МАЪЛУМОТЛАР ЗАРУР, ТЎҒРИ ВА ТУШУНАРЛИ БЎЛСИН
Ўзбекистон Республикасининг “Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунинг 6-моддасида ишлаб чиқарувчи (ижрочи, сотувчи) истеъмолчига ўзи реализация қилаётган товар (иш, хизмат)лар ҳақида ўз вақтида зарур, тўғри ва тушунарли маълумот бериши шартлиги белгилаб қўйилган.
Ушбу талабга биноан товар (иш, хизмат) ҳақидаги маълумотда қуйидагилар кўрсатилиши шарт:
– товар (иш, хизмат) мажбурий талабларга мувофиқ келиши шарт бўлган нарматив ҳужжат номи;
– товар (иш, хизмат)нинг асосий истеъмол хусусиятлари, шу жумладан, ўзига хос хусусиятлари рўйхати;
– баҳоси (таърифи) ва сотиб олиш шартлари;
– айрим турдаги товарларнинг ишлаб чиқарилган санаси;
– ишлаб чиқарувчи (ижрочи)нинг кафиллик мажбуриятлари;
– товардан самарали ва хавфсиз фойдаланиш қоидалари ҳамда шартлари;
– ишлаб чиқарувчи (ижрочи, сотувчи)нинг ҳамда улар истеъмолчидан даъво қабул қилишга ваколат берган, шунингдек, таъмирлаш ишларини бажарадиган ва техникавий хизмат кўрсатадиган корхоналарнинг манзиллари;
– ишлаб чиқарувчи (ижрочи, сотувчи)нинг номи ва мулкчилик шакли, рўйхатга олиш ва лицензия гувоҳномасининг номери;
– товардан самарали ва хавфсиз фойдаланиш қоидалари ҳамда шартлари;
– товарларни сақлаш, хавфсиз утилизация қилиш усуллари ҳамда қоидалари;
– театр-концерт тадбирлари ўтказилаётганда фонограммадан фойдаланилиши тўғрисидаги ахборот.
– товарнинг хизмат (яроқлилик) муддати ва ушбу муддат тугаганидан кейин истеъмолчи нима ишлар қилиши зарурлиги, шунингдек бундай ишларни бажармаслик натижасида келиб чиқиши мумкин бўлган оқибатлар тўғрисидаги маълумотлар;
Сертификатланиши шарт бўлган товар ҳақида истеъмолчига унинг сертификатланганлиги тўғрисида маълумот тақдим этилиши лозим.
Товар (иш, хизмат) ҳақидаги зарур ахборотнинг йўқлиги бундай товар (иш, хизмат)ни реализация қилиш маълумот берилгунга қадар тегишли давлат бошқаруви органининг кўрсатмаси бўйича тўхтатиб турилишига сабаб бўлади.
А.Нишонов,Сирдарё вилояти Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш бошқармаси мутахассиси