САРА ВА МАРД ЁШЛАР ҲАРБИЙ ХИЗМАТГА КУЗАТИЛДИ
Мирзаобод туманидаги Сирдарё вилоят мудофаа ишлари бошармасига қарашли чақирув пунктида йигитларни Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари сафига муддатли ҳарбий хизматга кузатиш маросим бўлиб ўтди.
Тадбирда вилоят ҳокимлиги, хотин-қизлар қўмитаси, мудофаа ишлари, ичики ишлар, умумий ўрта ва ўрта махсус касб-ҳунар таълими бошқармалари, “Маҳалла”, “Нуроний” хайрия жамоат фонди вилоят бўлинмалари, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши, ўзини ўзи бошқариш органлари, муддатли ҳарбий хизматга чақирилганлар ва уларнинг ота-оналари ҳамда оммавий ахборот воситаларининг вакиллари иштирок этди.
Тантанали маросимда, Президентимиз раҳнамолигида Қуролли Кучлар тизимида амалга оширилаётган туб ислоҳотлар натижасида тезкор ва ҳаракатчан, ташкилий жиҳатдан мукаммал, замонавий қурол-яроғ ҳамда техникага эга миллий армиямиз мамлакатимиз мустақиллиги, хавфсизлиги ва ҳудудий яхлитлигининг ишончли кафолати экани таъкидланди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2018 йил 13 январдаги “Ўзбекистон Республикаси фуқароларини муддатли ҳарбий хизматга навбатдаги чақируви ҳамда белгиланган хизмат муддатларини ўтаб бўлган ҳарбий хизматчиларни Қуролли Кучлар резервига бўшатиш тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш борасида вилоятда муаян ишлар амалга оширилмоқда.
Йигитларни муддатли ҳарбий хизматга тайёрлашда жойлардаги мудофаа ишлари бўлимлари, таълим муассасалари ва маҳаллаларда олиб борилаётган маънавий-тарбиявий ишлар, айниқса, муҳим аҳамият касб этаётир.
Тиббий кўрик, тест синови, жисмоний тайёргарлик ҳолати танловларида ўтиш балини тўплай олган чақирилувчиларнинг рўйхати мудофаа ишлари шаҳар, туман бўлимларида шакиллантиилиб, осиб қўйилган. Ўқув муассасалари ҳамда ўзини бошқариш органларида навбатма-навбат, белгиланган график асосида муддатли ҳарбий хизматга чақирилувчилар ва уларнинг ота-оналари иштирокида учрашувлар ўтказиб борилаяпти. Бу тадбирларда уларга муддатли ҳарбий хизмат ҳамда сафарбарлик чақируви резервидаги хизмат бўйича тартиб-қоидалар атрофлича тушунтирилмоқда. Ҳарбий қисм ва муассасаларда яратилган шарт-шароитлар, ҳарбийларга берилаётган имтиёзлар, соҳада амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ҳақида атрофлича маълумот берилаётир.
– Бу учрашувларни ташкил этишда вилоят, шаҳар ва туман ҳокимликлари, мудофа ишлари бўлимлари, хотин-қизлар қўмтаси, “Маҳалла”, “Нуроний” хайрия жамоат фонди вилоят бўлинмалари, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши, ўзини ўзи бошқариш органлари ва бошқа ташкилотлар жалб этилган, – дейди вилоят мудофаа ишлари бошқармаси бошлиғи подполковник Баҳром Қосимов. – Вилоят мудофаа ишлари бошқармасида ёшларни тиббий кўрикдан ўтказиш замонавий талаблар асосида ташкил этилган. Бўлажак аскарларни тиббий кўрикдан ўтказаётган малакали шифокорлар барча зарур тиббий жиҳозлар билан тўлиқ таъминланган. Чақирилувчилар шу ернинг ўзида дерматолог, жарроҳ, стоматолог, лор, асаб тизими, кўз ва бошқа касалликлар шифокорлари кўригидан ўтиб, ҳар томонлама соғлом деб топилгач, жисмоний тайёргарлик ва тест синовларини топширишаяпти. Бу эса ўз навбатида, Қуролли Кучларимиз сафига ҳар томонлама соғлоим, баркамол ва сараланган ёшлар шакилланаётганидан далолат беради.
