Click to listen highlighted text!

ЭНДИ ИШЛАШ ВАҚТИ КЕЛДИ

Куни кеча муҳтарам Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёев барчамиз интиқиб кутган ҳужжат -“Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонга қўл қўйдилар. Фармонда мамлакатимиз тараққиётида, жамият ва оилада хотин-қизларнинг нечоғлик ўрни муҳим эканлигига эътибор қаратилиб, уларнинг юртимиз иқтисодиёти ва ижтимоий ҳаёти ривожига қўшаётган ҳиссалаларини юксак баҳоладилар.
Фахр ва ифтихор билан шуни айтаманки, Фармонда таъкидланганидек, ҳозирги вақтда мамлакатимиз хотин-қизлари орасида 514 нафар фан доктори, 6 нафар академик, 15 нафар Ўзбекистон Қаҳрамони, 17 нафар сенатор, 15 нафар Қонунчилик палатаси депутати бор, ўзим ҳам яқингача шуларнинг сафида эдим, яъни 2017 йил мартгача Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг депутати вазифасида ишладим. Шу билан бирга, маҳаллий Кенгашлар депутатларининг 23 фоизидан зиёдини ҳамда илм-фан, таълим-тарбия, соғлиқни сақлаш, маданият ва санъат соҳаларида меҳнат қилаётганларнинг 72 фоизини айнан аёллар ташкил этишини алоҳида таъкидлаш лозим.
Шу пайтгача ҳам юртимизда хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, ҳуқуқ ва қонуний манфаатларига сўзсиз риоя қилинишини таъминлаш, оналик ва болаликни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг турли соҳа ва тармоқларда ўз қобилият ва имкониятларини рўёбга чиқариши учун шарт-шароит яратиш, шунингдек, оила институтини мустаҳкамлаш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилган ва оширилмоқда. Бироқ, йўналишлари аниқ кўрсатиб берилмаганлиги, айниқса, молиявий қўллаб-қувватлаш манбаси бўлмаганлиги сабабли, хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, улар билан мақсадли ишларни ташкил этиш, оилаларда маънавий-ахлоқий муҳитни мустаҳкамлаш ва соғломлаштиришнинг самарали механизмини яратишга тўсқинлик қилаётган бир қатор тизимли муаммо ва камчиликлар мавжуд эи.
Юқоридаги Фармонда мавжуд камчилик ва муаммолар атрофлича таҳлил қилинган ва уларни бартараф қилиш учун алоҳида пунктлар белгиланган. Хусусан, илгари туман-шаҳар хотин-қизлар қўмиталарида бор-йўғи қўмита раиси ва мутахассис лавозими бўлиб, улар томонидан туман миқёсида 20 минглаб хотин-қизларни қамраб олиш имконияти кам эди. Буни эрта турмуш, ажрим, бандлик муаммолари, жиноятчилик ва ўз жонига суиқасд кўрсаткичларидан билиб олса бўлади. Фармонда ана шу камчиликни тўлдириш мақсадида, Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитасининг жамият ҳаётидаги фаоллигини ошириш, хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш мақсадида қўмита фаолиятининг устувор йўналишлари белгилаб берилди. Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси ва унинг ҳудудий бўлинмаларининг янгиланган тузилмалари тасдиқланди. Ҳар бир шаҳар ёки туман катта ёки кичиклигига қараб 5-8 нафаргача ходим билан таъминланади. Шу билан бирга, Фармонга кўра 2018 йил 1 апрелдан фуқаролар йиғинларининг диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчиси лавозими ўрнига ҳар бир фуқаролар йиғинида 1 тадан, оилалар сони 2000 ва ундан ортиқ бўлган фуқаролар йиғинларида эса 2 тадан хотин-қизлар билан ишлаш ва оилаларда маънавий-ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш бўйича мутахассис лавозими жорий этилди. Бу жуда муҳим бўлиб, шу пайтгача мавжуд диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчиси лавозимида тасодифий шахслар ҳам ишлаб келгани ҳеч кимга сир эмас, шу билан бирга кўпинча ушбу маслаҳатчиларнинг ўзлари диний таълимга эга бўлмаганлиги ҳолда, қандай қилиб, диний маърифатни оммага ёйиши мумкин деган савол ҳам кўндаланг ётар эди. Уларнинг ўрнига жорий этилган хотин-қизлар билан ишлаш ва оилаларда