Click to listen highlighted text!

МАКТАБ КУТУБХОНАСИГА МИНГ ДОНА КИТОБ

         Боёвут тумани 4 – умумтаълим мактабида “Беш устувор ташаббус – маънавий етук баркамол шахс кафолати” мавзусида кўргазмали тўгараклар феcтивали бўлиб ўтди. Мўжазгина мактаб ҳовлисида тўгарак аъзоларининг фаоллиги акс этган кўргазмалар ташкил этилди. Иқтидорли ўқувчиларнинг бадиий чиқишлари мактаб жамоаси меҳнатининг ўзига хос намойиши бўлди.
Шу куни “Мен ўқиган мактабимга китоб совға қиламан” шиори остида Филология фанлари доктори, Профессор, адабиёт дарсликлари муаллифи Қозоқбой Йўлдошев мактаб кутубхонасига минг дона китоблар жамланмасини тухфа этди.
Эътиборлиси, ушбу китоблар олимнинг кўп йиллар давомида ўз шахсий кутубхонасига тўплаган хазинасидан сараланган.
– Мактабимиз бугун ўзининг фахрли ўқувчисига яна бир бор мезбонлик қилмоқда, – дейди 4 – умумтаълим мактаб директори Умрзоқ Шералиев. – Устознинг ушбу таълим масканида таҳсил олганликлари доимо бизни фахрлантиради. Ўқувчи ҳамда ўқитувчилар билан учрашув, суҳбатлар ташкил этиш мактабимизда анъанага айланган. Қўлда китоб ушлаб меҳнат қилган олимнинг болалиги доим бизга ўрнак бўлган. Бугун бу сабоқни фарзандларимизга, ўқувчиларимизга такрорлаб келмоқдамиз. Шу маънода бугунги суҳбатлар, мутолаа қилган, ижод қилган китоблари жамланмаси мактабимиз жамоаси, ўқувчилари учун унутилмас воқеа бўлди.
Учрашув давомида олимлар Умрзоқ Ўлжабоев, Нодира Офоқова, шоирлар Абдунаби Бойқўзи, Ҳаёт Шодмон, Абдулла Вахшуворий ҳамда туман халқ таълими муассасалари фаолиятини методик таъминлаш ва ташкил этиш бўлими мудири Эркин Қўлдошевлар сўзга чиқишди.
Шунингдек, Қ.Йўлдошевнинг устоз ва шогирдлари, синфдошлари иштирок этишди.
– Қозоқбой Йўлдошев билан мактабда, олий таълимда сабоқдош бўлганман. Қолаверса, касаба уюшмаси тизимида қарийб ўн йил бирга меҳнат қилганмиз, – дейди вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси раиси ўринбосари Қаршибой Эшназаров. – Яқинда нашр қилинган навбатдаги “Сўз ёлқини” номли китоблар жамланмасини вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашма кутубхонаси учун тухфа этди. Ушбу китоблар кутубхона фондини янада қимматли қилди.

Озода МАМАДАЛИЕВА,
“Ishonch” мухбири

Print Friendly, PDF & Email
Click to listen highlighted text!