Click to listen highlighted text!

КАСБ МАҲОРАТИ ТАНЛОВИ

Сирдарё ҳудудий электр тармоқлари корхонаси акционерлик жамияти ва жамият касаба уюшмаси ҳамкорлигида туман, шаҳар бригадалари электрмонтёрларининг касб маҳорати бўйича мусобақа ташкил этилди. Ховос туманида бўлиб ўтган  мусобақада  5 турдаги шартлар асосида  жамоавий беллашилди.

– Корхонамизда ходимлар касб маданияти ва маҳоратларини аниқлаш, шунингдек, меҳнат муҳофазаси тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этиш кўникмасини шакллантиришга кўмаклашувчи мусобақани ҳар йили ўтказилиши анъанага айланган, – дейди бошланғич ташкилот касаба уюшма қўмитаси раиси Шавкат Мирзабеков. – Иштирокчиларимизнинг танловга бўлган қизиқишлари юқорилигини  уларнинг тайёргарлиги,   ғолиб чиқишга интилишларидан сезишимиз мумкин.

Назарий ва амалий шартларни бажарган жамоаларнинг натижалари ҳакамлар  томонидан баҳоланиб борилди. Танлов якунига кўра Мирзаобод, Боёвут ва Сайхунобод  туман электр тақсимлаш тармоқлари бригадалари юқори  кўрсаткичларни қўлга киритишди. Ғолиб жамоаларга диплом ва касаба уюшмасининг қимматбаҳо совғалари топширилди.  Шу билан бирга шартларда намунали иштирок этган бригада электрмонтёрлари “Энг яхши уста”, “Энг яхши иш юритувчи” , “Энг яхши электрмонтёр” каби  номинациялар билан рағбатлантирилди.

 

Озода МАМАДАЛИЕВА,

“Ishonch” мухбири

Print Friendly, PDF & Email
Click to listen highlighted text!