Click to listen highlighted text!

САНЪАТ-САОДАТИМДИР

               Шоҳсанам Муҳаммаджонова асли гулистонлик, Гулистон шаҳрида туғилган. 7 ёшидан амалий санъат йўналишига қизиқди. Дастлаб, “Баркамол авлод”марказидаги ҳайкалтарошлик тўгарагига бувиси Ўғилжон опа олиб борган эдилар. У ерда бир муддат ҳайкалтарошлик сирларини ўргангач, чизишга бўлган қизиқиши устун келиб, рассомчилик тўгарагига ўтиб кетди. Бу ерда унга дастлаб устозлари Дилафрўз Қаршибоева, кейинчалик, Набижон Жумабоевлар рассомлик маҳоратларидан сабоқ беришди.
Тиришқоқ қизча 2008 йилда Гулистон шаҳридаги 3-сонли умумтаълим мактабига қадам қўйганида қаламни бемалол ушлай олар, чиройли суратлар сола биларди. У мактабда она тили, адабиёт, биология, математика, инглиз тили ҳамда чизмачилик фанларини қизиқиб ўрганди. Дарсдан бўш вақтларида математика ва инглиз тили тўгаракларига қатнашди. 2012 йилда санъатга бўлган муҳаббати яна ғолиб келди. У Гулистон шаҳридаги 2-сонли болалар мусиқа ва санъат мактабининг тасвирий санъат йўналишига ўқишга кирди.
Шоҳсанам кичик синфларданоқ турли тадбирларга, кўрик-танловларга фаол қатнашиб келди. Дастлаб, 2013 йилда Гулистон шаҳар бандликка кўмаклашиш ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш маркази, Камолот ЁИҲ Гулистон шаҳар Кенгаши, Гулистон шаҳар ногиронлар жамияти, Гулистон шаҳар Қизил Ярим Ой жамияти ҳамкорлиги ўтказилган “Мафтункор ранглар олами” кўрик-танловининг шаҳар босқичида фахрий ёрлиғи билан мукофотланди.
Ушбу муваффақиятдан руҳланган ёш рассом яна ижодга зўр берди. 2014 йил Республика Баркамол авлод маркази, Экомактаб маркази, WWF ташкилоти Марказий осиё бўлими ҳамкорлигида ўтказилган “Менинг қадрдон ўрмоним” номли халқаро расмлар танлови дипломи билан мукофотланди. Шундан сўнг Шоҳсанамни вилоят ва шаҳарда бўлиб ўтадиган барча тадбирларга ўз ижод намуналари билан иштирок этишга таклиф эта бошладилар.
2014 йилда иқтидорли ёш рассом Ўзбекистон Ёшлар Иттифоқи (Камолот ЁИҲ) вилоят Кенгаши, Сирдарё вилояти расмлар галереяси, Сирдарё вилоят Бадиий ижодкорлар уюшмаси, O’zLiDeP Сирдарё вилояти Кенгаши ҳамкорлигида 8-март Халқаро хотин-қизлар байрамига бағишлаб ташкил этилган “Уйғониш” номли кўргазмасида фаол иштирок этганлиги учун фахрий ёрлиқ билан тақдирланди.
-2014 йил ҳаётимда энг сермаҳсул йил бўлди, – дейди ёш қобилият эгаси. –
2014 йил Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси, Маданият ва спорт ишлари вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Республика “Маҳалла” жамоат фонди ҳамда Ўзбекистон Бадиий Академияси ҳамкорлигида 2014-йил “Соғлом бола йили” Давлат дастури доирасида ўтказилган “Ўзбекистон – болалар нигоҳида” расмлар кўргазмасида, Гулистон шаҳрида бўлиб ўтган 1-июн “Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни” муносабати билан “Соғлом авлод учун” ҳукуматга қарашли бўлмаган халқаро ҳайрия фонди Сирдарё вилояти бўлими томонидан “Ер куррасида тинчлик” шиори остида ўтказилган болалар расмлар танловида фаол иштирок этиб, диплом ва фахрий ёрлиқлар билан тақдирландим. Бундан ташқари Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган, Ўзбекистон Бадиий Академияси томонидан ташкил этилган “Тасвирий ва амалий санъат фестивали”да фаол иштирок этгани учун сертификат олдим. Худди шу йили Гулистон шаҳрида бўлиб ўтган “Тасвирий ва амалий санъат фестивали”да фаол иштирок этганим учун Ўзбекистон Республикаси халқ усталари, ҳунурмандлари, мусаввирлари “Ҳунарманд” уюшмаси Сирдарё вилояти бошқармаси томонидан диплом билан тақдирландим.
Бу каби муваффақиятлар рассом қизнинг ижодига йўлдош бўлиб қолди, десак муболаға қилмаган бўламиз. У “Тасвирий ва амалий санъат фестивали” республика танловида иштирок этиб қайтди, вилоятда бўлиб ўтган “Камалак юлдузлари” болалар ижодиёти фестивалининг республика босқичи лауреати бўлди, “Юрт келажаги” кўрик-танловида фаол иштироки учун рағбатлантирилди.
2017 йил Ўзбекистон бадиий ижодкорлар уюшмасининг 2017 “Тасвирий ва амалий санъат фестивали”да “Олтин медал” билан тақдирланди.
– Юртимиз мустақиллигининг 26 йиллик байрами арафасида Ўзбекистон Ёшлари Иттифоқи Гулистон шаҳар кенгаши томонидан ўтказилган “Фидойинг бўлгаймиз сени Ўзбекистон!” шиори остида “Мустақиллик менинг нигоҳимда” номли расмлар танловида фаол иштирок этдим, ҳар гал расмлар кўргазмасида қатнашганимда ўз ижодимни тенгдошларим ижоди билан солиштираман, янгидан янги ғоялар туғилади, ўз устимда янада кўпроқ ишлашга ҳаракат қиламан. Бир пайтлар устозим Набижон Жумабоев “Сенинг рассомлик қобилиятинг бор, ўз устингда қаттиқ ишласанг, албатта ўз мақсадингга эришасан” деган эдилар. Мен келгусида ҳақиқий, эл тан олган, халқнинг орзуларини қоғозга тушира оладиган ижодкор бўлиш ниятидаман, бу йўлга бор куч-ғайратимни сафарбар этаман, -дейди Шоҳсанам Муҳаммаджонова.

 

Малика Холиқова, жамоатчи мухбир

Print Friendly, PDF & Email
Click to listen highlighted text!