ЧАҚАЛОҒИ БИЛАН ИШ БОШЛАДИ
Яқинда дугонам тўрт ойлик фарзандини қайнонасига ташлаб ишга чиқиб кетибди. Мутахассислиги ўқитувчи бўлганлиги учун янги ўқув йилини кутмабсизда десам, эски йилда иш бошлаб олишга мажбур бўлдим. 2018 йилдан бола 3 ёшга тўлмагунча ишга қайтиб бўлмас эмиш дейди.
Тушундимки, дугонам Вазирлар Маҳкамасининг «Мактабгача таълим муассасалари фаолиятини такомиллаштириш тўғрисида»ги қарори, ва эндиликда МТМлар уч ёшдан қабул қилиши ҳақидаги хабардан нотўғри хулосага келган. Аслида меҳнат муносабатларига оид ҳеч қандай ўзгариш бўлгани йўқ.
Қонун нима дейди?
Қонунларимизда, албатта, фарзанд дунёга келтиришда, унинг парваришида бўлган аёлларга нисбатан меҳнат соҳасида бир қанча имтиёзлар берган. Меҳнат кодексининг 234 – моддасида ҳомиладорлик ва туғиш таътили тугаганидан кейин аёлнинг хоҳишига кўра, унга боласи икки ёшга тўлгунга қадар болани парваришлаш учун таътил берилиб, бу даврда қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда нафақа тўланиши назарда тутилган. Шунингдек, шу модданинг бошқа бандларига кўра болани парваришлаш учун бериладиган таътиллардан боланинг отаси, бувиси, буваси ёки болани амалда парваришлаётган бошқа қариндошлари ҳам тўлиқ ёки уни қисмларга бўлиб фойдаланишлари мумкин. Нафақа тайинлаш “Кам таъминланган оилаларга ижтимоий нафақалар тайинлаш ва тўлаш тартиби туғрисида”ги низомга асосан амалга оширилади.
Болани парваришлаш таътиллари даврида аёлнинг иш жойи сақланади.
Шунга асосан, дугонам ўз хоҳишига кўра ҳомиладорлик ва туғиш таътили тугагач, бола парвариши учун таътил олиши мумкин, иш берувчи бундай таътилни беришга мажбур. Худди шунингдек, истаган пайтда ишга тушиши, таътилдан қайтиши мумкин, иш берувчи унинг иш ўрнига кимни ишга олган бўлишидан қатъи назар, унга иш жойини бўшатиб бериши шарт.
Чунки бу иш ўрни шу аёлга тегишли бўлган ва у билан ҳали меҳнат муносабатлари давом этиб келмоқда. Туғилган фарзанднинг ёши аҳамиятга эга эмас. Аёлга бола парвариши учун таътил олиш – бу ҳуқуқ, мажбурият эмас. Истаган пайти бу ҳуқуқидан фойдаланишни тўхтатиши мумкин.
Ишга қайтиб тўғри қилдимми?
Ҳамкасбим фарзандлари нимжонлиги кўп касал бўлишидан доим сиқилиб юради. Чақалоғимнинг чилласида ишга чиқишга мажбур бўлганман. Сунъий озуқалардан фойдаланганим сабаблими, ҳалиям чиниқишмаган дейди. Энг ачингани фарзандлари қандай улғайишганини билмай қолганида.
Бола ривожланиш босқичларининг ҳар бири, айниқса, гўдаклик даври муҳим ҳисобланади. Чунки алоҳида эътибор, парвариш, ғамхўрлик талаб қилади. Она қўлларига, тафтига муҳтожлик сезади. Лекин, бу даврни кўпчилик оналар бой бериб қўйишмаяптимикин? Кимдур мажбурликдан, бошқаси ҳамкасбларидан ортда қолиб муваффақиятни бой беришдан чўчибми ишни танлайди. Яна баъзилар оналик захматидан қочиб энага қўлига топширадию, ўзи аввалгидек ишига қатнайди. Хаёлида ҳамма нарсага улгурадиган замонавий аёлга айланади. Аслидачи? Таътил она учун ҳам зарурий ҳолат ҳисобланади. Организм заифлашган пайт бўлганлиги учун ҳам “барчасига улгураман” деб адашамиз. Оқибатда, ишни ҳам, оила вазифаларини ҳам бажара олмай бақироқ аёлга айланиб қолиш мумкин. Ҳар ким билан муносабатларни авайлаш энг муҳими ҳисобланади. Айтилганидек, “ҳар ишнинг ўз вақти бор”. Қолаверса, ниҳол қаерда парвариш олса, ўша муҳитга мослашганидек, аржумандимиз ким тарбия қилса, унинг одатларини ўзига сингдириб бораверади. Кейин фарзандим мени тушунмайди деб ҳайрон қолиш керак эмас.
Пайқаган бўлсак, гўдаклар тез улғаяди ва бу давр асло қайтиб келмайди. Уларнинг ҳаётни англашдек муҳим палласида ёнида, бирга бўлайлик. Уларга шахсан кўмаклашайлик. Фарзандингиз фақат сизга талпинишини ҳали соғинасиз. Бу ширин паллани имконингиз бўлса, асло бошқалар билан бўлишманг.
Озода МАМАДАЛИЕВА,
“Ishonch” мухбири</ce