ЯНА 32 ОИЛА ЯНГИ ХОНАДОНДА
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 21 октябрдаги “2017-2021 йилларда қишлоқ жойларида янгиланган намунавий лойиҳалар бўйича арзон уй-жойлар қуриш дастури тўғрисида”ги қарори доирасида Сирдарё вилоятда ҳам қатор ишлар амалга оширилмоқда.
Мирзаобод туманининг “Деҳқонобод” маҳалласида 2, 3 хонали 32 оилага мўлжалланган 2 та 2 қаватли уй фойдаланишга топширилди. Тадбирда Сирдарё вилояти ҳокими Ғ.Мирзаев сўзга чиқди.
Ҳар бирининг лойиҳа қиймати 1 миллиард 250 миллион сўмдан бўлган ушбу уйлар “Жавоҳир Фарҳод ҳамкор сервис” хусусий қурилиш корхоаси қурувчилари томонидан барпо этилди.
– Янгиланган лойиҳалар асосида барпо этилган уйларнинг 2 хоналиси менга насиб этганидан бошим осмонга етди, – дейди янги хонадонда уй тўйини нишонлаётган Наргиза Эсонбоева. – Уйларда барча шароитлар мужассам. Табиий газ, электр энергияси, ичимлик суви, иситиш тизими бекаму-кўст ишлаяпти. Бир жумракни бурасанг иссиқ сув, бошқасини бурасанг совуқ сув шоввуллаб оқиб турибди. Ҳар бир оиланинг кўнгилдагидек яшаши учун бундан ортиқ яна нима керак?
2 хонали уйнинг умумий нархи 74 миллион сўмни ташкил этиб, ака-укаларим ёрдами билан уйнинг бошланғич бадали – 10 миллион 500 минг сўмини тўладим. Банкдан олган ипотека кредити 3 йиллик имтиёзли давр ва биринчи 5 йили мобайнида йиллик миқдори 7 фоиз бўлиб, 15 йил давомида тўлаб боришим керак, экан. Бизга намунавий уйларни энг арзон нархларда қурдириб бераётган Президентимиздан чин дилдан миннатдорман.
Миллий урф-одатларимизга кўра Мирзаобод туман ҳокимлиги томонидан уй тўйига атаб қўй сўйилиб, дошқозонда ош дамланди. Туман маданият уйи санъаткорларининг ёқимли куй, шўх қўшиқ ва жозибали рақслари даврага янада завқ бағишлади.
Юлдуз Худойбердиева, Мирзаобод тумани.