ЭЗГУЛИККА ЙЎҒРИЛГАН ТАДБИР
Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Аҳолининг кам таъминланган қатламларини қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 2017 йил 12 сентябрдаги ПҚ-3268 сонли қарорига мувофиқ мамлакатимизда аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш, жамиятда ўзаро ҳамжиҳатлик, меҳр-оқибат, бағрикенглик ва хайр-саховат муҳитини янада мустаҳкамлаш борасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда.
Мазкур Қарор ижроси юзасидан Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан Сирдарё вилоятидаги кам таъминланган, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар аниқланиб, уларнинг ижтимоий-иқтисодий аҳволини ҳамда маиший шароитларини яхшилаш бўйича режали ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, бугунгача вилоят бўйича 66 нафар эҳтиёжманд фуқарога саломатлигини тиклаши учун қарийб 152 млн. 550 минг сўмлик моддий ёрдам кўрсатилди. 1221 та эҳтиёжманд оила 610 млн 338 минг сўмлик кундалик турмушда зарур бўлган маиший техника жиҳозлари – кир ювиш машиналари, газ плиталари, чангютгич ва кичик печлар билан таъминланди. 1097 та оиланинг уй-жойларини таъмирлаш учун эса 985 млн 902 минг сўмдан зиёд маблағ йўналтирилди.
Бугунга кунда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерация мутасаддилари томонидан вилоятнинг олис, чекка қишлоқлари, айниқса табиий газ етиб бормаган ҳудудларида истиқомат қилувчи кам таъминланган оилаларни табиий газ баллонлари ва замонавий газ плиталари билан таъминлаш бўйича режа-тақсимот жадвали ишлаб чиқилди. Унга мувофиқ вилоятдаги 376 та оилага 611 млн 564 минг газ плиталари ҳамда газ баллонлари билан таъминланди.
Ана шундай тадбирлардан бири Сирдарё вилоятининг Ховос туманидаги “Ўзбекистон тўкинчилиги” маҳалласида ташкил этилди. Тантанавор тус олган тадбирда мазкур ҳудудларнинг олис қишлоқларида истиқомат қилаётган эҳтиёжманд инсонларга замонавий газ плиталари билан бирга табиий газ баллонлари топширилди. Давлатимиз томонидан кўрсатилаётган бундай эътибордан ижтимоий кўмакка муҳтож инсонларнинг кўнгиллари тоғдек кўтарилиб, мамлакатимизнинг ҳар бир фуқароси давлатимиз эътиборида эканлигини чуқур ҳис этдилар.
Турмуш ўртоғим Темир Абдувалиев анчадан буён касал бўлиб, тўшакка михланиб қолгандилар, касал одам инжиқ бўлади, тез-тез иссиқ чой, оғзига хуш ёқадиган таомлар пишириб бериш керак бўлади, – дейди тадбир иштирокчиси Эргашой Холмуродова. – Рўзғорим учун жуда керакли жиҳозни совға қилган Президентимизга мингдан минг раҳмат!
Совға олган Рўзигул Жўраева ва Барчиной Ойбековалар ҳам кўзларида қувонч ёши билан барчани дуо қилдилар. Барчиной Ойбекованинг уйида ҳам бўлдик. Кичкинагина, дераза ромлари клеенка билан қопланган уйда Барчиной 5 нафар фарзанди билан истиқомат қилади. Сув йўқлиги туфайли томорқасида ҳам ҳеч нарса ўсмас экан.
– Турмуш ўртоғим ҳам мавсумий ишлар билан шуғулланар эдилар, – дейди Барчиной кўз ёшларини тутолмай. – Ўтган йилда жигар саратонидан вафот этдилар. Қизларим ва ўғлимни боқиб, тарбиялашдек масъулиятли вазифа гарданимда, бизни ҳар тарафлама қўллаб-қувватлаётган давлатимиз раҳбарига, ҳомий ташкилотларга ўз миннатдорчилигимни билдираман. Илоҳим, дунё тургунча турсинлар!
Туманнинг энг чекка қишлоқларидан бири –Шарқобод маҳалласида истиқомат қилувчи Сайёра ва Жаҳонгир Холиқуловларнинг 4 нафар фарзанди бор. Оила бошлиғи мавсумий ишларда ишлайди, янги кўчиб чиқишган хонадонни ўтин ва кўмир билан иситишади. Хонадон бекасининг Президентимизнинг совғасидан боши осмонда. Ёш оила ҳаракат қилиб оёққа туриб олиш, қўлларидан келгунча халққа хизмат қилиш каби ниятлари билан ўртоқлашишди.
Алоҳида таъкидлаш зарурки, Президентимиз ташаббуслари билан бугун мамлакат миқёсида аҳолининг ижтимоий ҳимояталаб қатламларига кўрсатилаётган юксак эътибор ва унинг амалий натижасидан бугун оддий одамлар, чекка ҳудудларда истиқомат қилаётган оилалар амалда баҳраманд бўлмоқдалар.
– Касаба уюшмалари Федерацияси мутасаддилари кўрсатилаётган амалий ёрдамларнинг энг чекка қишлоқ ва туманларда яшаётган ижтимоий ҳимояталаб оилаларга манзилли етказилишини таъминламоқдалар. Бу орқали кам таъминланган, боқувчисини йўқотган оилалар, жисмоний имконияти чекланган инсонларнинг эҳтиёжларидан келиб чиқиб, ижтимоий-маиший турмуш шароитларини яхшилаш, давлатимиз раҳбари таъкидлаганларидек уларнинг эртага эмас, бугун яхши яшашини таъминлаш ишларига муносиб ҳисса қўшмоқдалар – дейди Истеъмол товарлари ишлаб чиқариш ва савдо ходимлари касаба уюшмасининг вилоятдаги масъул ташкилотчиси Эргаш Бўриев.
Касаба уюшмалари иштирокида бундай эзгу тадбирлар “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб қувватлаш йили” давомида доимий ўтказилади.
Зебо Ҳайдарова