КЕЛАЖАГИМ ҒАМХЎРИ БОР
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши ўзининг навбатдаги хайрли ишини якунига етказди. Олий таълим муассасаларида таҳсил оладиган фаол ёшларга касаба уюшмалари стипендиясини таъсис этиш ва санаторийларга бепул йўлланмалар ажратиш тизимини жорий этиш тўғрисида қарор қабул қилган эди. Мазкур қарорга асосан ўтказилган танловда таълим муассасаси ва касаба уюшмалари фаолиятида фаол иштирок этаётган ўзлаштириш кўрсаткичлари юқори бўлган талаба танлаб олинди. Гулистон давлат университети Педагогика факултети бошланғич таълим ва спорт тарбиявий иши йўналиши талабаси Жамшид Рўзматовга касаба уюшмалари стипендияси тайинланди. Стипендия республикада белгиланган энг кам иш ҳақининг беш баравари миқдорида тайинланади ва январ ойидан бошлаб олти ой давомида ойма – ой берилади.
-Болалигимдан студент бўлиш, аълога ўқиш ва номдор стипендияларга сазовор бўлишни ният қилганман, – дейди Жамшид Рўзматов. – Университетга келиб “биз касаба уюшмасиданмиз” деб мен учун қадрдон устозларим ва сабоқдошларим даврасида сертификат топшираётганларида қаттиқ ҳаяжонландим. Бу эътибордан менинг ҳам Ватанимизга керагим борлигини ҳис қилдим. Ажратилган маблағ келажагим ғамхўрлари борлигини кўрсатди.
Тадбирда сўзга чиққан устозлар илм истовчига, талабага ғамхўрлик кўрсатиш халқимизга ўтмишдан мерослигини, бу ишларда касаба уюшмаларининг иштирокидан мамнунликларини изхор қилишди.
Озода МАМАДАЛИЕВА,
“Ishonch” мухбири