Click to listen highlighted text!

БУХОРОИ ШАРИФ ТААССУРОТЛАРИ

               Касаба уюшмалари тизимида туризмни ривожлантириш, меҳнаткашларнинг мамлакатимизнинг диққатга сазовор жойлари, тарихий шаҳарларга саёҳатини ташкиллаштириш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.Касаба уюшмалари тизимида туризмни ривожлантириш, меҳнаткашларнинг мамлакатимизнинг диққатга сазовор жойлари, тарихий шаҳарларга саёҳатини ташкиллаштириш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

                     Йил бошидан буён Сирдарё вилоятида меҳнаткашларни қадимий шаҳарлар – Хива, Бухоро ва Самарқанд, гўзал пойтахтимиз-Тошкент шаҳрининг янги объектлари, музейлар ва театрларга ташрифи 90 фоизга бажарилди.

                  Сирдарё вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси меҳнат жамоаси ҳам яқинда Бухорои шарифга саёҳат қилдилар. “Афсона” поездида етиб келган саёҳатчиларни “Ўзбекнефтгаз” МҲК, “Ўзнефтгазқазибчиқариш” АК, “Нефтгазқурилиштаъмир” АЖ ларга қарашли “Жўйзар” соғломлаштириш маскани ходимлари кутиб олишди. Шуни айтиш керакки, ушбу маскан сўлим Бухоро туманидаги “Сарҳанг” қишлоғида жойлашган бўлиб, ҳавоси ниҳоятда тоза, суви минерал тузларга бой, қалин дарахтзордан ерга деярли офтоб тушмайдиган гўша экан.  Бири-биридан ширин каломли мезбонлар саёҳатчиларни чиройли ва озода хоналарга жойлаштириб, ширин-ширин таомлар билан сийладилар. Шундан сўнг, автобусларга миниб, Бухоро туманларида жойлашган етти пир зиёратгоҳларига саёҳатга чиқдик. Зиёратни пирлар пири Абдухолиқ Ғиждувоний зиёратидан бошлаб, ҳазрат Баҳовуддин Нақшбандийнинг мақбараларини тавоф этиш билан тугалладик.

                – Мен Бухорога биринчи бор келишим, буюк аллома ва пири комилларга бўлган бундай иззатдан кўнглимизга зиё тўлди, – дейди бирлашма ходими  Дилдора Сайдуллаева.  – Зиёратгоҳларда бизга пири комилларнинг ҳаёти ва фаолияти тарихини сўзлаб беришди. Олам-олам таассурот олдик. Пирлар ҳаққига дуо қилдик, ватанимизга тинчлик-фаровонлик, оилаларга хотиржамлик тиладик. Саёҳатнинг иккинчи куни Бухорои Шарифнинг эски шаҳар қисмидаги обидалар – Амир Олимхон саройи – Ситораи Моҳи Хосса, Арк, Минораи Калон, Лаби Ҳовуз, мадрасаларни томоша қилдик, бизни олиб юрган йўлбошловчи улар ҳақида билганларини сўзлаб берди.  Амир саройи деворларига солинган нақшинкор суратларнинг жилоси кўз қорачиқларимизга муҳрланиб қолди. Бири-биридан чиройли, асрлар оша бизга етиб келган буюмлар, хон ва маликалар кийган кийимлар кўзни қамаштиради. Ҳозиргача сири очилмаган бўёқлар билан ишланган суратлар аждодларимизнинг нақадар иқтидорли бўлганидан дарак беради. Бири-бирини такрорламайдиган нақшлар Самарқандда кўрганимиз нақшларга умуман ўхшамайди.

