ИНСОН МАНФААТЛАРИ ДОИМИЙ ЭЪТИБОРДА
Мамлакатимизда “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили”да бошланган, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини моддий ва маънавий қўллаб-қувватлашни кучайтириш, жамиятда ўзаро ҳамжиҳатлик, меҳр-оқибат, бағрикенглик ва хайр-саҳоват муҳитини янада мустаҳкамлаш мақсадида тизимли ишлар “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили”да ҳам изчил давом этмоқда. Мазкур жараёнда касаба уюшмалари ҳам фаол иштирок этмоқда.
Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 12 сентябрдаги “Аҳолининг кам таъминланган қатламларини қўллаб-қувватлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-3268-сонли Қарори ижроси юзасидан касаба уюшмалари Бирлашмаси томонидан Ишчи гуруҳи тузилиб, вилоятимиз туманларида кам таъминланган оилаларнинг ижтимоий-маиший аҳволи ўрганилди ҳамда уй-жой ва маиший техника билан таъминлаш, яшаш жойларини таъмирлаш, қорамол ажратиш, тиббий хизмат борасида амалий ёрдамга муҳтож оилалар аниқланди.
Мазкур тоифадаги оилалар рўйхати маҳаллий ҳокимликлар томонидан тасдиқланиб, 2017 ва 2018 йилларда аҳолининг кам таъминланган тоифаларига беғараз ёрдам кўрсатиш бўйича ҳудудий манзилли дастурлар ишлаб чиқилди. Бугунги кунда мазкур дастурларга мувофиқ вилоят бўйича 154 та оилага манзилли ёрдам кўрсатиш, хусусан, 22 та оилани уй-жой билан таъминлаш, 1221та оилага маиший техника жиҳозлари олиб бериш, 66 та оиланинг тиббий ёрдамга муҳтож аъзолари саломатлигини тиклаш бўйича амалий ёрдам кўрсатиш ишлари амалга оширилмоқда. Шу эзгу ишлар асносида ҳар бир туман ва шаҳардан 10 нафардан кам таъминланган ва оиласида ногиронлиги бўлган аъзоси бор хонадонлар жорий таъмирдан чиқариб берилди. 2017 йил декабрида бошланган таъмирлаш ишлари 2018 йил январининг охирида поёнига етмоқда.
Инсон учун энг олий неъмат – бу ёруғ дунёни кўриш. Ховос туманилик Марҳамат опа Тўйчиева мана бир неча йилки кўз глаукомаси туфайли ўнг кўзи кўрмай қолган эди. Президентимизнинг “Аҳолининг кам таъминланган қатламларини қўллаб-қувватлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-3268-сонли Қарори ижроси юзасидан олиб борилаётган эзгу ишлар уни ҳам четлаб ўтмади. Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясидан ажратилган мақсадли маблағ вилоят кўз касалликлари диспансерига ўтказиб берилди ва шу кунларда Марҳамат опанинг ўнг кўзига Ҳиндистондан келтирилган кўз гавҳари қўйилди. Шифокор Комилжон Холйигитовнинг айтишича, бу операция қиммат ва анча нозик, ҳомийлик маблағи туфайли операция яхши ўтди ва Марҳамат опа йўқотилган кўз нурини қайта тиклаб олди.
– Етти-саккиз йилдирки, бир кўзим кўрмай қолган эди, жарроҳлик амалиётидан сўнг дунёни янада ёрқинроқ кўра бошладим, бугун газета ҳам ўқиб кўрдим. Президентимизга, ва унинг Фармонини оғишмай ижро этаётган ҳаммага мингдан минг раҳмат, -дейди Марҳамат Тўйчиева.
Шунингдек, Сирдарё вилояти туманларида уй-жой ва маиший шароитини яхшилашга муҳтож бўлган, боқувчисини йўқотган, ногирон оила аъзоларини парваришлаётган эҳтиёжманд оилаларни уй-жой билан таъминлаш, яшаш жойларини таъмирлаш, касалманд оила аъзолари саломатлигини тиклаш бўйича амалий ёрдам кўрсатиш ишлари кенг кўламда олиб борилмоқда. Ушбу тадбирлар доирасида касаба уюшмалари вакиллари эҳтиёжманд оилалар хонадонларига бориб, уларга саломатлигини мустаҳкамлаши учун махсус сертификатлар, дори-дармон воситалари, турмуш даражасини ошириш мақсадида маиший техника жиҳозларини топширмоқдалар.
