Click to listen highlighted text!

СИРДАРЁДА ЗУЛФИЯ ҚИЗЛАРИ БЕЛЛАШДИЛАР

           Биринчи Президентимиз ташаббуси билан таъсис этилган Зулфия номидаги Давлат мукофоти истеъдодли қизларни кашф этиш ва уларни рағбатлантиришда муҳим омил бўлмоқда. Ушбу мукофот таъсис этилгандан буён унга сазовор бўлган қизлар ўз соҳаларида улкан муваффақиятларга эришиб, мамлакатимиз илм-фани, маданияти, адабиёт, санъат ва спорт соҳалари ривожи йўлида самарали меҳнат қилмоқда.
Бу йил ҳам ушбу мукофотга номзодлар ўртасида беллашувлар қизғин ўтмоқда. Ўтган, 2016 йилда Зулфия номидаги Давлат мукофоти кўрик-танловининг туман-шаҳар босқичларида 3000 нафар мактаб ва коллежлар ўқувчилари бўлган қизлар иштирок этган бўлса, бу йил уларнинг сони 4600 нафардан ошди. Уларнинг ичидан энг истеъдодлиларидан 67 нафари танловнинг вилоят босқичига етиб келдилар.
Тадбирнинг очилиш маросимида сўзга чиққан Сирдарё вилояти ҳокими ўринбосари, вилоят хотин-қизлар қўмитаси раиси, Зулфия номидаги Давлат мукофоти кўрик-танловининг вилоят комиссияси раиси Дилфуза Ўролова, Ўзбекистон композиторлари ва бастакорлари уюшмаси раиси Рустам Абдуллаев ва бошқалар ушбу танловнинг йилдан йилга нуфузи ошиб бораётгани, мазкур мукофот зукко ва ташаббускорлиги билан тенгдошларига намуна бўлаётган истеъдодли қизларни кашф этиш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга хизмат қилаётганини таъкидладилар.
– Ўтган йилларда вилоятдан 18 нафар қиз мазкур нуфузли мукофотга сазовор бўлган. Совриндорларнинг ютуқларини тарғиб этиш мақсадида аъло хулқли, истеъдодли қизлар иштирокида семинар, давра суҳбати ва форумлар ўтказилди. Тадбирлар доирасида қизларнинг рассомлик, ҳайкалтарошлик ва кулолчилик асарлари кўргазмалари ташкил этилди. Ана шундай тарғибот тадбирлари туфайли жорий йилда танловда иштирок этиш истагини билдирган қизлар сафи сезиларли даражада кенгайди, – дея таъкидлади ўз сўзида Дилфуза Ўролова.

             – Танловда иштирок этган қизларнинг аксарияти турли фан олимпиадалари, кўрик-танловлар ва спорт мусобақаларида совринли ўринларни қўлга киритган. Бугунги тадбир уларнинг олиб бораётган илмий изланишлари, таълимдаги муваффақияти, мамлакат ва халқаро миқёсдаги спорт мусобақаларида эришган ютуқларининг ўзига хос тақдимоти ҳам бўлди.
– Адабиёт йўналишида Ватан, дўстлик, тинчлик, эзгулик каби мавзулардаги шеърларим билан иштирок этдим, – дейди Гулистон педагогика касб-ҳунар коллежи ўқувчиси Нозима Аҳмадалиева . – Матбуотда шеър ва мақолаларим чоп этилган. Вилоят, мамлакат миқёсидаги адабий танлов ва семинарларда иштирок этганман. Юртимиздаги ҳар бир қиз ғолиб бўлишни орзу қиладиган мазкур танловдан олган таассуротларим жуда катта.
Йўналишлар бўйича ғолиблар аниқланиб, танловнинг мамлакат босқичига йўлланма берилди.

Зебо Ҳайдарова

Print Friendly, PDF & Email
Click to listen highlighted text!