Click to listen highlighted text!

САВОБЛИ ИШЛАР БАРДАВОМ

Мамлакатимизда давлатимиз раҳбари ташаббуслари билан аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш, жамиятда ўзаро ҳамжиҳатлик, меҳр-оқибат, бағрикенглик муҳитини янада мустаҳкамлаш борасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 12 сентябрдаги “Аҳолининг кам таъминланган қатламларини қўллаб – қувватлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Қарори мамлакат миқёсида кам таъминланган, боқувчисини йўқотган оилалар, эҳтиёжманд, жисмоний имконияти чекланган инсонларни манзилли қўллаб – қувватлаш, ижтимоий – иқтисодий манфаатларини таъминлаш имконини бермоқда.
Мазкур Қарор ижроси юзасидан Касаба уюшмалари Федерацияси томонидан Республикамизнинг барча ҳудудларида кам таъминланган оилаларнинг ижтимоий – маиший аҳволи ўрганилди. Ўрганиш натижаларига кўра уй-жойга, маиший техника жиҳозларига эҳтиёжи бор, яшаш жойларини таъмирлаш, тиббий хизмат борасида амалий ёрдамга муҳтож оилалар аниқланиб, аҳолига беғараз ёрдам кўрсатиш бўйича ҳудудий манзилли дастурлар ишлаб чиқилди.
Айни кунда оилалар ижтимоий-иқтисодий аҳволини яхшилаш борасидаги ишлар давом эттирилмоқда. Хусусан, Сирдарё вилоятида ҳам қатор тадбирлар тизимли равишда амалга оширилаётир.
Шу кунга қадар вилоятдаги маиший техникага эҳтиёжи бўлган 770 нафар оилага газ плитаси ҳамда газ баллонлари ҳарид қилиниб, тарқатилди. Кам таъминланган, тиббий хизматга мухтожлиги бўлган 66 нафар фуқарога тиббий хизмат кўрсатиш ва дори-дормон харид қилиш учун пул маблағлари ўтказилди. Шунингдек, уй-жой таъмирига муҳтож бўлган 275 нафар фуқаро учун уй-жойни таъмирлаш ва қурилиш товарларини харид қилишга, уй-жойга муҳтож бўлган 57 нафар фуқарога уй-жой харид қилинди.

ҲАЯЖОНДАН УЙҚУ КЕЛМАДИ

Янгиер шаҳрилик Бердимурод Шомамедов ҳали қирқ ёшни “урмаган” йигит ёшида. Бироқ тақдир синовлари уни эрта сийлаган. Болаликдан гапира олмай, II гуруҳ ногирони ҳисобланади. Турмуш ўртоғи Шоирахон ҳам ўзи билан қисматдош. Ҳунармандга шогирд тушиб, паябзал таъмирлашни ўрганиб олгач рўзроғини ўз кучи билан тебратиб келди. Икки қиз ва икки ўғил фарзандлар дунёга келишгач рўзғори катталашди. Бу орада ака – укалар оилали бўлиб, ҳеч бири алоҳида уй олиш қобилиятига эга бўлмади. Шу боисдан битта ҳовлида кўп хўжалик бўлиб яшаш оқибатида муносиб шароитга эга бўлишмади.
– Шундай пайтда вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмасидан вакиллар келиб ахволимни ўрганишди. “Уй – жой олиб бериш учун дастурга киритилдингиз” дейишса, ишонмагандим, – дейди уй соҳиби Бердимурод Шомамедов. – Уйни излаш, харидорни кўндириш, тозалаб пардоз бериш, кўчиб ўтиб жойлашиш каби барча хизматларни бизни безовта қилмай қатор ташкилот вакиллари ўзлари бажаришди. Барча юмушлар ниҳоясига етказилгач, номимга расмийлаштирилган уй ҳужжатларини тутишди. Турмуш ўртоғим билан шу куни ухлай олмадик. Биринчи марта ҳотиржам бўлдик.
Янгиер шаҳар марказида жойлашган уч хонали хонадонда барча шароитлар муҳайё дейиш мумкин. Хонадоннинг иситиш тизими, ювиниш хонаси мавжудлиги, айниқса, мактаб, касалхона каби муассасаларнинг яқинлиги оила учун асқотадиган бўлди.
Оиланинг ҳаётида янги саҳифалар очилишни бошлади. Бу саҳифалар сермазмун ва ёқимли лаҳзаларга бой бўлишини тилаймиз.