Сирдарё тумани Пахтакор маҳалласидаги “Нурли тонг” кўчаси, 31-уйда истиқомат қилувчи ёлғиз кекса, 82 ёшли Жевиде Ибрагимованинг уйи ҳам томи тўкилиб қолган, дераза ромлари ва эшиклар чириб кетган эди. Кўрсатилган беғараз ҳомийлик ёрдамидан онахоннинг боши осмонда.
– Бошим ерга теккунча таъзимдаман ўзбек халқига, – дейди Жевиде она. –Тақдир экан, ўғлим ва қизим оламдан ўтиб кетишди. Тошкент шаҳрида биргина синглим қолган. Ҳар замонда бир келиб хабар олади. Олисдаги қариндошдан яқиндаги қўшни яхши, деганларидек, қўни-қўшни, маҳалла, турди ташкилотлар ҳамиша ҳолимдан хабар олиб туришади. Президентимиз ташаббуси билан биздек ёлғиз кексаларга ҳам шундай ҳомийлик кўрсатилиб, уйимни таъмирлаб беришганидан жуда хурсандман. Ёмғир ёғса, юрагим зириллар эди. Чакка ўтиб, ҳамма ёқ шалаббо бўлиб кетар, уй ичини зах ҳиди босарди. Яратганга минг шукур, ўзбек заминида ҳамиша яхшилар, яхшиликлар аримаган. Ҳаммани дуо қиламан, Президентимиз, барча-барчани Аллоҳ ўзи қўлласин, ёмон кўзлардан асрасин!
Ижодий гуруҳимиз шу куни Сайхунобод туманида ҳам бўлиб, Иттифоқ маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи 1-гуруҳ ногирони Абдували Баротовнинг хонадонида бўлиб, унинг аҳволи билан танишди. Абдували ака болаликдан ногирон, оёқ-қўли фалаж, бир жойда ётади, аммо, теран фикрлаши бизни ҳайратда қолдирди. У киши ҳам давлат даражасида қаратилаётган эътибордан мамнун.
– Биз каби эътиборга муҳтож инсонларга кўрсатилаётган ғамхўрлик ва эътибор учун Президентимизга мингдан-минг раҳматлар айтаман. Давлатимиз раҳбарининг бизга кўрсатаётган эътиборидан кўнглим тоғдек юксалди. Янги йил арафасида менга Президент совғаси –газ плита олиб келиб топширишди. Доимо эътиборда эканимизни ҳис қилдим, барча-барчага минг бор ташаккур, – дея самимий миннатдорчилик билдирди у.
Дарҳақиқат, Президентимиз ташаббуслари билан бугун мамлакат миқёсида аҳолининг ижтимоий ҳимояталаб қатламларига кўрсатилаётган юксак эътибор ва унинг амалий натижасидан оддий одамлар, чекка ҳудудларда истиқомат қилаётган оилалар амалда баҳраманд бўлмоқдалар.
Мамлакат касаба уюшмалари ҳам мазкур жараёнда фаол иштирок этиб, кўрсатилаётган амалий ёрдамларнинг энг чекка қишлоқ ва туманларда яшаётган ижтимоий ҳимояталаб оилаларга манзилли етказилишини таъминламоқдалар. Бу тоифадаги оилаларнинг эҳтиёжларидан келиб чиқиб, ижтимоий-маиший турмуш шароитлари сифатини ошириш, давлатимиз раҳбари таъкидлаганларидек уларнинг эртага эмас, бугун яхши яшашини таъминлаш ишларига муносиб ҳисса қўшмоқдалар.
Эзгуликка йўғрилган мазкур тадбирлар жамиятимизда меҳр-оқибат, одамийлик, эзгулик каби фазилатларни янада кучайтириши билан бирга барчани савоб ишлар сари ундамоқда. Хайрли ишлар йил бўйи давом этади.
Зебо Ҳайдарова