                   – Бухорода бизни энг ҳайратга солган нарса – бу азим дарахтларининг кўплиги бўлди, – дейди бирлашма ташкилий бўлими мутахассиси Лола Мурадова. – Айниқса, эски шаҳарни пиёда айланганимизда уч кишининг ҳам қулочи етмайдиган тут дарахтларини кўриб, ҳайратландик. Лаби Ҳовуз атрофидаги қарийб 5-6 асрлик дарахтлар асрлар қаъридан бизгача етиб келган маданий мерос, уларнинг танасини силаганимда ўша қадимий давр суронини эшитгандек бўлдим.    Ҳамкасбим Лола билан эски шаҳар кўчаларини обдон кездик, тарихий обидаларга уйғун солинган уйлар, кўчаларга соя солиб турган 4-5 асрлик тут дарахтлари бизни мафтун этди. Бухоронинг эски шаҳар қисмида ўхшаши йўқ канализация тизимини кўриб ҳайратландик, қизиғи, икки метр чуқурликда оққан оқава сувларнинг ҳиди умуман чиқмас экан. Атрофида ўсган тут ва қарағай дарахтларининг эни тўрт-беш қулочдан каммас. Танасидаги ковагига бемалол катта одам сиғадиган тут дарахтининг тагини супуриб турган қиздан суратга тушишга изн сўрадик. У фахрланишини яширмади.  -Бу дарахт бизга аждодларимиздан мерос, бобомнинг 7 тинчи аждоди эккан эканлар, сиз кўриб турган ушбу уй ҳам қурилганига 200 йилдан ошган, – дейди бухоролик  қиз, рости, уйга келгач, унинг исмини сўрамаганимдан жуда афсусландим. Арк! Аркни биринчи бор кўрган кишининг кўзлари кенгайиб кетаркан. Маҳобатли бинони кўрган ҳар бир кишининг қалби жунбушга келиши аниқ. Аркнинг улкан йўлагидан тепага кўтариларканмиз, гуруҳ-гуруҳ бўлиб  юрган чет элликларга дуч келдик. Ҳар бир кошинни силаб кўраётган, ҳар бир қадимий буюмнинг ёнида соатлаб туриб, томоша қилаётган француз, инглиз, хитойлик меҳмонларни кўриб, яна бир бор кўнглимиз фахр ва ифтихорга тўлди.  Аркнинг тепасидан шаҳарга қараганда Бухоронинг ўхшашсиз гўзаллигига амин бўласиз.   Аркдан   ўрин олган  дўконларга кирамиз. Бухоро зардўзлигининг беқиёс намуналари кўзни оламан дейди. Ажнабий меҳмонлар уларни силаб-сийпаб, ўз тилларида бу буюмларнинг бебаҳо эканлигини эътироф этишади. Дўппию- камзулчаларни кийиб кўришади. Лой ва гипсдан ясалга ҳайкалчалар, сувенирлар бухоролик ҳунармандларнинг нозик дидининг намунасидир. Турли тақинчоқлар ҳар қандай маликанинг қулоғи ва бўйнини безашга арзигулик. Ҳамкасбларимиз билан Аркдан тушгач Бухоронинг “Карвон” бозорига йўл олдик. Бозор фаровон, турли-туман қуруқ ва ҳўл мевалар кўзни қамаштиради. Бухоронинг машҳур шўрданакларини чақиб кўрамиз. Ўрик, олма туршаклари, қовун қоқи ва ёнғоқдан, ўрик, майиз ва ёнғоқдан тайёрланган ширинликлар, машҳур Бухороча ҳолва – барчаси сафар халтамиздан жой олгач, дарвоза томон юрамиз. Бухорода нон арзон – катта-катта патир нонлар атиги 2500 сўм. Тоза сузмадан қилинган қуртлар беш донаси минг сўм.  Арзончилик сабабини сўрасак, Бухоро вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси маданий-маърифий ва спорт ишлари бўлими мудири Адолат Акрамова кулиб, Бухорода мева ҳам, ғалла ҳам, сут-қатиқ ҳам мўл эканлигини, шунинг учун арзон эканлигини айтди. Ҳақиқатан ҳам, биз тушган соғломлаштириш маскани-ю, зиёратгоҳларнинг атрофи мевазор боғлар – бу ерда нок, шафтолининг ҳамма хили, қип-қизил жоноқи олмалар пишиб турибди, баҳайбат ўрик дарахтлари бозорда кўрганимиз – тилни ёрар ширин туршакларни етказиб берган бўлса ажаб эмас. Анжирларни айтмайсизми? Сап-сариқ олтиндай товлангани ҳам, туси қоп-қора, ичи асалга тўлгани ҳам бор.   Саёҳат давомида бизга келиб қўшилган Адолат Акрамова бизни Лаби Ҳовуз атрофидаги  умумовқатланиш масканига таклиф қилди. Ҳамкасбимиз таклиф қилган масканга кириб, бино шифти ва деворларини безаган нақшлардан лол қолдик. Бу ерга нафақат таом ейишга, балки томоша қилишга келиш керак экан. Шундоққина бинога кираверишаги дарахтга осилган тахтачада дарахтнинг 1447 йил экилгани ҳақида маълумотни ўқиш мумкин. Қадимий ва гўзал Бухоро  Ўзбек давлати тожидаги  ҳақиқий жавоҳир эканлиги билардик, аммо, уни кўз билан кўргач, унинг нафақат жавоҳир, балки Кўҳинурдек бетакрор ва бебаҳо жавоҳир эканлигини эътироф этдик.
Бухородан қалбимиз шодлик ва кўтаринкиликка тўлиб қайтар эканмиз, бу таассуротлар бир умрга қалбимизга муҳрланиб қолди. Гўзалликларга мафтун бўлгингиз келяптими, нозик ва бетакрор буюмлар харид қилмоқчимисиз, Бухорога боринг, дўстлар, Бухорога!

Зебо Ҳайдарова.

Print Friendly, PDF & Email
Click to listen highlighted text!