимига меҳнат фахрийлари,  имом-хатиблар, ҳожи оталар таклиф этилдилар.

Ислом Каримовнинг Ўзбекистон давлати, унинг халқига қилган улуғ ва унутилмас хайрли ишлари яна бир бор ёдга олинди.

Сирдарё туманидаги “Пахтакор” жомеъ масжити имом – хатиби Улуғбек Қобилов Биринчи Президентимизнинг Ўзбекистон давлати гуллаб – яшнаши, дунёда тинчликни  асраш йўлидаги фидокорона ишлари, жасоратини тилга олиб,  бу зотнинг ҳаққига   Қурон тиловат қилди, хайрли ишлари боқий дунёда ўзларига амал бўлиб, жаннатда савоб ёзилажаклари истагини билдирди. Ифторликда таомлар тортилди. Оқсоқол ва имом – хатиблар намоз ўқиб, Биринчи Президентимиз ва амалдаги Президентимиз ҳақларига  дуо қилдилар.

– Улуғ инсонни хотирлаш,  шаънига яхши гаплар айтиш бахтига мушарраф бўлганимиздан хурсандмиз, – дейди Ширин шаҳрида яшовчи  меҳнат  фаҳрийси Карим бобо Султонов.- Ислом  Каримов узоқни кўра оладиган, катта жасоратли қалб  эгаси,  ҳақиқий   аллома  эди.  Фоний дунёда қилган барча хайрли ва  савобли ишлари  ўзларига амал бўлиб, охиратлари  обод бўлсин.

 

                                       Бозорбой  БЕКМУРОДОВ

Print Friendly, PDF & Email
Click to listen highlighted text!