Йигитларимизнинг ҳарбий соҳага қизиқиши таълим тизимида жорий этилаётган чақириққача ёшларни тайёрлаш фанини ўқитиш жараёнида шаклланади. Бу фан ўқитиладиган академик лицей, касб-ҳунар коллежлари ҳамда умумий ўрта таълим мактабларида дарсларнинг сифатли ўтилишига, ёшларнинг ҳарбий тартиб-интизом, қурол-яроғдан фойдаланиш бўйича назарий билим ва амалий кўникмаларини бойитишга алоҳида эътибор қаратилаётир.
Мирзаобод қишлоқ хўжалиги касб-ҳунар коллежини аъло баҳоларга битирган Шаҳзод Ўрмонов 6 йилдан буён спортнинг қўл жанги тури билан шуғулланади. Бир неча бор вилоят чемпиони, Ўзбекистон чемпионати совриндори бўлган.
– Компьютерни яхши ўзлаштирганим, устоз-мураббийларимнинг доимий ўгитлари, спорт билан мунтазам шуғулланганим жисмоний тайёргарлик синовларидан юқори балл тўплашимни таъминлади, деб ўйлайман, – дейди муддатли ҳарбий хизматга чақирилган Ш.Ўрмонов. – Ватан олдидаги йигитлик бурчимни ўташ бахтига мушарраф бўлганимдан бахтиёрман.
Бўлажак аскарларга ҳарбий кийим-кеча тарқатилиб, вилоят ҳокимлиги томонидан кундалик эҳтиёж буюмлари ва эсдалик совғалари, кўрик ва танловлар давомида муддатли ҳарбий хизматга чақирилганларга бош-қош бўлиб турган офицер ва шартнома асосида хизмат қилаётган сержантларга вилоят ҳокимининг фахрий ёрлиғи топширилди.
– Мен бахтиёр онаман, чунки ўғлим Шоҳрухжон жисмонан соғдом, ақлан комил ва билими етук инсон бўлганлиги учун ҳам муддатли ҳарбий хизматга чақирилди, – дейди муддатли ҳарбий хизматга чақирилган Шоҳрух Умурқуловнинг онаси, Ховос туманида истиқомат қилувчи Муқаддас Турдиқулова. – Фарзандимни ҳарбий кийимда кўриб, кўзимдаги қувонч ёшларини, қалбимдаги ҳис-ҳаяжонни сўз билан ифодалашим қийин. Унинг Ватанга қанот бўла оладиган мард ва сара йигитлар сафида экани мен учун улкан фахр. Мамлакатимиз Президенти, Қуролли Кучлар Бош қўмондони Шавкат Мирзиёевга барча бўлажак аскар оналари номидан, фарзандларимизга яратиб берилган шарт-шароитлар учун чин дилдан миннатдорчилик билдираман.
Буларнинг барчаси миллий армиямиз тизимида амалга оширилган туб ислоҳотлар, Президентимиз раҳнамолигида мудофаа ишлари бўлимларининг йиғин ва чақирув пунктлари инфратузилмасини ривожлантириш, моддий-техник ашё ва тиббий асбоб-ускуналар билан жиҳозланишини янада яхшилаш, чақирув ёшидаги йигитларни армияга тайёрлаш, муддатли ҳарбий хизматни ўташ тизимини такомиллаштириш борасида амалга оширилаётган изчил ислоҳотларнинг тўлақонли самарасидир.
Тантанали маросим ниҳояасида муддатли ҳарбий хизматга чақирилганлар учун байрам дастурхони ташкил этилиб, концерт дастури намойиш этилди. Сўнгра Гулистон темир йўл вокзалидан сирдарёлик йигитлар муддатли ҳарбий хизматга жўнаб кетди.
З.Ҳайдарова