Click to listen highlighted text!

15 ТА ОИЛА ЯНГИ ЙИЛНИ ЯНГИ УЙДА КУТИБ ОЛДИ

Сирдарё вилоятининг Гулистон туманида 15та оила кириб келаётган 2018 йил – Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йилини янгиланган намунавий лойиҳалар бўйича барпо этилган арзон уйларда кутиб олмоқда.
Айтиш жоизки, ушбу оилаларнинг ҳар бирида ногиронлиги бўлган юртдошларимиз бор. Қувонарлиси, ушбу уй-жойлар ҳар бирининг 16 миллион 600 минг сўмликдан бошланғич бадаллари Президентимиз томонидан тўлаб берилганидир.
Шу муносабат билан ташкил этилган тадбирда аҳоли учун ҳар томонлама қулай шароит яратиш ва намунавий лойиҳалар асосида янги уй-жойлар барпо этишга қаратилаётган алоҳида эътибор юксак самаралар бераётгани таъкидланди.
Президентимизнинг 2016 йил 21 октябрдаги “2017-2021 йилларда қишлоқ жойларда янгиланган намунавий лойиҳалар бўйича арзон уй-жойлар қуриш дастури тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида Гулистон туманида ўтиб бораётган 2017 йил давомида 207 оила арзонлаштирилган уй-жойлар билан таъминланганди. Бу сафарги «Юлдуз» маҳалла фуқаролар йиғинида фойдаланишга топширилган 15 та уй-жой ногиронли оилалар учун барпо этилгани алоҳида таҳсинга лойиқ. Ҳар бирининг лойиҳа қиймати 107 миллион сўмликдан бўлиб, 2 хонали, умимий майдони 2 сотихдан иборат арзонлаштирилган ушбу уй-жойларни “Шоҳруҳ – Темурбек” масъулияти чекланган жамият қурувчилари барпо этишди.
– Худога минг шукур, Давлатимиз раҳбарининг қарорига асосан янгиланган намунавий лойиҳалар бўйича қурилган арзон уй-жойларнинг бири бизга ҳам насиб қилди, – дейди 2-гуруҳ ногирони Ирода Нишонбоева. – Турмуш ўртоғим, 2 нафар фарзандим билан бир хонали катакдек баракда ижрада турардик. Янгиланган лойиҳалар асосида барпо этилган 2 сотихли участкаси, 2 хонали, алоҳида ҳам ташқи, ҳам ички ошхона ва ҳожатхоналари, душхонаси ҳатто, молхонаси ва индивидуал иситиш қозонхонаси мужассам. Табиий газ, электр, иссиқ ва совуқ сув билан тўлиқ таъминланган. Уйнинг бошланғич бадали Президентимиз томонидан тўланганини айтмайсизми? Яна, бепул тикув машинкаси, матою ипигача беришиб, ишли ҳам қилишди.
Эр-хотин бўлиб, емай-ичмай 15 йил ишлаганимизда ҳам бунақанги уйни қуролмаган бўлардик. Ҳар бир оиланинг кўнгилдагидек яшаши учун бундан ортиқ яна нима керак? Ногиронларга ана шундай ғамхўр мамлакат яна қаерда бор? Шундай меҳр-мурувватли ҳукуматни бошқараётган Давлатимиз раҳбаридан бир умр миннатдормиз.
Миллий урф-одатларимизга кўра, Гулистон туман ҳокимлиги томонидан уй тўйига атаб байрам дастурхони ёзилди, ош тортилди. Санъаткорлар ижросидаги куй-қўшиқлар барчага хуш кайфият бағишлади.

Тарбирда Сирдарё вилояти ҳокими Ғ.Мирзаев сўзга чиқди.

Зебо Ҳайдарова

Print Friendly, PDF & Email

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Click to listen highlighted text!