Click to listen highlighted text!

ҲАЁТ БИЛАН ҲАЗИЛЛАШИБ БЎЛМАЙДИ

           Сирдарё вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси фаоллар залида 28 – апрел “Бутунжаҳон меҳнатни муҳофаза қилиш куни” муносабати билан тадбир ташкил этилди. “Хавфсизлик, саломатлик ва келажакдаги меҳнат” шиори остида ўтказилган тадбирда вилоят касаба уюшмаси фаоллари, ҳамкор ташкилот ва меҳнат муҳофазаси мутахассислари иштирок этишди. Таъкидланганидек, меҳнат муҳофазасига йўналтирилган маблағ харажат эмас, балки келажак учун инвестициядир. Тадбирнинг бош мақсади меҳнат жараёнларида банд бўлган кишиларни хавфсизлик техникаси қоидалари, маданияти ва меҳнат гигиенасига амал қилишга эришишдир. Шу билан бирга ижтимоий шериклик асосида муаммоларни ўрганган ҳолда ечимини ҳамкорликда бартараф этишни асосий мақсад қилди.
– Барча турдаги бахтсиз ҳодисалар олдини олишга иш берувчи ва ходимлар эътиборини кучайтириш мақсадида ушбу ўқув семинари бўлиб ўтмоқда, – дейди вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси бўлим бошлиғи Бозорбой Исматов. – Меҳнат муҳофазаси масаласига қўйилган талаблар бажарилиши ҳар бир ходим, барча иш берувчи ва мамлакатга бирдек наф келтиради. Вилоят касаба уюшмасига аъзо ташкилотларда иш берувчи ҳамда уларнинг бошланғич касаба уюшма қўмиталари ўртасида тузилган жамоа шартномаларида меҳнатни муҳофаза қилиш бўлимларида қатор бандлар киритилган. Энг муҳими, ушбу бандлар бажарилиши ҳисобига 2018 йилда 116 минг нафардан ортиқ ишчи- ходимларга қулай, хавфсиз иш жойлари, иш берувчининг фуқаролик жавобгарликларини суғурта қилиш, иш жойларини шаҳодатдан ўтказиш каби муҳим тадбирлар амалга оширилди.
Тадбир давомида меҳнат муҳофазаси бўйича жамоат назоратини энг яхши ташкил этиш юзасидан Республика кўрик – танловининг вилоят босқичи ғолиблари тақдирланди.
Ҳаёт билан ҳазиллашиб бўлмайди, – дейди Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий – амалий тиббиёт маркази вилоят филиали бошланғич касаба уюшма раиси Нуриддин Қурбонов. – Муассасамизда ходимлар саломатлиги, уларнинг меҳнат шароитлари талабларини бажаришга юқори эътибор қаратиб келмоқдамиз.
Семинарнинг амалий қисмида иштирокчилар икки гуруҳга ажралган ҳолда “Гулистон экстрактёғ”АЖ ва “Фортуна текстил” МЧЖ ишлаб чиқариш корхонасида ташкил этилган муносиб меҳнат жараёни билан танишдилар.
Семинар ишида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси бўлим мудири Маҳмуджон Исаев ҳамда Ўзбекистон таълим, фан ва маданият ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши раис ўринбосари Махмуджон Бобоёров мавзу юзасидан сўзга чиқди.

Озода МАМАДАЛИЕВА,
“Ishonch”

Print Friendly, PDF & Email
Click to listen highlighted text!