маънавий-ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш бўйича мутахассис лавозимига ҳам кимларни тайинлаш Фармонда аниқ-тиниқ кўрсатиб берилган. Шуни таассуф билан айтиш керакки, 1999 йилда ташкил этилган Республика “Оила” илмий-амалий маркази ва унинг ҳудудий бўлинмалари ишлари кўнгилдагидек эмас, айниқса, ҳудудий бўлинмаларида иш олиб бориш имконияти йўқ эди. Чунки, молиявий таъминоти йўқ бўлгани учун, кўпинча, ушбу лавозимни кимгадир қўшимча юкланар, ёки бўлмасам, нафақага чиққан бирорта аёл тайинланиб, уларни ҳатто жой билан таъминлаш ҳам муаммо эди. Фармонга кўра, Республика “Оила” илмий-амалий маркази негизида Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида алоҳида “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази ва унинг ҳудудий бўлинмалари ташкил этилиб, унинг олдига оилавий қадриятлар ва анъаналар йўналишида фундаментал, амалий ва инновацион тадқиқотларни олиб бориш вазифа қилиб қўйилди. Шу билан бирга оиланинг репродуктив саломатлиги ва демографик ривожланиши, замонавий намунали оиланинг мезонларини белгилаш, оила-никоҳ муносабатлари соҳасида амалиётни ўрганиш ва тажриба алмашиш борасида халқаро ва хорижий ташкилотлар, илмий-тадқиқот муассасалари билан ҳамкорликни амалга ошириш билан бир қаторда “Соғлом оила – соғлом жамият” концептуал ғояси ҳамда “Оила жамият ва давлат ҳимоясида” конституциявий принципини кенг тарғиб этиш ва жамиятга сингдириш “Оила” марказининг асосий вазифалари қаторидан жой олди. Шу билан бирга, Хотин-қизлар қўмитаси ҳамда “Оила” марказининг масъулиятини янада ошириш, ваколатлари доирасини аниқ белгилаб олиш мақсадида қўмита ҳамда марказ, уларнинг ҳудудий бўлинмалари раҳбариятининг хотин-қизлар ва оила масалаларини ҳал этишдаги шахсий жавобгарлик чегаралари белгилаб қўйилди. Яъни, ҳар ким ўз олдига белгилаб қўйилган вазифадан оғишмай, бажариши лозим.
Яна бир оғриқли томонимиз – бу эрта турмуш ва ёш оилалар ўртасида ажрим масаласи бўлиб, ушбу кунда мамлакатимизда ажримлар сони қизил чизиққа етиб қолди. Баъзи ҳудудларда ушбу рақам 60 /40 ни ташкил этаётгани ташвишли ҳол бўлиб, бунинг олдини олиш чораси сифатида Фармонга биноан 2018 йил 1 апрелдан бошлаб ФҲДЁ органлари уларнинг никоҳ муносабатларига оид актларни расмийлаштириш, оила институтини мустаҳкамлаш, оилавий ажрашишларнинг олдини олиш билан боғлиқ бўлган асосий фаолият йўналиши бўйича туман (шаҳар) ҳокимликларига бўйсундирилиши кўзда тутилган. Бу амалиётнинг ижобий томони шундан иборатки, энди турмуш қуриш ёши назорати ва яраштирув комиссияларига ФҲДЁ бўлимлари мудирларининг ҳам киритилиши ажримларнинг олдини олиш борасидаги ишлар самарадорлигини таъминлайди.
Оила ва хотин-қизлар масалаларида тизимли ҳамкорликни таъминлаш мақсадида ФҲДЁ органи, “Оила” марказининг туман (шаҳар) бўлими ҳамда хотин-қизлар ва оила масалалари бўйича бошқа тузилмалар фаолиятини назорат қилиш ва мувофиқлаштириш туман (шаҳар) ҳокими ўринбосари – хотин-қизлар қўмитаси раиси зиммасига юклатилди.
Шу билан бирга Фармонда кўзда тутилган, хотин-қизлар қўмитаси раиси ва мутахассисларини ўзларига тегишли бўлмаган йиғилиш ва тадбирларга жалб этиш таъқиқланди, бу борада йўл қўйилиши мумкин бўлган ҳолатлар учун жазо ҳам белгиланди. Бунинг барчаси, хотин-қизлар қўмитаси ва у билан боғлиқ ташкилотлар –“Оила”маркази ва ФҲДЁ бўлимларининг зиммасига катта масъулият юкланганлиги, унга оғишмай амал қилиб, юксак ишончни оқлашимиз лозимлигини билдиради.
Бу бизга, яъни аёлларга берилган ишончни фақат сидқидилдан меҳнат қилиш орқали оқлашимиз шарт.

Дилфуза Ўролова, Сирдарё вилоят хотин-қизлар қўмитаси раиси

Print Friendly, PDF & Email

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Click to listen highlighted text!