ШОҲ ВА ШОИР ТАВАЛЛУДИГА БАҒИШЛАНДИ
Тадбирни Ўзбекистон Халқ Демократик партияси Гулистон шаҳар Кенгаши ижрочи котиби Сабоҳат Зунунова очди ва олиб борди.
Тадбирда Шоҳ ва шоир ҳаёти, дунёнинг кўплаб тилларига таржима қилинган асарлари, ғазаллари ва рубоийларининг ёш авлодни Ватанга, она юртга садоқат руҳида тарбиялашдаги аҳамияти ҳақида сўз борди.
– Бобур – мумтоз шоир, адабиётшунос, тилшунос, санъатшунос, этнограф, ҳайвонот ва наботот оламининг билимдони сифатида кўпқиррали фаолият ва ижод соҳиби бўлган, – деди шоира Ҳаётхон Ортиқбоева. – Биргина «Бобурнома» унинг йигирмадан ортиқ соҳаларга қизиққанлигига яққол мисолдир.
Бобур халқимизга ноёб лирик асарлар – ғазал ва рубоийлар, шеър санъати ва мусиқага бағишланган рисолалардан иборат бебаҳо мерос қолдирган улуғ зот. Бобур ижодида инсонни комилликка ундовчи фазилатлар, эзгу ғоялар тараннум этилган. Бугунги глобаллашув жараёнида шоир ижодини ёшлар орасида кенгроқ тарғиб этиш уларнинг маънавиятини юксалтиришга, дунёқарашини кенгайтиришга хизмат қилади.
Бобур ижодида ватанпарварлик ғояси етакчи ўрин эгаллайди. Унинг асарлари, лирик шеърлари ва рубоийларида инсон учун Ватандан азиз ва муқаддас, олий неъмат йўқлиги уқтирилади.
Сўзга чиққан вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси масъул ходими Зебо Ҳайдарова Бобур ижодининг жамиятимиз ҳаётидаги аҳамияти ҳақида гапри туриб, кейинги пайтда ёшлар ўртасида чет эллардан кириб келган салбий иллат – гўёки севишганлар “Авлиёси Валентин куни” ёки бўлмасам “севишганлар” кунини нишонлаш, баъзи қўшиқчиларимиз томонидан ушбу кунга бағишлаб концертлар уюштириш, ушбунинг ёшларимиз одоб-ахлоқи ва дунёқарашига салбий таъсири ҳақида гапирди. Ўзимизнинг буюк аждодларимиз туриб, маънавий бузуқ шахс бўлган сохта “авлиё”ларнинг ўйлаб топган байрамлари бизнинг ёшларимизга керак эмас, деди маърузачи ўз сўзида.
Тадбир доирасида ғазалхонлик кечаси ташкил этилди. Унда Бобурнинг турли йилларда чоп этилган асарларидан парчалар, ғазаллари ўқилди. Тадбир сўнгида иштирокчилар маърузачиларга меҳнат жамоалари номидан ўз миннатдорчиликларини билдирдилар.
ВКУТБ маданий-маърифий ва спорт ишлари бўлими