Click to listen highlighted text!

ЁШ ФЕРМЕРЛАР: ЮРТ РАВНАҚИ ВА ЖАМИЯТ ТАРАҚҚИЁТИ ЙЎЛИДА

            Бугунги кунда фермерлик ҳаракати республикамиз аграр секторини ривожлантиришда муҳим роль ўйнайди. Давлатимиз томонидан фаолият юритиш учун яратилган имконият ва шарт-шароитлар, берилган кўпгина имтиёз ва преференциялар ҳамда қўллаб-қувватлаш фермерлар учун мустаҳкам таянч бўлмоқда. Бир сўз билан айтганда, фермерлик ҳақиқатан ҳам қишлоқдаги ҳал этувчи кучга айланди ва халқимиз дастурхонининг тўкин-сочинлигини таъминлашга муносиб ҳисса қўшиб келмоқда.
Бу йўналишда самарали меҳнат қилаётган ёш фермерларимизнинг ўрни беқиёс. Статистик маълумотларга кўра, мамлакатимизда 5 минг 800 дан зиёд ёш фермерлар мавжуд. Зеро, бугунги кунда уларнинг фаолиятини қўллаб-қувватлаш, эришган ютуқларини оммалаштириш, миллий ва хорижий илғор тажрибалар билан таништириш, шу билан бирга фаолияти давомида юзага келаётган муаммо ва масалаларни бартараф этишга кўмаклашиш муҳим аҳамият касб этади.
Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси ташаббуси билан Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси, Ўзбекистон Фермерлари Кенгаши, Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси, “Микрокредитбанк” АТБ ҳамда “Агробанк” АТБлари ҳамкорлигида “Ёш фермер” кўрик-танловининг таъсис этилиши ҳам юқоридаги мақсад ва вазифаларни кўзлайди.
Мазкур кўрик-танловнинг бу йилги Сирдарё вилоят босқичи ҳам вилоят “Нуронийлар” жамғармаси биносида кўтаринки руҳда ташкил этилиб, ер эгаларини янада янги марралар сари чорлади.
Танловда туман босқичларида ғолиб бўлган 18-35 ёшгача бўлган фермерлик ҳаракатида фаол иштирок этаётган шижоатли, изланувчан, теран фикрлайдиган, ташаббускор, илғор фермер хўжалик раҳбарлари иштирок этди.
Иштирокчиларнинг чиқишларини Сирдарё вилоят Фермерлари Кенгаши бош мутахассиси Ш.Жўрақулов, Сирдарё вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси раисининг Ёшлар масалалари бўйича маслаҳатчиси Б.Хамиджонов, “Микрокредитбанк” АТБ Сирдарё вилоят филиали бўлим бошлиғи О.Юлчураевлар муносиб баҳолаб боришди.
Дастлаб, ёш фермерлар ўзлари етиштирган маҳсулотлар кўргазмасини ҳакамлар хайъатига таништиришди.
Шундан сўнг иштирокчилар низомда белгиланган 3 та шарт бўйича ўзаро куч синашди.
Жумладан, ўзи бошқараётган фермер хўжалигида ижтимоий-иқтисодий соҳалардаги натижалари, янги иш ўрни яратиш, коллеж битирувчиларини фермерлик фаолиятига жалб қилиш, қишлоқ ёки маҳаллаларда ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш ва тегишли муаммоларни ҳал этиш бўйича таҳлилларга асосланган ҳолда тақдимот қилиш; фермерлик бошқаруви, бухгалтерияси, ҳуқуқий ваколатлари, иқтисоди, техника базаси, электронлаштириш, касаначилик ва бошқа қишлоқ хўжалиги йўналишлари бўйича билим ва малакаларини яна бир синовдан ўтказиш, танланган мавзуни ёш фермерлар ўзларининг ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий билим салоҳиятига таяниб, нотиқлик санъати орқали очиб бериш каби шартларда ўз билимларини намоён қилишга ҳаракат қилишди.
– “Сатторқул авлоди” кўп тармоқли фермер хўжалигимиз 2004 йилда ташкил топган. Айни вақтда фермер хўжалигининг ер майдони 37 гектар бўлиб, 15 гектари пахта, 10 гектари боғ, 4 гектари тутзор ва паррандачилик, 8 гектари чорвачиликни ривожлантириш мақсадида фаолият кўрсатиб келмоқда, – дейди мирзаободлик ёш фермер Жаҳонгир Исломов. – Жорий йилда 15 гектар майдонда пахтанинг “С-65” навини парвариш қилиб, гектардан 21-25 центнердан ҳосил олдик. Шартномавий режа 30 тонна бўлишига қарамай, давлатга 54 тоннадан ортиқ пахта хом ашёсини топшириб, шартномавий режани 181 фоизга бажардик. Ҳозирги кунда фермер хўжалигимизда 7 нафар ёшларнинг бандлиги таъминланган. Келгусида фермер хўжалигида мева-сабзавот маҳсулотларини қайта ишлаш тармоғини ҳам ишга туширишни мақсад қилганмиз.
Танловнинг якуний натижаларига кўра, Оқолтин тумани “Жамшид Мирзабек Собир” фермер ҳўжалиги раҳбари Дадажон Дадаев 3-ўринга, Гулистон тумани “Сарвиноз Собиржоновна файзи” фермер ҳўжалиги раҳбари Сарвиноз Шокирова 2-ўринга, Мирзаобод тумани “Сатторқул авлоди” кўп тармоқли фермер хўжалиги раҳбари Жаҳонгир Исломов фахрли 1-ўринга муносиб деб топилиб, Республика босқичига йўлланма олдилар.
“Ёш фермер” Республика кўрик-танловининг вилоят босқичида фаол иштирок этган барча иштирокчиларга ҳамкор ташкилотларнинг эсдалик совғалари ва фахрий ёрлиқлар топширилди.

ВКУТБ раисининг Ёшлар масалалари бўйича маслаҳатчиси Б.Хамиджонов,

Print Friendly, PDF & Email
Click to listen highlighted text!