Click to listen highlighted text!

ЧАҚАЛОҚЛАР НАВБАТДА ТУРСА…

Газетанинг 1 феврал сонида чоп этилган “Эҳ, бу навбатлар” номли мақолада кўпчиликнинг кўнглидаги гаплар ёзилган десак, муболаға бўлмайди. Ҳаммамиз навбатда турамиз, ўзимиз ҳам ишхонада кимларнидир навбатга қўйишга мажбур бўламиз. Лекин назаримда, тиббиёт соҳасидаги навбатларни қатъий тартибга солиш лозим. Тиббий текширув деганда кўпчилигимиз камида икки кунни адоқлайдиган ҳолатни кўз олдимизга келтирамиз. Бунга тоқати етмайдиганлар битта қоғозчани ёздириб берадиган уддабуронни излашади. Иш фаолияти турига қараб йилда бир, икки марта ўтиладиган тиббий кўриклар мана шу тартибга солинмаган навбатларни деб аҳамиятини йўқотмаяптимикин?
Яна бир ҳолат ачинарли ва оғриқли. Чақалоқ 1 ойга тўлганида тиббий кўрикдан ўтиши керак. Ҳамма негадир бир кунга чақирилади. Рўйхат қилиб берилган хоналар эшигида навбатини кутган гўдакларнинг, ҳали чилласини сақлолмаган оналарнинг ҳолатини тасаввур қилаверинг. Бунинг устига алоҳида она ва бола хоналари кўпчилик оилавий поликлиникаларда йўқ. Болани овқатлантириш, таглигини алмаштириш каби парваришлар ҳеч кимни безовта қилмаётгани аниқ. Тажрибали оналарку қийналишмас, лекин ёш оналар уялиш, қимтиниш билан боласига қараш учун бирор хонага киришга рухсат ҳам сўролмасалар керак.
Ўзим ҳам шундай ҳолатга тушганман. Кўрикни якунлашимиз учун икки кун вақтимиз кетганди ўшанда. Энг ёмони 1 ёшли болалар ҳам тиббий кўрикдан ўтишга чақирилган экан. Биринчи фарзандим бўлганлиги, тажрибам етарли эмаслиги, саволларим кўплигидан ҳамма шифокорлар кўригидан эринмай ўтганмиз. Лекин ёз чилласига тўғри келганлигидан кўп қийналиб болажонимнинг кечаси ҳарорати кўтарилиб йиғлаб чиққанди.
Нега энди шуни маҳалла, ёки кўчалар гуруҳида чақиришмайди. Ёки патронаж ҳамшира вақтни белгилаб хабар берса бўлади-ку? Қолаверса, тўпланган навбат, чақалоқлар йиғиси ҳам ишлашга ҳалақит қилади. Умид қиламизки, бу масалага жиддий эътибор берилиб, тез кунларда ўзгариш ва яхши ечим бўлади.

Озода МАМАДАЛИЕВА,
“Ishonch” мухбири

Print Friendly, PDF & Email

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Click to listen highlighted text!