Click to listen highlighted text!

КОНСТИТУЦИЯНИНГ 25 ЙИЛЛИГИГА БАҒИШЛАНДИ

             Гулистон шаҳридаги 2-сон болалар мусиқа ва санъат мактаби фаоллар залида вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси, Гулистон Давлат университети, шаҳар хотин-қизлар қўмитаси ва прокуратураси ҳамкорликда 18 ноябрь -Давлат байроғи қабул қилинган кун ҳамда Конституциямизнинг 25 йиллигига бағишланган маърифий тадбир ўтказилди.
Давлат муассасалари ва жамоат хизмати ходимлари касаба уюшмаси Гулистон шаҳар Кенгаши ташаббуси билан ўтказилган ушбу тадбирни вилоят прокурорининг катта ёрдамчиси Шерзод Ортиқбоев олиб борди.
Сўзга чиққан иштирокчиларга Гулистон шаҳар прокурори Сарвар Бозоров ҳамда Гулистон Давлат университетининг катта ўқитувчиси Музаффар Ботировлар Давлатимиз байроғи қабул қилиниши тарихи, Конституция яратилиши ва қабул қилиниши ҳақида сўзлаб, байроғимизнинг миллий ва сиёсий хусусиятлари, Конституциямизнинг бутун дунё ривожланган мамлакатлари томонидан энг демократик қонун ҳужжатлари тўплами деб тан олингани, унда инсон эркинликлари ва манфаатлари биринчи ўринда туриши, ундаги ҳуқуқлар билан бирга бурч ва масъулият ҳақида батафсил маълумот беришди.
Шундан сўнг вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси маданий-маърифий ва спорт ишлари бўлими етакчи мутахассиси Зебо Ҳайдарова Конституция қабул қилинган кун қаерда қандай байрам қилиниши ҳақида қизиқарли маълумотларни ҳамда касаба уюшмалари тизимида ушбу сана қандай кутиб олиниши ҳақида сўзлаб берди. Айтиш жоизки, касаба уюшмалари Конституция байрамини кўтаринки руҳда нишонлайдилар, байрам арафасида ёлғиз кексалар, меҳнат фахрийлари ва жисмоний чекланган юртдошларимиз ҳолидан хабар оладилар. Ҳар бир меҳнат жамоасида турли маданий-маърифий ва спорт тадбирлари ўтказилади.
Тадбирнинг расмий қисми тугагач, 2-сон болалар мусиқа ва санъат мактаби ўқувчилари ижросида концерт дастури намойиш этилди.
Шу куни Гулистон шаҳридаги 13-умумтаълим мактаби фаоллар залида ҳам мактаб жамоаси ва маҳалла фаоллари иштирокида Конституциянинг 25 йиллиги ҳамда меҳнат жамоалари ва маҳаллаларда ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштиришга бағишланган маърифий тадбир бўлиб ўтди.
Тадбирлар савол-жавоблар ва мунозараларга бой бўлди.

 

ВКУТБ маданий-маърифий ва спорт ишлари бўлими

Print Friendly, PDF & Email
Click to listen highlighted text!