Click to listen highlighted text!

ҒАЗАЛ МУЛКИНИНГ СУЛТОНИ -577 ЁШДА!

Ғазал мулкининг султони ҳазрат Алишер Навоий таваллудининг 577 йиллиги вилоятимизда кенг нишонланмоқда.
Яқинда Гулистон шаҳридаги мутафаккир номи билан аталувчи хиёбонга ул буюк зотни суйгувчи инсонлар, шоир шеърияти мухлислари ташриф буюрдилар. Майдондаги маҳобатли Алишер Навоий ҳайкали пойига гуллар қўйиш маросими бўлиб ўтди.
Ушбу маросимда вилоят ҳокимлиги, вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси ҳамда тармоқларнинг туман-шаҳар кенгашлари раислари, республика Ёзувчилар уюшмасининг вилоят бўлими, “Нуроний” жамғармаси”, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди вилоят бўлими вакиллари, Гулистон давлат университети ўқитувчи ва талабалари, вилоят ўрта махсус, касб-ҳунар таълими ва халқ таълими бошқармалари ходимлари, коллежлар ҳамда мактабларнинг ўқувчилари ва жамоатчилик вакиллари Алишер Навоий ҳайкали пойига гуллар қўйиб, таъзим бажо келтирдилар.
Шундан сўнг Навоий шеърияти ихлосмандлари “Ёшлар маркази”га – улуғ мутафаккир таваллудининг 577 йиллигига бағишланган назм ва наво кечасига тўпландилар.
Тадбирни очган республика Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими раҳбари Ҳаётхон Ортиқбоева халқимизнинг буюк шоирга чуқур ҳурмати ва эҳтироми, адабий меросининг бугунги кундаги аҳамияти хусусида тўхталди.
Таниқли навоийшунос олим, халқаро Бобур мукофоти совриндори Ваҳоб Раҳмоновнинг улуғ шоирнинг ижоди, саховатпешалик, меҳр-мурувватлилик борасидаги хислатлари ҳақидаги гаплари барчани ҳаяжонга солди.
Шунингдек, сўзга чиққанлар ўзбек, қолаверса, дунё адабиёти ва маданиятида Навоий ижодининг ўрни ва аҳамияти ҳақида фикр юритдилар.
Кечани “Навоийга таъзим” деб номланган адабий –бадиий дастур давом эттирди.
Саҳнада вилоят мусиқали драма театри актёрлари Иброҳим Қосимов ва Гулнора Муҳамедова ижросида Навоий ва Гули сиймолари гавдаланди.
Хушовоз хонанда Шуҳрат Абдуллаев Навоий ғазали билан айтиладиган “Гулузорим” қўшиғи билан концерт дастурни бошлаб берди.
Шоир ғазаллари асосида яралган мумтоз ашулалар бир-бирига уланди.
Ғазал мулкининг султони ҳазрат Алишер Навоий яратган дурдона асарлар ўзбек халқининг бебаҳо бойлиги бўлиб, халқимизни доимо эзгуликларга чорлаб туради.

Зебо Ҳайдарова

Print Friendly, PDF & Email

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Click to listen highlighted text!