ТАЛАБА ЁШЛАР ХАЙРИЯСИ
Гулистон давлат университети Ижтимоий иқтисодиёт факултети тарих йўналиши 3 босқич талабалари Сардор, Хумоюн ва Исломбеклар янги йил байрами арафасида эҳтиёжманд оила фарзандларига байрам совғалари ташкил этишни ният қилишди. Университет бўйича эълон бериб ҳайрия қутиси ташкил этишди. Кимдир маблағ ажратди, кимдир авто улов ташкил қилди, бошқалар совғаларни чиройли қилиб ўради. Боёвут тумани Бобоюрт маҳалласи раиси Санжар Ҳалиқулов, маҳалла маслаҳатчиси Мавлянова Инобат опа билан совға эгаларини аниқлаш, рўйхат тузиш ишлари учун ҳам бир неча бор манзилга бориб келишди. Ниҳоят, 100 нафар бола, 6 нафар ногиронларнинг ҳолидан хабар олиниб, ГУЛДУ талабалари номидан янги йил совғалари тарқатилди.
– Мен асли Самарқанд вилоятиданман, биримиз Янгиер, биримиз Гулистон шаҳриданмиз, – дейди акция қатнашчиси Ҳумоюн. –Муҳтарам Президентимиз томонидан имзоланаётган қорорлар, янгиликлар ҳамма қатори бизни ҳам хурсанд қилиб, ҳаяжонга солмоқда. Буларга жавоб тариқасида шукроналик, фаолликни ифода қилгимиз келди.
Ёшларнинг бу каби фаоллиги албатта, таҳсинга сазовор. Тадбирни ташкил этишда раҳбарларни огоҳлантирмаслик ҳоллари каби камчиликлар бўлганлигига қарамасдан, ўтказилган тадбир самимий, чин кўнгилдан бўлганига шубҳа йўқ. Бу болаларнинг қувончи акс этган суратларда, ота – оналарнинг ташаккурида намоён бўлди.
Озода МАМАДАЛИЕВА,
“Ishonch” мухбири