РЎЗҒОРИМГА БАРАКА ИНДИ

Янгиерлик Озода Норқулова турмуш зарбалари сабаб саломатлигини йўқотган. Ота – онаси қўшни Тожикистон республикасига узатишганда бир олам орзулар қилди. Кетма – кет икки нафар ўғил фарзандлар дунёга келишганда ўзини энг бахтли аёл ҳисоблаган эди. Бироқ турмуши бузилиб ота – она уйига қайтиб келишга мажбур бўлди. Шу кунгача ўзи ва фарзандлари мавсумий ишлаш ортидан рўзғор юритмоқда. Тежамкорлик билан олган 1 хонали уйини ҳам бой бериб қўйди.
– Ўша вақтда нарх – наво кўтарилиб, маблағимизга уй ололмадик. Кутиш билан фақат пул йўқотганимиз қолди. Бунинг устига даволаниш, ижара пули тўлаш кабилардан ортиб фарзандларимни рўзғорли қила олмадим, – дейди Озода Норқулова оиласи, сўнгги пайтда туман “Сув оқова” корхонаси ҳудуди биносида яшаб келаётган эди.
Президент ташаббуси билан оила Янгиер шаҳар марказидаги 3 хонали уй соҳиби бўлишди.
– – Давлатимиз раҳбарига минг ташаккур. Ҳеч кимдан топмаган меҳрни Президентимиздан кўрдим, – дейди Озода Норқулова. – Қачондир бошпанам бўлади деган орзу ҳам қилгим келмасди. Сабаби ушалишига ишончим йўқ эди. Ижарада турганнинг топгани йиғилмайди экан. Минг шукур, уй соҳиби бўлдик. Энди топганимизга барака бериб фарзандларимга уй олишни ният қиляпмиз.

ОРЗУДАГИ УЙ СОҲИБИ БЎЛДИМ

Ховос туманилик Қаноат Ғанижонова турмуши бузилгач 3 нафар вояга етмаган фарзанди билан ёлғиз қолиб кетди. Ўзи ва икки нафар фарзанди сил касаллиги билан оғриб, доимий шифохона рўйхатиги олинган. Аввалига қариндошлариникида яшаб юрган оила сўнгги пайтда туман собиқ “Сув оқова” корхонаси биносида яшаб келаётган эди.
– Бошимдан нималар ўтмади, ижарама ижара сарсон бўлдим. Беморлик туфайли қариндошларим билан ҳам кўп қололмадим. Касаллик учун алоҳида парвариш кераклигини шифокорлар доим тайинлашига қарамай, фарзандларим учун бу шароитни беролмас эдим, – дейди Қаноатхон кўзларида ёш билан.
Туман марказидаги 3 хонали уй соҳибига айланган оилани йўқлаб, маҳалла кўй, қўни – қўшнилар чиқишди.

ЮРТПАРВАР ФАРЗАНД БЎЛИШСИН!

Оқолтин туманилик Одилжон Қаҳоров 72 ёшида ҳаётнинг турли синовларига чидаб, курашиб яшаб келмоқда. Асли Андижон вилоятининг Балиқчи туманидан келиб фермер хўжалигида турли вазифаларни бажариб келмоқда. Шу ёшида фарзандлар ардоғига муносиб бўлган отанинг ўзи қарамоғидаги ногирон ўғлини парваришлаб келмоқда. Турмушга бўлмаган қизи ва набираси биргаликда дала шийпонида яшаб келишарди.
– Мавсумий иш ортидан келган даромадга рўзроғимизни тебратамиз, холос, – дейди қизи Ферузахон. – Давлатимиз кўрсатган ғамхўрлик учун фарзандимни муносиб авлод қилиб тарбиялашга ваъда бераман. Илоҳим, ватанимиз хизматини қиладиган юртпарвар бўлиб улғайсин.

Озода МАМАДАЛИЕВА,
“Ishonch” мухбири

Print Friendly, PDF & Email
Click to listen highlighted text!